Кундузги оромгоҳлар болалар хизматида

0
0

Жиззах вилоятида жорий йил ёз мавсумида шаҳар ташқарисидаги 12 ва мактаблар қошидаги 58 оромгоҳда 13 минг 525 болани дам олдириш режалаштирилган.

…Ғаллаорол тумани марказидаги 44-умумтаълим мактаби қошида ташкил этилган “Тонг шуъласи” болалар соғломлаштириш оромгоҳида болаларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун барча шароит яратилган. Ушбу дам олиш масканида айни пайтда 90 бола мароқли ҳордиқ чиқараётир.

Оромгоҳдаги сўлим манзара, анвойи гуллар, анҳордан оқаётган зилол сув барчанинг дилига ором ва ҳаловат бағишлайди. Ям-яшил майсазору гулзорлар бир-бирига уйғун. Болажонлар бўш вақтини шундай сўлим жойларда ўтказаётганидан беҳад мамнун.

— Оромгоҳдаги шароит жуда зўр, — дейди ғаллаороллик ўқувчи Алишер Шукуров.  — Тоғ қўйнидаги хушманзара масканда мазмунли дам олиб, янги дўстлар орттираяпмиз. Турли спорт ўйинларида иштирок этиб, маза қилиб чўмилаяпмиз. Қизиқарли китоблар ўқиб, билимимизни янада ошираяпмиз.

Болаларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун оромгоҳда турли маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилмоқда. “Оромгоҳ ҳаёти ва кутубхонаси билан танишув”, “Ўзинг ҳақингда гапириб бер” каби тадбирлар билан бошланган дам олиш мавсуми “Сен Ўзбекистонимиз ҳақида нималар биласан?” мавзусидаги билимлар синови, “Бирдан мингни ясаймиз”, “Кун ва тун”, “Қуёнчалар ови”, “Қувноқ стартлар”, шахмат-шашка, теннис мусобақалари билан сермазмун ўтаётир. Мураббий Мафтуна Усмонова ташкиллаштирган турли тадбирлар, саҳна кўринишлари ва турли танловлар кўпчиликка манзур бўлаётир.

— Кундузги болалар оромгоҳлари ёш авлодни соғломлаштириш, баркамол этиб тарбиялашда муҳим ўрин тутади, — дейди оромгоҳ тарбиячиси Адиба Жўрабоева. — Муассасамизда ташкил этилган кундузги оромгоҳда болаларнинг таътилни мазмунли ўтказиши учун тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Оромгоҳнинг “Булбулча” ва “Бойчечак” гуруҳларида тўқиш, либослар дизайни машғулотлари, айниқса, қиз болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилмоқда. Рақс, актёрлик маҳорати тўгараклари, турли фанларга, хусусан, чет тилларга оид машғулотлар ўқувчиларнинг билимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ғаллаорол туманидаги 23-умумтаълим мактаби қошида жойлашган “Қалдирғоч” оромгоҳидаги дам олувчилар қалбида ҳам ҳар бир ўтаётган кун эсда қоларли хотираларга бой бўлмоқда.

— Болаларнинг вақти мазмунли ва мароқли ўтиши учун барча қулайлик яратилган, — дейди оромгоҳ раҳбари Ҳусниддин Тошмуродов. — Мавсум арафасида оромгоҳдаги бассейн реконструкция қилингани болаларга катта совға бўлди. Айни пайтда оромгоҳимизда 70 дан зиёд бола таътилни кўнгилли ўтказаётир.

Одатдаги эрталабки машқлардан сўнг болажонларни мазали нонушта, “Ўрдак-ғоз”, “Овозидан таниб ол”, “Бекинмачоқ” каби ўйинлар, ундан кейин эса “Чаққонлар ва зукколар” спорт мусобақалари, “Менинг ўлкам”, “Баланд қоя ва тоғлар” каби кўрик-танловлар кутади. Оромгоҳда ўқувчилар мактабда олган билимини янада мустаҳкамлаши учун спорт, санъат ва бошқа йўналишдаги тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Спорт майдони, тўгараклар маркази, кутубхона, маданий тадбирлар ўтказишга мўлжалланган ёзги саҳна, болалар майдончасидаги турли-туман арғимчоқлар, болаларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишига кўмаклашувчи замонавий ўйин воситалари дам олувчилар ихтиёрида.

Тумандаги 2-умумтаълим мактаби қошида ташкил этилган “Лочин” оромгоҳида “Инглиз тили”, “Ёш рассомлар”, “Рақс”, “Саломатлик ва экология” ва бошқа турли спорт тўгаракларида малакали ўқитувчи ва мураббийлар Сожида Ҳабибуллаева, Бувойша Алиқулова ва Садриддин Абдурасулов машғулот ўтказмоқда. Оромгоҳдаги китобхонлик машғулотлари, “Спорт — менинг ҳаётим”, “Саломатлик — туман бойлик”, “Биз бахтиёр авлодмиз” тадбирлари, қатор ижтимоий лойиҳалар болажонларда қизиқиш уйғотмоқда. Бу ердаги тиббиёт хонаси биринчи ёрдам кўрсатиш, зарурат туғилганда, стационар даволаш учун лозим бўлган барча дори-дармон ва тиббиёт воситалари билан таъминланган. Кўчма кутубхона болаларнинг ёши ва дунёқарашига мос тарзда бадиий асар ва услубий қўлланмаларни беминнат етказиб турибди.

Вилоятда ўқувчиларнинг ёзги дам олишларини ташкил этиш жараёнида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда оромгоҳларнинг биринчи босқичида “Маҳалла” жамоат фонди малағлари ҳисобидан боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларнинг 75 фарзанди  соғломлаштирилаётган бўлса, “Жиззах аккумулятор заводи” акциядорлик жамияти ҳомийлигида “Energy” оромгоҳида 100 оила фарзанди бепул дам олдирилаётир.

— Ўқувчиларнинг ёзги дам олишини мувофиқлаштирувчи гуруҳ, ҳудудларда ишчи гуруҳлар доимий фаолият олиб бораётир, — дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси етакчи мутахассиси Тўлабой Тўйчиев. — Оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш, болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш жараёнида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари сифати, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилиши мунтазам назорат қилиб борилмоқда. Оромгоҳларнинг ҳудудий жойлашуви инобатга олиниб, тез тиббий ёрдам машиналари навбатчилиги ташкил этилган.

Бир сўз билан айтганда, бу йил вилоятдаги ёзги оромгоҳларнинг барчаси мавсумни пухта ҳозирлик билан бошлади. Манзилли дастур асосида болалар маънавиятини юксалтиришга йўналтирилган тадбирлар, спорт мусобақалари ва турнирлар ўтказилиши, санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар уюштирилиши болаларнинг ёзги соғломлаштириш мавсумининг юксак савияда ўтишини таъминлаш борасида кўрсатилаётган улкан эътиборнинг амалий ифодасидир.

Абдулла САИДОВ,
журналист

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг