Тарвуз буйрак ва жигарни тозалайди

0
5

Ёзнинг иссиқ кунларида инсон организмининг суюқликка, айниқса, таркибида сув миқдори кўп мева, сабзавот ва полиз экинлари истеъмолига эҳтиёжи ортади. Улар орасида тарвуз энг серсув полиз маҳсулоти саналади, чанқоқ босувчи хусусиятга эга.

Дунёнинг 96 давлатида тарвузнинг 1 минг 200 дан ортиқ тури етиштирилади. Хитой, Ўзбекистон, Америка, Венгрия, Болгария, Греция, Украина ва Россияда кўп миқдорда экилса-да, лекин унинг асл ватани Жанубий Африка саналади. У ерда тарвузни ҳатто ёввойи кўринишда ҳам учратиш мумкин.

Яхши етилган тарвузнинг 100 граммида 25 ккал, 100 грамм шарбатида 38 ккал калория мавжуд.

Тарвуз буйрак ва жигарни тозалаш хусусиятига эга. Уни истеъмол қилиш қондаги холестерин миқдорини пасайтиради, танани соғломлаштиради. Шундай бўлса-да, тарвуз нитратларни ўзига шимиб олиши сабаб нафақат аллергик реакцияларни, балки соғлиққа ҳам зарар келтиришини ёдда тутиш лозим. Диабет ва буйрак етишмовчилиги билан оғриган беморларга тарвузни ортиқча ейиш тавсия қилинмайди. Чунки унинг таркибида шакар миқдори кўп.

Одатда, тарвуз янги ҳолда ва овқатлангандан бир-икки соат ўтиб истеъмол қилинади. Ташналикни қондириш, очликнинг олдини олиш хусусиятга эга. Лекин у очлик ҳиссини маълум вақт йўқотади, холос. Бу вақтда организм ўзи учун зарур калорияни йиғиб ололмайди. Шунинг учун ҳам тарвуз истеъмол қилиб озишни истаганлар бу ишга ақл билан ёндашишлари талаб этилади.

Тарвуз билан ҳам диета сақлаш мумкин. Бунинг учун 3 кун мобайнида фақат тарвуз истеъмол қилиш билан кифояланади. Ейиладиган тарвуз миқдори тана вазнига қараб белгиланади: ҳар 10 килограмм тана оғирлиги учун 1 килограмм тарвуз истеъмол қилиш зарур. Яъни агар 60 килограмм тош боссангиз, унда сиз 10-11 килограм чиқадиган тарвуз сотиб олишингиз керак. Тарвузли диета вақтида қорнингиз ўта очқаб кетса иккинчи ва учинчи куни бир бўлак қора нон ейишга рухсат берилади. Шу усул билан 3 килограмм вазн ташланади. Бундай диета бир ойда бир марта тавсия қилинади.

Тарвуз таркибидаги барча модда организмга тушиб, аъзолар ва тизимларга ижобий таъсир ўтказади, ўзингизни яхши ҳис қила бошлайсиз. Кўплаб касалликнинг ўтиш даври енгиллашади. Бир стакан тарвуз шарбати организмнинг магнийга бўлган бир кунлик талабини қондиради. Шу сабабли артериал гипертониядан азият чекаётган одамлар бундай шарбатни ичиб туриши фойдадан холи бўлмайди. Тарвуз шарбати овқат ҳазм қилиш тизимини меъёрида ишлашини таъминлайди, моддалар алмашинувини яхшилаб, иммунитетни оширади.

Мухторбек АБДУЛЛАЕВ тайёрлади.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг