Танга шаклида қурилган иншоот

0
2

Инсоният XIX асрдан кўп қаватли бинолар қуришни бошлаган бўлса, XX асрдан АҚШ, Европа давлатларида осмонўпар бинолар, тенги йўқ савдо-кўнгилочар ҳамда бизнес марказларини қуриш  шиддатли тус олди. XXI асрга келиб бу борада Осиё давлатлари ҳам анча илдамлаб кетди. Хусусан, Хитой ўзининг баланд миноралари, улкан иншоотлари билан дунё аҳлини ром этмоқда.

Сўнгги йилларда Хитойда қад ростлаётган осмонўпар иншоотлар нафақат баландлиги, балки ноодатий меъморий ечими билан ҳам кўпчиликни ҳайратга солмоқда. Гуанчжоу-­Юанни ана шундай иншоотлар сирасига киритиш мумкин.

Гуанчжоу-Юань  Хитойнинг Гуандун провинциясидаги Гуанчжоу шаҳрининг жануби-ғарбий қисмида, Чжуцзян дарёси бўйида жойлашган бўлиб, ноёб меъморий ечимга эга дунёдаги ғаройиб иншоотлардан саналади. “Гуанчжоу-Юань” хитой тилида “Гуанчжоу айланаси” деган маънони англатади. Унда “Guangdong Plastic Exchange” компанияси фаолият кўрсатади.

Иншоот 2013 йилда итальян меъмори Жузеппе ди Паскуали лойиҳаси асосида бунёд этилган. Бинонинг баландлиги 138 метр бўлиб, 33 қаватдан иборат. Умумий майдони эса 8,5 минг метр квадрат. Уни бунёд этиш учун 1 миллиард юан сарфланган. Иншоот танга шаклида қурилган бўлиб, унинг марказида диаметри 50 метрли ўйиқ ҳосил қилинган. Бино айлана шаклида қурилган дунёдаги энг баланд иншоотдир.

Лойиҳа муаллифининг айтишича, бино учун бундай шакл танлангани бежиз эмас. Бунда аввало, Осиё, хусусан, Хитой менталитети ҳисобга олинган. Мисол учун, иншоот дарё ёқасида жойлашгани боис унинг акси сувга тушиб туради. Натижада саккиз рақами ҳосил бўлади. Хитойликлар учун эса саккиз омадли рақам ҳисобланади. Қолаверса, у фаровонлик ва моддий бойликка интилиш рамзи ҳам ҳисобланади. Гуанчжоу-­Юань иншооти ташқи томондан ойна ҳамда мис қопламалар билан безатилган. Осмонўпар иншоотнинг ичида офислар, супермаркет ҳамда меҳмонхоналар фаолият кўрсатади.

Иншоот қурилгандан сўнг дастлаб кўпчилик томонидан илиқ кутиб олинмади. Париждаги машҳур Эйфель минораси ҳамда Сан-Францискодаги Трансамерика осмонўпар иншооти билан ҳам шундай ҳолат юз берган эди. Бироқ вақт ўтиши билан мазкур иншоотлар шаҳар рамзига айланди. Бугун нафақат маҳаллий аҳоли, балки дунё жамоатчилиги ҳам ҳар иккала шаҳарни  мазкур иншоотларсиз тасаввур қила олмайди. Эндиликда Гуанчжоу-Юань ҳам худди Эйфель минораси ҳамда Трансамерика каби шаҳарнинг ташриф қоғозига айланди.

Лойиҳа бош муҳандиси Ван Жаншан шундай дейди: “Бу Ғарб билан Шарқ меъморчилик анъаналарининг уйғунлашувидир. Иншоотнинг ўзига хос жиҳати — унинг меъморий ечими. У Хитой нефрити, тилла танга ҳамда сув ғилдирагига ўхшаб кетади. Бу иншоот омад рамзи, унинг ёнидаги сув эса бойлик олиб келишига ишорадир”.

Айримлар Гуанчжоу-Юанни Хитойнинг Шэньян шаҳридаги Fang Yuan биноси билан қиёслаб, уни шу иншоотдан андоза олиб қурилганини танқид қила бошлаганди. “Fang Yuan” хитой тилида “квадратли айлана” деган маънони англатади. Бу бежиз эмас. Сабаби иншоот квадрат устида ўрнатилган айланага ўхшаб кетади. Бироқ лойиҳа раҳбари бу фикрларни рад этиб, шундай дейди: “Fang Yuan” иншоотининг ўртасида тирқиш йўқ. У тўртбурчак шаклидаги “дарча” билан ёпилган. Ундан фарқли равишда биз қурган бинонинг ўртасидаги тирқиш айлана шаклида ва у очиқ ҳолатда”.

Гуанчжоу-Юань  иншоотини тунда томоша қилиш кишига ўзгача завқ-шавқ улашади. Сабаби қош қорайганида унга ўрнатилган турли рангдаги чироқлар ёниб, бинога ўзчага улуғворлик ва салобат бағишлайди.

Фотима СУЛТОНМУРОДОВА,
ЎзДЖТУ талабаси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг