Бир гуруҳ ёшлар иш билан таъминланди

0
3

Мамлакатимизда аҳоли манфаатларини муҳофаза қилиш, уларнинг дарду ташвиш­ларини тинглаш, муаммоларига ўз вақтида ижобий ечим топиш, ҳаётдан рози бўлиб яшашига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча ташкилот ва депутатлик бирлашмалари ҳам фаол иштирок этишга интилмоқда.

Халқ депутатлари Сирдарё вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ЎзМТДПдан сайланган депутатлар жорий йилнинг олти ойи давомида хонадонларга кириб уюшмаган ёшлар ва хотин-қизлар билан учрашди, уларнинг муаммоларини ўрганди. Аҳолидан жами 227 мурожаат келиб тушди, уларнинг 122 таси ижобий ҳал этилди, 105 таси эса ўрганилмоқда.

Учрашувларда мурожаат қилган фуқароларнинг олти нафарига даволаниш учун ордерлар олиб берилди. Хусусан, Сайхунобод тумани Паймард маҳалласи фуқароси Фотима Ҳожиева ордер асосида Тошкент тиббиёт академиясида даволаниш имконига эга бўлди.

— Бир неча йил давомида турли касаллик сабаб 7 марта жарроҳлик амалиётини ўтказдим, — дейди Фотима Ҳожиева. — Аҳволим ҳозирги кунда ҳам яхши эмас, яна жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлаяпман. Аммо бунинг учун маблағ зарур. Даволаниш учун ордер олиш мақсадида қатор ташкилотларга мурожаат қилдим. Аммо натижа бўлмади. Шундан сўнг ЎзМТДП Сирдарё вилоят кенгашига мурожаат қилдим. Мурожаатим жавобсиз қолмади — партия вилоят кенгаши девони раҳбари Шерзод Нурматов ва Сайхунобод туман кенгаши раиси Ботир Қаршиевнинг саъй-ҳаракатлари билан ордер олишга муваффақ бўлдим.

Юртимизда аҳоли сони муттасил ортиб бормоқда. Бу эса, табиийки, фуқароларнинг уй-жойга эҳтиёжи ортишига сабаб бўлади. Депутатлар “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида Янгиер шаҳридаги қатор маҳаллаларда бўлганида аҳоли орасида уй-жойга муҳтож фуқаролар борлиги аниқланди. Мисол учун, Янгиер шаҳридаги “Маърифат” маҳалла фуқаролар йиғини Юнусобод кўчаси 13-уй 2-хонадонда яшовчи фуқаро Зарифа Холбоева уй-жой масаласида мурожаат қилган. Халқ депутатлари Янгиер шаҳар Кенгаши депутати Инобат Обидова мутасадди ташкилотларга айни шу масалада депутатлик сўрови жўнатди. Бунинг натижасида фуқарога янги қурилаётган, арзон уй-жойдан кредит асосида 1 хонали уй бериладиган бўлди.

Худди шундай мурожаат маҳалланинг Ижодкор кўчаси 2-уйида истиқомат қилувчи фуқаро Хуршид Абдуқаюмовдан билдирилди. У тегишли ташкилотларга кўп қаватли уйлардан жой олиш масаласида бир неча бор мурожаат қилгани, лекин бошланғич тўловни тўлашда қийналаётганини айтиб, банкдан кредит олиш тартиби борасида ёрдам сўради. Депутатлар томонидан фуқарога бошланғич тўловни банкдан кредит асосида олиш тартиби тушунтирилди. Айни пайтда бунинг учун керакли ҳужжатлар тўпланмоқда.

— Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, асосий мақсадимиз халқимизни ҳаётдан рози қилиш, эртанги кунга ишонч билан яшашларига эришиш, — дейди халқ депутатлари Янгиер шаҳар Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Инобат Обидова. — Бунда бизга партиянинг “Уйма-уй” лойиҳаси жуда қўл келмоқда. Унинг воситасида жойларда фуқаролар билан бевосита мулоқотга киришяпмиз, уларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиб, зудлик билан ижобий ҳал қилишга ҳаракат қилаяпмиз. Бу йўлда барча депутат ва мутасаддилар ҳамжиҳатликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилса, кўзланган натижага эришиш мумкин.

Ҳозирги пайтда аҳоли, айниқса, уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш мамлакатимизда асосий вазифалардан бирига айланган. Шу боис, депутатларнинг аҳоли билан учрашувларида бандлик борасидаги мурожаатларга, унинг билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Гулистон туманидаги учрашувларда Чорвадор маҳалласи 12-уйда истиқомат қилувчи Дилфуза Ёрқулова педагогика коллежини “мактабгача таълим” мутахассислиги бўйича тамомлаган бўлса-да, муносиб иш топа олмаётганини билдирди. Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Барно Алимованинг саъй-ҳаракати билан фуқаро Гулистон шаҳридаги 17-мактабгача таълим муассасасига ёрдамчи тарбиячи бўлиб ишга қабул қилинди. Бундан ташқари, депутат кўмаги билан туманнинг Олтинтепа маҳалласи 31-уйда истиқомат қилувчи Зулхумор Бўрибоева ҳамда Гулистон шаҳри Сайқал маҳалласи 35-уй 17-хонадонда истиқомат қилувчи Муфаззал Абдураҳимова ҳам 17-МТМдаги бўш иш ўринларида ишлаш борасида меҳнат шартномасига имзо чекдилар.

— Юртимизда биз ёшларнинг муносиб иш билан таъминланишимизга давлат даражасида эътибор берилаётгани эртанги кун учун умид уйғотади, — дейди Дилфуза Ёрқулова. — Коллежни тамомлаганимдан сўнг маълум пайт ўзимга муносиб иш тополмаётгандим. ЎзМТДП депутатлари маҳалламизга келганида улар билан учрашиб, ўз муаммоимни билдирдим. Депутат Барно Алимова ҳужжатларимни кўздан кечирди ва қаерда ишлашим бўйича ўз маслаҳатини аямади. Учрашувдан кўп ўтмай ўзим ёқтирадиган соҳа — болалар тарбиячиси сифатида иш бош­ладим. Бунинг учун партия ва депутат Барно опадан миннатдорман.

Халқ депутатлари Ширин шаҳар Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутатларнинг “Уйма-уй” лойиҳаси доирасидаги учрашувларида мактабгача таълим тизимида баъзи муаммолар мавжудлиги аниқланди. Шаҳарнинг Ҳамид Олимжон кўчаси 15-уйда истиқомат қилувчи Нигора Имомназарова ҳудуддаги мактабгача таълим муассасалари фаолиятидаги камчилик­лар, мавжуд муаммолар хусусида гапирди. Депутатлар фуқарога Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳамда “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари мазмун-моҳияти ва ижроси бўйича маълумот берди. Мавжуд муаммолар юзасидан Ширин шаҳар мактабгача таълим бўлими раҳбариятига депутатлик сўрови жўнатиладиган бўлди. Шунингдек, ушбу масала жорий йилда халқ депутатлари Ширин шаҳар Кенгаши сессияси кун тартибига киритилгани маълум қилинди.

Депутатлар Ширин шаҳар Бунёдкор маҳалласида истиқомат қилувчи бир қатор ёшлар билан учрашувларда уларнинг муаммоларига қулоқ тутишди. Маҳалла ёшларидан Моҳинур Ниязматова ва Маҳлиё Эргашева математика фанига қизиқишини, аммо махсус тайёрлов курсларида қўшимча шуғулланишлари учун оилавий шароити тўғри келмаслигини билдирди. Улар депутатлар кўмагида партиянинг “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида таълим оладиган бўлди. Ҳудуддаги 1-умумтаълим мактабида ёшларга математикадан сабоқ бериб келаётган моҳир педагог Абдуҳаким Акромов уларга ло­йиҳа доирасида бепул таълим беради.

Халқ депутатлари Сирдарё вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзолари аҳолига муносиб турмуш шароити яратиб бериш, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашаётгани фуқароларнинг партия ва депутатларга бўлган ишончи ортишига хизмат қилаётир.

Нурбек ЙЎЛДОШЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг