Мустақиллик — энг улуғ ва бебаҳо неъмат

0
23

Мустақиллик миллий ўзлигимизни, инсоний қадр-қимматимизни қайта тиклаш, она тилимиз, муқаддас динимиз, қадрият ва анъаналаримизни улуғлаш имконини берди. Ватанимизнинг неча минг йиллик тарихида мутлақо янги саҳифа очиб, мамлакатимизни халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айлантирди. Тарихимизга улкан тараққиёт ва ривожланиш йиллари сифатида битилган ўтган йигирма етти йиллик қисқа давр мамлакатимиз, халқимиз ҳаётида унутилмас, асрларга татигулик йиллар бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 28 июнь куни қабул қилинган
“Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори бу қутлуғ сана, улуғ неъматнинг йигирма етти йиллигини муносиб кутиб олиш ва нишонлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Мазкур қарорга асосан бу йилги истиқлол шодиёналари “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекис­тоним!” деган ғоя асосида кенг нишонланади. Ушбу ғоя асосида, ундаги ҳар бир сўз замирида халқимизнинг кўп йиллик орзу-интилишлари, Ватанга садоқати, юртпарварлиги мужассам. Бу улуғвор ғоя халқимизни бирлаштиришга, юртимиздаги тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, ҳар биримизни она Ватан равнақи йўлида ёниб яшаш ва ишлашга ундайди.

Мустақиллик куни оддий байрам эмас. Бу халқимизга ўзлигини қайтариб берган, миллий ғуруримизни тоғдай ўстирган, миллий давлатчилигимиз пойдевори қўйилган кун.

Истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, инсон манфаатларини таъминлаш, қонун устуворлигига эришиш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш, ижтимоий соҳа, хусусан, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат ва спортни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратиб келинмоқда.

Сўнгги йилларда бу борадаги саъй-ҳаракатлар янада қизғин тус олиб, айниқса, халқ билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш ва инсон манфаатларини таъминлаш, аҳолининг ҳаёт даражасини юксалтириш энг асосий омил сифатида ҳар бир идора, ташкилот ва мутасаддиларнинг эътибор марказидаги масалага айланди. Дарҳақиқат, биз халқ вакиллари ҳам жойларда хонадонма-хонадон юриб, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишга, улар учун қулай шарт-шароитлар яратилишига эътибор қаратмоқдамиз. Бундан асосий мақсад — одамларни шу юрт фуқароси эканлигидан, ўз ҳаётидан, турмушидан рози қилиш. Юзма-юз мулоқотларда аҳоли вакиллари бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятидан бохабар эканлигига, энг муҳими, улар ўз ҳаётидаги, истиқомат қилаётган ҳудудларидаги ижобий ўзгаришлардан мамнунлигига гувоҳ бўлаяпмиз. Одамларни рози қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, ўз навбатида, юртимизда тинчлик-хотиржамлик, осо­йишталикни таъминлайди, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, буюк келажак сари дадил қадам ташлашга рағбат бўлади.

Шундай экан, барча соҳадаги кенг кўламли ислоҳотларга кўмакдош бўлишимиз, “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида нишонланадиган бу йилги байрам шодиёналарида, унга тайёргарлик кўриш ишларида фаоллик кўрсатишимиз зарур. Айниқса, миллий тикланиш ва ўзликни англаш ғояларини илгари сурувчи Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлари ҳам истиқлол йилларида босиб ўтган шонли ва шарафли йўлимиз, улкан ютуқларимизнинг аҳамиятини юртимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказишимиз, эзгу ишларга ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим.

 Ўрол ҲАИТОВ,
ЎзМТДП  фракцияси  аъзоси

 


 

Фаровон ҳаёт
гўзал тарбиядан бошланади

 

Давлатимиз раҳбарининг 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон ёшларига йўллаган байрам табригида “ёшларга доир давлат сиёсатини ҳеч оғишмасдан, қатъият билан давом эттирамиз. Нафақат давом эттирамиз, балки бу сиёсатни устувор вазифа сифатида бугун давр талаб қилаётган юксак даражага кўтарамиз. Сизларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб, ҳаётда ўз мустаҳкам ўрнингизни топишингиз, бахтли бўлишингиз учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз”, дея таъкидланди. Президентимизнинг бу сўзлари ёшлар қалбида фахр-ифтихор туйғуси билан бир қаторда масъулият ҳиссини ҳам янада оловлантирди.

Тарихий маълумотларга кўра, эрамиздан олдин бунёд этилган Миср эҳромлари деворларига “Ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратишимиз лозим” деган мазмундаги фикрлар ёзилган экан. Демак, ёшлар таълим-тарбиясига барча замонларда ҳам энг муҳим ва устувор масала сифатида қаралган.

Ҳа, мамлакатимизда ҳам келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-сиёсий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 20 дан ортиқ ҳуқуқий ҳужжатлар ҳаётга жорий қилинди. Ёшлар учун янги иш ўринларини очиш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги йигит-қизларга имтиёзли кредитлар ажратиш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида арзон уй-жой билан таъминлаш, ёшларни касбга ўргатиш ва малакасини ошириш, уларнинг соғлигини мустаҳкамлаш ва бўш вақтини мазмунли ўтказиш борасидаги саъй-ҳаракатларни алоҳида таъкидлаш лозим.

Мамлакатимиз раҳбарининг ёшларга оид сиёсати ва унинг амалий натижалари халқаро ҳамжамият томонидан ҳам алоҳида эътибор билан кузатилмоқда ва юксак қизиқиш билдирилмоқда. Яқинда Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги саммитида Ўзбекистон Президенти таклифи билан ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати қабул қилинди. Мурожаатда ёшларни сўнгги йилларда тобора илдиз отиб бораётган терроризм ва диний экстремизмдан ҳимоя қилиш, бундай таҳдидларга куч ишлатиш йўли билан эмас, балки ёшларнинг онгу тафаккурини маънавият-маърифат асосида шакллантириш, миллий урф-одатлар, диний бағрикенглик руҳида тарбиялаш орқали курашиш каби масалалар баён қилинган эди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқида ҳам ёшлар таълим-тарбияси масалаларига алоҳида тўхталиб, бугунги глобаллашув жараёнида ёшларга оид давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат — БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро Конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф қилган эди.

Шу ўринда Президентимизнинг раҳбар кадрларни та­йинлаш борасида ёшларга бўлган юксак ишончи ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Юрт келажаги учун жонини тикишга тайёр, ватанпарвар, барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида шунчаки иштирокчи бўлмай, янгича инновацион ғоя ва таклифлар билан фаол қатнашаётган бир гуруҳ иқтидорли, тажрибали ёшлар турли вазирлик, идора, йирик компания ва бошқа нуфузли ташкилотларга масъул лавозимларга тайинланмоқда. Модомики, давлатимиз раҳбари ёшларга юксак ишонч билдираётган экан, шунга яраша муносиб жавоб қайтаришимиз, бугунги кенг имконият ва шароитлардан самарали фойдаланган ҳолда Юртбошимизга кўмакдош бўлишимиз лозим.

Равшан МАҲМУДОВ, 
ЎзМТДП фаоли

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг