ЎзМТДП гуруҳи ташаббуси билан масъуллар ҳисоботи тингланди

0
8

Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси гуруҳи ташаббуси билан вилоятдаги қатор мутасадди мансабдорларнинг вояга етмаган ёшлар таълим-тарбияси, аҳоли саломатлигини таъминлаш, туризмни ривожлантириш ва маданий мерос объектларини муҳофаза этишга қаратилган қонун ва қарорлар ижроси борасида бажарилган ишлари юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Боланинг  бегонаси бўлмайди

Дастлаб Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Рустамжон Дўсматовнинг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Респуб­ликаси қонуни ижросини таъминлаш юзасидан ҳисоботи тингланди.

Ҳисоботда қайд этилганидек, 2018 йилнинг ўтган 5 ойи якунларига кўра, вояга етмаган шахслар содир этган жиноятлар биттага (35 тадан 34 тага) камайган. Наманган, Мингбулоқ ва Тўрақўрғон туманларида ижобий натижага эришилган. Аммо Наманган шаҳри, Чуст ва Норин туманларида жиноятлар сони ўсишига йўл қўйилган.

Содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларда иштирок этган 44 ўсмирнинг қилмиши таълим муассасаси ҳамда яшаётган маҳалла фуқаролар йиғинида вояга етмаганлар ва уларнинг ота-оналари, устоз-мураббийлари, фаоллар иштирокида муҳокама қилинди. Болаларнинг жиноят кўчасига қайта кирмаслиги борасида тегишли тушунтириш ишлари олиб борилди.

Аҳоли бирламчи тиббий
хизматдан розими?

Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича эшитув ҳам қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, элимиз саломатлигини таъминлаш, сифатли тиббий хизмат кўрсатишда бирламчи тизим алоҳида ўрин тутади. Айни шу мақсадда вилоятдаги жами 211 қишлоқ врачлик пункти негизида кундузги стационари мавжуд 62 қиш­лоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилди.

Қисқартирилаётган ҚВПлар ўрнида янги 27 тез тиббий ёрдам шохобчаси очилди, фаолияти тугатилган 34 тасининг биноси шифокорлар учун уй-жой сифатида фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, бирламчи тизимда эришилган ютуқлар, амалий ишлар билан бирга ечимини кутаётган муаммолар, бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар ҳам талайгина эканлиги алоҳида қайд этилди. Маълумки, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ҳар чоракда бир марта халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига, қиш­лоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиника бош врачлари эса ҳар ойда бир бор маҳалла фуқаролар йиғинлари олдида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисобот бериши лозим. Аммо ушбу белгиланган вазифалар аксарият ҳудудларда тегишли мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги сабабли тўлақонли ижро этилмаган.

Маданий мерос объектлари
қай аҳволда?

Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни талаб даражасида деб бўлмайди. Мазкур йўналишда ҳали ечимини кутаётган муаммолар талайгина.

Минтақалараро маданий мерос объект­ларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекциясининг вилоят вакили Муҳаммаджон Қодировнинг ҳисоботида айтилишича, Наманган вилоятида 273 моддий маданий мерос объекти мавжуд, уларнинг 151 таси археология ва 99 таси архитектура ёдгорликлари, 15 таси зиёратгоҳ, 8 таси монументал ҳайкалдан иборат. Ҳар йили ушбу объектларни муҳофаза қилишга Давлат бюджети ва ҳомийлик маблағлари ажратилиб, алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2015 йили Поп тумани Чодак қиш­лоғида жойлашган XVIII асрга оид Саид Жалолхўжа жомеъ масжидини қайта тиклаш ишлари амалга оширилди. 2016 йилда Наманган шаҳридаги Отауллахон жомеъ масжиди ўрнида санъат галереяси барпо қилинди. 2017 йилда Наманган шаҳридаги Мулла Қирғиз мадрасаси, Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қароний ёдгорлиги ва Чустдаги Мавлоно Лутфуллоҳ хиёбонида бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бажарилди.

Шунга қарамай мазкур йўналишда ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар етарли. Мавжуд маданий мерос объектларининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган. Буни партия фаоллари ва маҳаллий Кенгашлардаги ЎзМТДП гуруҳлари томонидан олиб борилган ўрганиш­лар натижалари ҳам яққол кўрсатиб берди. Қолаверса, айни кезда эътибор қаратилиши зарур бўлган муқаддас қадамжоларимиз ҳам борки, бунга мутасаддилар жиддий аҳамият қаратишлари тақозо этилади.

Йиғилишда депутатлар тақдим этилган ҳисоботни муҳокама қилар экан, айни масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, ўз фикр-­мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар.

Наманганда туризм
инфратузилмаси  кенгаяди

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Хуршид Абдумаликовнинг соҳада амалга оширилаётган ишлар юзасидан берган ахбороти ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Қайд этилганидек, вилоятга сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида 2018 йилда 6 меҳмонхона бунёд этиш бўйича дастур ишлаб чиқилиб, ҳозирда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Яқин йилларда вилоятда жами 23 янги меҳмонхона барпо этиш ва натижада 560 янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Бироқ, айни пайт­да вилоятда атиги 5 турис­тик фирма фаолият олиб бораётганини қандай изоҳлаш мумкин? Туризмни ривож­лантиришни ўз олдига мақсад қилган тадбиркорлик субъектлари сонини ошириш, бу борада Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят бошқармаси, тижорат банклари, маҳаллий ҳокимликлар ўзаро ҳамкорликда тегишли чора-тадбирларни кўриши лозим.

— Косонсой, Поп, Янгиқўрғон, Чуст, Чортоқ, Тўрақўрғон туманлари ҳамда Наманган шаҳрида ривожланиб бораётган экотуризм, агротуризм, соғломлаштириш, гастрономик, спорт, маданий туризм йўналишларини янада кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқилган 24 лойиҳани 2018 йилда тўлиқ ишга тушириш ва янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилган, — деб таъкидлади Хуршид Абдумаликов.

Наманган шаҳрида барпо қилинаётган “Афсона” замонавий боғи вилоятнинг турис­тик салоҳияти ва жозибадорлигига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиши шубҳасиз. 110 гектар майдонни эгаллайдиган боғда очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзаси, кичик стадион, муз саройи, тўрт юлдузли меҳмонхона, савдо шохобчалари, кутубхона ва ҳунармандлар маркази, турли кўнгилочар аттракционлар барпо бўлади. 2019 йил Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топширилиши мўлжалланган боғ йилига 100 минг кишига хизмат кўрсатади. Яна бир муҳим жиҳати бу ерда 1 минг 500 киши иш билан таъминланади.

Йиғилишда тегишли йўналишлардаги ишлар танқидий таҳлил қилиниб, фаолиятни тубдан кучайтириш, соҳалардаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги ЎзМТДП гуруҳлари муҳокама этилган долзарб масалаларни вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари сессияси кун тартибига олиб чиқиш бўйича келишиб олинди.

Одилжон МАМАТКАРИМОВ,
халқ депутатлари Наманган вилоят
Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи раҳбари:

— Президентимизнинг парламент палаталари, сиёсий партиялар вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси маданият ва туризм соҳасини ривожлантиришни ўз олдига вазифа қилиб қўйгани, аммо партия амалда бу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш, мавжуд қонунларнинг ижросини назорат қилиш юзасидан етарлича фаоллик кўрсата олмаётгани танқид қилинган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда йиғилишда Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бўйича соҳада олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, вилоятнинг мафтункор ва баҳаво жойларига сайёҳлар оқимини жалб қилишга қаратилган истиқболли таклифлар илгари сурилган ва мутасаддиларга топшириқлар берилган эди. Бу борадаги ишларни жадаллаштириш ҳудуднинг туризм имкониятларини янада оширади. Шундай экан, соҳа ривожига қаратилган саъй-ҳаракатларга ҳар биримиз масъулият билан ёндашишимиз зарур.

Ғайратжон ТЎЙЧИБОЕВ,
ЎзМТДП Наманган вилояти кенгаши
раиси вазифасини бажарувчи:

— Қадим тарихга эга Наманган туризм ўчоқлари, тарихий ёдгорликлар, маданий мерос объектларига бой замин ҳисобланади.  Машҳур Ахсикент, Мунчоқтепа, Айритом, Муғтепа каби меъморий ёдкорликлар ўтмишда ушбу ҳудудда ўзига хос цивилизация ва бой маданият ривожланганидан далолат беради. Хусусан, Ахсикент археологик объекти кўп йиллар давомида эътибордан четда қолган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг 2017 йил июль ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида тарихий ёдгорликни ўрганиш борасида вазифалар белгилаб берилди. Натижада 2017 йил 16 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида “Ахсикент” археология объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори имзоланди.

“Ўзбек давлатчилиги тарихида Ахсикент шаҳрининг ўрни” мавзуида ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманда иштирок этган чет эллик археология соҳаси мутахассислари, тарихчи олимлар юртимизнинг бой тарихи, обидалари, археологик ёдгорликлари дунё илм аҳлининг қизиқиш ва эътиборига сазовор бўлаётганини таъкидладилар. Наманган вилояти ҳокимлиги қатор мутасадди ташкилотлар билан биргаликда “Ахсикент” археологик ёдгорлик мажмуасини ташкил қилиш, ҳудудни ободонлаштириш ва унинг тарихини ўрганиш учун очиқ осмон остидаги музейни жиҳозлаш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳага асосан Ахсикент тарих ва этнография музейи, жомеъ масжиди ва мадраса, маданий ва маърифий марказ, кузатув минораси барпо этилади. Бу каби саъй-ҳаракатлар ЎзМТДП дастурий вазифалари ижросида муҳим ўрин тутади.

Маҳмуджон ИМОМНАЗАРОВ,
Поп тумани ҳокимининг инвестициялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмак­лашиш, эркин иқтисодий ва кичик зоналар ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари:

— Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 августда соҳани ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорида Поп тумани Чодак қишлоғида ички туризмни ривожлантириш ва туристик инфратузилмани яхшилаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Бу борада Поп туманида 2018-2020 йилларда туризмни ривожлантиришга мўлжалланган дастур қабул қилинди. Мазкур дастур асосида сўлим табиатли Чодакда 8 миллиард 950 миллион сўмлик 14 та лойиҳа амалга оширилиши назарда тутилган. Айтиш жоиз, жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектлари  томонидан Боғишамол маҳалласида дам олиш масканлари ва меҳмонхоналар барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Айни дамда Боён маҳалласи ҳудудида дам олиш маскани ва меҳмонхона, 2 хонали кемпинг, 8 сузиш ҳавзаси, болалар майдончаси, овқатланиш масканларини қуриш ишлари якунига етказилмоқда. Шунинг­дек, туманда экотуризм зоналарини яратиш мақсадида Парда Турсун қишлоғида тоғ туристик ҳудудини ташкил этиш юзасидан Наманган муҳандислик-қурилиш институти олимлари билан биргаликда лойиҳа ишлаб чиқилиб, тегишли ташкилотларга бу борада таклиф киритилди.

Вилоятда фаолият кўрсатаётган соғломлаштириш масканлари ва меҳмонхоналар ҳудудида валюта айирбошлаш шохобчалари ва банкоматлар ўрнатиш бўйича 2018 йил якунига қадар 50 дона банкомат ўрнатилиши белгиланган.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг