Океаннинг “чиқинди ороллари”: ҳайвонот ва наботот дунёси ҳамда сайёрамиз экологик барқарорлигига хавф солмоқда

0
8

Яқинда Таиланднинг соҳил бўйларида ўлик ҳолда топилган қора дельфиннинг ҳалокатига унинг ошқозонига 80 елим халта тиқилиб қолгани сабаб бўлгани аниқланди. Биолог-океанограф Тон Тамронгнавасаватнинг айтишича, Таиландда пластик чиқиндилар сабабли ҳар йили дельфин, тошбақа ва кит сингари юзлаб денгиз жонзоти нобуд бўлаётгани кенг жамоатчиликни ҳушёр торттириши зарур. Негаки, Хитой, Индонезия, Филиппин, Вьетнам ва Таиланд атроф-муҳитни ифлослантирувчи энг йирик давлатлар ҳисобланиб, уларнинг ҳисобига барча плас­тик чиқиндиларнинг ярмидан кўпи тўғри келади.

Океанларни рамзий маънода сайёрамиз юраги, дейиш мумкин. Боиси, у сайёрамиз иқлимини мувозанатда сақлайди, одамларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайди, кислород ишлаб чиқаради, дори-дармон манбаи сифатида хизмат қилади. Қолаверса, ер юзининг 70 фоиз ҳудудини ўраб олган денгиз ва океанлар кўплаб жонивор ва ўсимликлар яшайдиган табиий макон ҳисобланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоб-китобларига қараганда, ҳар йили океан ва денгизларга пластик ва бошқа турдаги чиқиндиларнинг ташланиши оқибатида дунё иқтисодиёти 8 миллиард зарар кўрмоқда. Қизиғи шундаки, бундан 60 йил аввал инсоният томонидан 1,5 миллион тонна пластик чиқиндилар чиқарилган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 200 бараварга ошди — 300 миллион тоннани ташкил қилмоқда. Бироқ бу кўрсаткич яна ошиши, 2050 йилга бориб, 33 миллиард тоннани ташкил қилиши башорат қилинмоқда.

Жаҳон ёввойи табиат жамғармаси (WWF) дунё океанлари ресурслари заҳирасини 24,2 триллион долларга баҳоламоқда. Ҳар йили инсоният унинг 2,5 триллион заҳирасини ўз эҳтиёжлари йўлида сарфламоқда. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг маълумотларига кўра, балиқчилик хўжалиги Ер юзидаги 10-12 фоиз аҳолининг асосий тирикчилик манбаи бўлиб қолаётир. Бироқ бугун денгиз ва океан ресурсларидан кўр-кўрона фойдаланиш, нефть ҳалокати ҳамда иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ нохуш ҳолатлар сайёрамиз экологик барқарорлигига таҳдид солмоқда.

Бугун Тинч океанининг шимолий қисмида тахминан 15 миллион квадрат километр майдонда чиқинди уюми ҳосил бўлган. Айрим ҳисоб-китобларга қараганда, бу жойда 100 миллион тонна чиқинди тўпланган. “Катта Тинч океани доғи” деб аталадиган чиқинди уюмига бундан анча йиллар бурун Калифорния флоти капитани, океанолог Чарльз Мур “Alguita” яхтасида уйга қайтаётиб дуч келган эди. Бугун бундай чиқинди уюмини нафақат Тинч, балки Ҳинд ҳамда Атлантика океанларида ҳам учратиш мумкин.

Буюк Британиянинг “Ellen MacArthur Foundation” жамғармаси иқтисодчилари 2050 йилга келиб денгиз ва океанлардаги пластик чиқиндилар миқдори балиқлардан ошса-
ошадики кам бўлмаслигини башорат қилмоқда. Бугун дунё миқёсида бир йилда 311 миллион тонна пластик буюмлар ишлаб чиқарилмоқда. Орадан кўп ўтмай, мазкур маҳсулотнинг 95 фоизи истеъмолга яроқсиз бўлиб қолаётгани учун ташлаб юборилади. Бундай буюмларнинг 40 фоизи чиқиндихоналарга ташланган бўлса, 14 фоизи ёқиляпти, яна шунча фоизи қайта ишлашга жўнатилмоқда, 32 фоизи эса дуч келган жойга ташланади. Дунё океанларига эса ҳар йили 8 миллион тонна пластик чиқинди ташланмоқда. Бу ҳар дақиқада бир юк машинаси юкхонасига ортилган миқдордаги чиқинди сувга тўкилмоқда, дегани. Агар вазият шу тахлит давом этса, асримиз ўрталарига келиб, ҳақиқатдан ҳам пластик чиқиндилар денгиздаги балиқ миқдоридан ошиши аниқ. Масаланинг долзарблиги шундаки, бундай чиқиндиларни истеъмол қилиш оқибатида балиқлар нобуд бўляпти. Қолган чиқиндилар эса сув юзида қалқиб қолмоқда. Денгизга ташланган елим идиш 100 йилдан 300 йилга қадар йўқ бўлиб кетмаслиги ҳисобга олинса, унинг атроф-муҳитга қанча хавф солишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Маълумки, дунё бўйича ош тузининг муайян қисми денгизда қазиб олинади. Нью-Йорк университети профессори Шерри Мейсоннинг айтишича, пластик чиқиндилар ҳатто биз истеъмол қилаётган туз таркибида ҳам бор: “Пластик маҳсулотлар қолдиқлари бугун ҳаво, сув, денгиз маҳсулотлари, ҳатто, истеъмол қилинадиган пиво ҳамда тузда ҳам мавжуд”.

Олим ўз тадқиқотида турли мамлакатлардаги озиқ-овқат дўконларида сотилаётган 12 хил туз таркибини ўрганганида, уларда пластик чиқинди қолдиқлари борлигини аниқлади. Бу одамлар туз билан қўшиб пластик қолдиқларини ҳам истеъмол қилаётганидан далолат бермоқда. Бундай чиқинди истеъмоли инсон саломатлигига жиддий хавф солиши мумкин.

Испаниялик олимлар ҳам ош тузи таркибида елим идишлар ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган полиэтилентерефталатни аниқлашга муваффақ бўлишди. Бошқа халқаро олимлар жамоаси эса туз таркибидан полиэтилен ва полипропиленни аниқлади.

Яқинда Бойан Слат бошчилигида нидерландиялик муҳандислар денгиз ва океанлардаги чиқиндиларни бир жойга тўплайдиган шиширилган ёстиқчали тўсиқларни ихтиро қилди. Лойиҳа муаллифларининг айтишича, денгиз ва океанларда узунасига бир неча километр масофага тўшаладиган бундай тўсиқлар чиқиндилар тарқалиб кетишининг олдини олиб, уларни бир жойда тўплашга ёрдам беради. Тўсиқларни сув тўлқинлари ювиб туради. Шунинг ҳисобига балиқлар ушбу тўсиқда тиқилиб қолмай, ундан осонликча сузиб ўта олади. Лойиҳа атроф-муҳитга ҳеч қандай зарар етказмайди. Мазкур лойиҳа илк бор Нидерландия соҳилларидан 23 километр узоқликда — Шимолий денгизда синовдан ўтказилиб, сув устига 100 метрли тўсиқ қўйиб чиқилди. Мутахассис ва экспертлар бу кашфиётга юқори баҳо бермоқда. Тўрт йилдан сўнг ундан тўлиқ фойдаланишга ўтиш мўлжалланяпти.

“Дунё океанларининг ифлосланиши оқибатида кўплаб денгиз жониворларининг йўқолиб кетиш хавфи юзага келаётгани эмас, балки  одамларнинг бу масалага нисбатан ёндашуви ўзгармаётгани мени кўпроқ ташвишга соляпти, — дейди Боян Слат. — Мазкур масалада иш олиб бораётган экспертларнинг аксарияти океанларни тозалашнинг имкони йўқ де­йишмоқда. Ҳеч ким бу йўналишда тайинли тадқиқот олиб бормагани эса таассуфлидир”.

Слатнинг айтишича, бугун океанлардаги чиқиндилар кемалардан туриб тўр ташлаш воситасида териб олинаётир. Бироқ бу кўп харажат ва вақт талаб қиладиган юмуш. Ушбу мақсадлар учун кемалардан кўп фойдаланиш аксинча денгиз ва океанларнинг ифлосланишини янада кучайтиради. Устига-устак тўрга нафақат чиқиндилар, балки балиқ ва бошқа денгиз жониворлари ҳам илашиб қолмоқда.

Океанда чиқинди ортидан қувгандан кўра, унинг ўзи қалқиб келишини кутиш афзал. Бу ортиқча энергия сарфини талаб қилмайди. Сузувчи тўсиқлар уларни бир жойда йиғиш ҳамда уларни осон ажратиб олиш имконини беради.

Ўтган йилнинг 5 июнида Нью-Йорк шаҳрида океан муаммоларига бағишлаб ўтказилган конференциянинг очилиш маросимида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ифлосланиш, биоресурс­ларнинг камайиши, глобал иқлим ўзгаришлари каби омиллар денгиз ва океанлар ҳолатига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Тадқиқотлар шуни кўрсатяптики, 2050 йилга бориб пластик чиқиндилар миқдори балиқ ресурслари билан тенглашади, дунё океанлари сатҳининг ошиши айрим мамлакатлар соҳил бўйи ҳудудларининг сув остида қолишига сабаб бўлиши мумкин. Океан суви илиқлашади, кислоталик даражаси эса ошади. Бу эса маржонқояларнинг дарз кетишига, биохилмахилликнинг бузилишига сабаб бўлади.

БМТ Бош котиби мазкур муаммоларни инсониятнинг ўзи юзага келтиргани, уни ҳал қилиш учун эса дунё жамоатчилиги дадил қарорлар қабул қилиши мақсадга мувофиқлигини қайд этди. Океанларда биохилмахилликни таъминлашда ҳамкорликда иш олиб бориш, чиқиндилар, айниқса пластик идишлар ташланмаси миқдорини камайтириш муҳим қадам бўлишини алоҳида таъкидлади.

Ҳа, инсониятнинг океан ва денгиз ресурсларидан беаёв ва кўр-кўрона фойдаланиши келажакда жиддий оқибатларга олиб келиш хавфини кучайтиради. Бу бутун ер юзидаги экотизим барқарорлигига путур етиши мумкин, деганидир. Сабаби, океан ва денгизлар ер юзида иқлим ва об-ҳаво мувозанатини сақлайди. Демакки, инсониятнинг кейинги тақдири ҳам ана шу омиллар билан чамбарчас боғлиқ.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ,
халқаро шарҳловчи

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг