“Ёшлар қаноти” ёшларга кўмакдош

0
12

Ёшлар — мамлакатнинг асосий таянчи ва суянчи, эртанги куннинг пойдевори. Шундай экан, замонавий билим ва кўникмаларга эга, юрт келажаги ва равнақи учун масъулиятни, жавобгарликни ўз зиммасига оладиган баркамол авлодни тарбиялаш юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Бу борадаги саъй-­ҳаракатларда сиёсий партиялар, жумладан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам ўз ғоя ва мақсад-вазифалари билан фаол иштирок этмоқда.

30 июнь — Ёшлар кунига бағишлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси “Ёшлар қаноти” ҳамда партиянинг қуйи палатадаги фракцияси ташаббуси билан “Партия фаолиятида “Ёшлар қаноти”нинг ўрни ва роли” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Унда фракция аъзолари, партия фаоллари, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида ЎзМТДПнинг ёшлар сиёсатига кўмаклашиш борасидаги фаолияти, “Ёшлар қаноти”нинг амалга ошираётган қатор лойиҳалари, ташаббуслари, келгусидаги вазифалари муҳокама қилинди.

— Давлатимиз раҳбари ўтган йили парламент палаталари ва сиёсий партиялар вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида сиёсий партияларнинг ёшлар билан ишлаш борасидаги фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, олдимизда муҳим вазифалар турганини алоҳида таъкидлаган эди, — деди ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси, фракция раҳбари Сарвар
Отамуратов. — Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ўтган давр мобайнида ушбу танқидий-таҳлилий маърузадан келиб чиқиб, ёшлар билан ишлаш масаласига устувор аҳамият қаратиб келмоқда. 205 мингга яқин партиямиз аъзоларининг 110 минги, қарийб 54 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлар эканлиги, яъни партия сафида ёшлар кўпчиликни ташкил этиши ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишни тақозо этади. Фаолиятимиз давомида партия “Ёшлар қаноти” томонидан қатор самарали ва ҳаётий лойиҳа ҳамда ташаббуслар амалиётга татбиқ этилди. Масалан, “Хизмат — беминнат”, “Навоий ворислари”, “Депутат билан юзма-юз”, “Уйма-уй” каби лойиҳалар асосида минглаб ёшларнинг турли касб-ҳунар ва билим эгаллашига, истеъдоди ва иқтидорини кашф қилишга, шунингдек, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишга эришилди.

2017 йилда биргина “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида 320 бепул ўқув курслари ташкил этилиб, 2 минг 600 ўғил-қизга 450 кўнгилли фан ўқитувчиси ва ҳунармандлар томонидан бепул билим берилди, ҳунар ўргатилди. 2018 йилнинг ўтган даврида ўқув курсларида иштирок этаётганлар сони 2 минг 800 нафарни ташкил этмоқда. Ушбу лойиҳанинг муҳим жиҳати — ўқув курсларига асосан фанлардан ўзлаштириши паст, уюшмаган, ижтимоий ҳимоя­га муҳтож оилалар фарзандлари жалб этилди. Бундан ташқари, жойларда партия ташкилотлари ва гуруҳлари ёшларнинг муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал этишга кўмаклашиб келмоқда. Масалан, ўтган йили 1 минг 800 га яқин хонадонга кирилиб, йигит-қизларни қийнаётган масалалар ўрганилди. Натижада 440 дан ортиқ ёшлар ишга жойлаштирилди. Жорий йилда эса 11 ярим минг­га яқин хонадонга кирилиб, 30 мингдан ортиқ ёшларнинг муаммолари жойида ўрганилди ва ҳал этилди. 150 дан ортиқ йигит-қизларга имтиёзли кредит олиб, ўз мустақил фаолиятини бошлашига кўмак­лашилди. Бундан кейинги фаолиятимизда ҳам ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муам­моларига ижобий ечим топишга қаратилган амалий ишларимизни янада кенгайтириш лозим. Бир сўз билан айтганда, партия “Ёшлар қаноти” ёшлар орасига янада чуқур кириб бориб, улар билан ёнма-ён бўлиши, энг муҳими, муаммоларга барҳам бериши партиямиз сафида навқирон авлод вакилларининг янада кўпайишига хизмат қилади.

Тадбирда партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова сўз олиб, партия “Ёшлар қаноти”нинг янги ғоя ва ташаб­буслари хусусида тўхталиб ўтди. Қайд этилганидек, ЎзМТДП “Ёшлар қаноти” Тошкент шаҳри марказида Давлат байроғи майдонини бунёд этиш таклифини илгари сурмоқда. Кенг жамоатчилик орасида ва ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинаётган ушбу ташаббуснинг амалга ошиши ёш авлодни ватанпарварлик, ўзликни англаш, юртга садоқат руҳида тарбиялаш, улар қалбида миллий ғурурни мустаҳкам қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда партия “Ёшлар қаноти” ташаб­буси билан ташкил этилаётган “Кўмак” тарғибот гуруҳи фаолияти, олдида турган мақсад-вазифалари борасида ҳам тўхталиб ўтилди.

— ЎзМТДПнинг ушбу ташаббуси ёшлар фаоллигини ошириш, сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, миллий қадриятларимизни кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади, — деди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Элдор
Туляков. — Давлатимиз раҳбари ёшлар онгидаги ғоявий бўшлиқларни биз ўзимиз тўлдирмасак, бошқалар тўлдириши мумкинлиги борасида кўп бор таъкидлайди. Дарҳақиқат, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий, маънавий дунёсини бойитиш, бунда ёшлар тенгдошлари орасига кириб бориши лозим. Шу маънода ўз олдига  амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшларнинг иштирокини кенгайтириш, ҳуқуқ ва эркинлик­ларини таъминлаш, навқирон авлоднинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий онг даражасини ўстиришга кўмаклашишни мақсад қилган “Кўмак” тарғибот гуруҳлари йигит-қизларда етакчилик қобилиятини шакллантириш ҳамда фаол ёшларни кашф этишда муҳим ўрин тутади.

Тадбирда ЎзМТДП “Ёшлар қаноти”нинг бундан кейинги фаолиятини янада кучайтириш юзасидан таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Партия сафида фаол иштирок этаётган бир гуруҳ ёшлар партиянинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Муқаддас ТАЙЛАНОВА,
Миробод туманидаги “Резалт” ўқув
маркази чет тили фани ўқитувчиси:  

— ЎзМТДП “Ёшлар қаноти”нинг қатор ташаб­бус ва лойиҳалари кўпчиликнинг эътибори ва эътирофига сазовор бўлмоқда. “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида ўқув марказимизда бепул ўқув курслари ташкил қилиб, корейс ва инглиз тилидан ўғил-қизларга сабоқ бериб келаман. Айни пайтда 20 нафар ўқувчи таҳсил олиб, билимларини оширмоқда. Бундай беминнат хизматдан ҳам ўқувчилар, ҳам ота-оналар беҳад мамнун. Партиянинг бу каби амалий ишлари, илғор ташаббусларида бундан буён ҳам фаол қатнашиш ниятидаман. “Кўмак” тарғибот гуруҳи фаолияти доирасида ҳам кўплаб тенгдош­ларимизнинг муаммоларини ўрганиш, ечим топиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш имконига эга бўламиз.

* * *

30-июнь — Ёшлар куни муносабати билан
ЎзМТДПнинг барча ҳудудий ташкилотларида байрам тадбирлари, партия вилоят кенгаши раисларининг ёшлар билан мулоқоти ташкил этилди. Тадбирларда фаол ёшлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

М.КОМИЛОВА,
“Мilliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг