“Заминобод”га яна шифокорлар келди

0
0

Халқ депутатлари Миробод тумани Кенгашига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган депутат Баҳром Шарипов ташаббуси билан Миробод туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 1-оилавий поликлиника Заминобод маҳалласида сайёр қабул ташкил этди. Қабулда хирург, ортопед, травматолог, кардиолог, терапевт, окулист, лор каби мутахассислардан иборат гуруҳ УТТ, ЭКГ аппаратлари ёрдамида маҳалла аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказди, биокимё ва клиник таҳлиллар қилинди.

— Заминобод маҳалласи билан 1-оилавий поликлиникамиз оралиғидаги масофа анча олис, — дейди поликлиника бош ҳамшираси Азиза Бекмуҳаммедова. — Айниқса, қариялар ва кўп болали оилаларнинг тиббиёт муассасамизга қатнаши қийин. Шу боис маҳаллаларда маълум бир белгиланган вақтда шундай қабуллар ташкил қилишни режалаштирганмиз. Аммо депутат Баҳром Шарипов саъй-ҳаракати билан бу маҳаллада ҳар йили бир эмас, икки марта тиббий кўрик ўтказамиз. Бу борада депутат бош-қош бўлади, биз ва аҳоли учун барча шарт-шароитни яратиб беришга кўмаклашади. Маҳалла биносига келишга қийналаётган қария ва касалманд инсонларнинг эса уйига борамиз. Шунинг учунми, поликлинкадагилар Заминободга “эркатой маҳалла” деб ном беришган.

— Шифокорларнинг маҳаллага келиб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказаётгани биз каби қарияларга жуда маъқул бўлмоқда, — дейди тиббий кўрикка келган 2-гуруҳ ногирони Мавлуда Сафиярова. — Чунки поликлиникамиз маҳалламиздан анча узоқда жойлашган, унга бориш биздек кекса инсонларга мушкуллик туғдиради. Қариганингдан кейин эса шифокорлар ёрдамига тез-тез муҳтож бўлиб қоларкансан. Шу боис бизга қулайлик яратишга кўмаклашаётганлардан миннатдормиз.

Кун давомида шифокорлар юз нафардан ортиқ кекса ва ногирон қарияларга, кўп ва ёш болали оилаларга, туғруқ ёшидаги ҳамда ҳомиладор аёллар, ўсмир қизлар, сурункали касалликларга чалинган беморлар ва ижтимоий ёрдамга муҳтож шахсларга малакали тиббий хизмат кўрсатди.

ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши
матбуот хизмати

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг