Ташаббускор аёллар сафи кенгаймоқда

0
20

Ватанимиз тараққиётида, оила ва жамият ҳаётида хотин-қизлар муҳим ўрин ва мавқега эга. Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини ташкил этадиган аёллар ижтимоий-маънавий, сиёсий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида, хусусан, давлат бошқаруви ва вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, соғлиқни сақлаш, таълим, маърифат, маданият ва бошқа ижтимоий соҳаларда самарали меҳнат қилмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси “Аёллар қаноти” анъанавий тарзда ўтказиб келаётган “Донолик ва ташаббускорлик — сиёсий етакчилик мезони” шиори остидаги “XXI аср аёли” республика кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичида шу ҳақда сўз борди.

Унда партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши аъзолари, партия фаоллари, олий таълим муассасаларининг профессорлари, тадқиқотчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Отабек Жиянбоев, кенгаш раисининг оила ва аёллар масалалари бўйича ўринбосари Васила Файзиева, Тошкент давлат педагогика университети проректори Одил Қўйсинов ва бошқалар мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни кучли ижтимоий ҳимоялаш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкид­лади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиё­сий фаоллигини ошириш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини кучайтириш, оила асосларини мустаҳкамлаш каби масалалар муҳим йўналишлар сифатида белгиланган.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан ибратли анъана ва қад­риятларимизнинг мазмунини ёшларга тўғри етказиш, уларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёш оилаларга иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий кўмаклашиш, оилавий тадбиркорлик, касаначиликни ривожлантириш борасида қатор амалий чора-тадбирлар ҳаётга кенг жорий этилмоқда.

Анъанавий “ХХI аср аёли” кўрик-танлови жамиятда хотин-қизларнинг ролини янада кучайтириш, партия сафидаги энг фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада намуна кўрсатаётган аёлларни аниқлаш ва муносиб рағбатлантириш, уларнинг тажрибасини кенг татбиқ қилиш мақсадида ташкил этилган.

Танловда ҳар бир иштирокчи ўзининг сиёсий-ҳуқуқий билимини, ижодий қобилияти ва ташаббускорлигини намоён этди. “Партия менинг тақдиримда”, “Партия фаолиятида ташаббусларим”, “Партия дастури ва қонучиликка таклифлар” шартлари бўйича интеллектуал салоҳиятини синовдан ўтказди.

Яккасарой тумани вакили, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети 3-босқич талабаси  Дилрабо Исроилова биринчи ўринни эгаллади ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланмани қўлга киритди. Иккинчи ўринга Шайхонтоҳур тумани тиббиёт коллежи ёшлар етакчиси Зиёда Одилова, учинчи ўринга Мирзо Улуғбек тумани вакили, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти 4-босқич талабаси Сарвиноз Саксонова сазовор бўлди. Ғолиблар диплом ҳамда совғалар билан тақдирланди.

* * *

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши томонидан “Донолик ва ташаббускорлик — сиёсий етакчилик мезони” шиори остида “XXI аср аёли” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилояти кенгаши раиси Ражаб­бой Рўзметов ва бошқалар мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, сиёсий, иқтисодий билимларини мус­таҳкамлаш, оила ва жамиятдаги мавқеини янада юксалтириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланганини таъкидлади.

Айниқса, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, шунингдек, оила инс­титутини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хотин-қизларнинг сиёсий-ижтимоий фаоллигини янада ошириш жараёнида сиёсий партиялар, жумладан, “Миллий тикланиш” демократик партияси ва унинг “Аёллар қаноти” ҳам фаол иштирок этмоқда. ЎзМТДП сайловолди Платформасида юксак мақсадларни ўзида мужассам этган “Донолик ва ташаббускорлик — сиёсий етакчилик мезони” лойиҳаси ҳам пухта билим-малакага эга бўлган фаол, билимли ва ташаббускор хотин-қизлар фаолиятида муҳим ўрин тутади.

— Партия дастури ва сайловолди Платформасида белгиланган вазифалар асосида ўтказилаётган танловдан кўзланган мақсад қонунчилик, ижро ҳамда суд ҳокимияти соҳаларида фаолият кўрсатаётган билимли ва малакали хотин-қизларни рағбатлантириш, партиянинг кадрлар захирасини мустаҳкамлаш, аҳолининг миллий сайлов қонунчилигимиз борасидаги билимини янада бо­йитишдир, — дейди партия вилоят кенгаши раисининг оила ва аёллар масалалари бўйича ўринбосари Муҳаббат Тўрабоева. — Ушбу лойиҳани амалга ошириш жараёнида партия сафларида сиёсий ва ҳуқуқий билими юқори бўлган хотин-қизлар кўплиги маълум бўлди.

Танлов низомига кўра иштирокчилар “Партия — менинг тақдиримда”, “Партия фаолиятида ташаббусларим”, “Партия дастури ва қонунчиликка таклифлар” шартлари бўйича ўз билим ва малакасини намойиш этди.

Иштирокчиларнинг чиқиши ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди. Гурлан туманидаги 7-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Насиба Юсупова энг юқори балл тўплаб, ғолиб бўлди ҳамда республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Шовот туманидаги мактаб-интернат ўқитувчиси Ҳилола Абдужабборова ҳамда Урганч давлат университети ўқитувчиси Замира Хўжаниёзова иккинчи, “Янгиариқ овози” газетаси мухбири Гулноза Умирова учинчи ўринга лойиқ топилди. Ғолиблар ва барча иштирокчига ЎзМТДП вилоят кенгашининг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Нурбек ЙЎЛДОШЕВ,
Азамат САФАР,
“Milliy tiklanish” мухбирлари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг