Мусиқа ва санъат мактаби бугунги кун талабига жавоб бера оладими? Халқ депутатлари Зафаробод туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи ушбу масалани сессия муҳокамасига олиб чиқди

0
12

Мусиқа инсон руҳияти ва дидини юксалтиради, тасаввур оламини кенгайтиради. Миллий ғурур, ақл-заковат англашга ожизлик қиладиган ботиний туйғуларни уйғотади, инсонга ички хотиржамлик бағишлайди. Мамлакатимизда мусиқа санъатини ривожлантиришда айни шундай мақсад назарда тутилган: ўз ҳаётий мезонларини нафис санъат тамойиллари асосида шакллантирган, диди ўткир, тасаввури тиниқ, тафаккур доираси кенг ёшларни вояга етказишдан иборат.

Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастурида болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш, уларни ҳудудий жиҳатдан мақбул жойлаштириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг ижодий салоҳиятини ошириш, мусиқа ва санъатга нисбатан меҳр-муҳаб­бат уйғотиш, бу борада тўпланган жаҳон тажрибаси ва меросини чуқур ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари назарда тутилган.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида ҳам мамлакатимизда болаларнинг руҳий-маънавий дунёси ва маданий савиясини ўстиришда миллий ва жаҳон мусиқа санъатини чуқур ўрганиш, уларни халқаро нуфузли танлов ва фестивалларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритиш­лари учун қулай шарт-шароит яратиш, маданият муассасалари, “Баркамол авлод” болалар марказлари, мусиқа ва санъат мактабларини ривожлантиришга кўмаклашиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шу боис ЎзМТДПнинг ҳудудий партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари жойлардаги мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятининг бугунги аҳволини ўрганмоқда.

Яқинда халқ депутатлари Зафаробод туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзолари тумандаги  9-мусиқа ва санъат мактаби фао­лиятини ўрганди, 2016-2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси билан танишди. Ўрганиш натижалари  Кенгаш сессиясида муҳокама этилди.

— Бу  масалани сессияга олиб чиқишдан олдин чуқур ўргандик, партия гуруҳи йиғилишида обдон муҳокама қилдик, — дейди халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи раҳбари Шавкат Абдуалимов. — Туманимиздаги 200 нафар ўқувчига мўлжалланган 9-мусиқа ва санъат мактаби 2013 йили қурилиб, фойдаланишга топширилган. Айни пайтда мазкур мактабда 165 ўқувчи ўзбек халқ чолғу созлари, дамли ва зарбли чолғулар, тасвирий санъат, фортепьяно, хореография, эстрада хонандаси, амалий санъат каби йўналишларда таҳсил олмоқда. Ўрганишлар жараёнида айрим дарс соатлари соҳа мутахассиси бўлмаган ўқитувчилар томонидан ўтилаётгани, уларнинг аксарияти бирорта созни чалиш малакасига эга эмаслиги, баъзи ҳолларда дарслар шунчаки шеър ёдлаш ёки таълим мазмунига номувофиқ бўлган қўшиқларни эшитишдан иборат бўлиб қолаётгани аниқланди. Ўқув дастурида гарчи ўзбек халқ мусиқа чолғулари ҳақида маълумот берилса-да, лекин ўша миллий чолғулар тақчил ёки мавжуд эмас. Мактабда 19 нафар ўрта махсус маълумотга эга бўлган мутахассис фаолият юритиб келмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда таклиф билдирардикки, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда Маданият ва санъат институтида олий маълумотли кадрларни тайёрловчи махсус сиртқи бўлим очилса, нафақат бизнинг, балки бошқа ҳудудлардаги мусиқа ва санъат мактабларидаги кадрлар билан боғлиқ муаммоларга ҳам ечим топилган бўлар эди.

Сессияда мусиқа ва санъат мактаби фаолиятини такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди. Қизғин баҳс-мунозараларга бой  ўтган йиғилишда муассасанинг моддий-техник базасини замон талаблари асосида мустаҳкамлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, муассасада болаларнинг ўқиши учун тўланадиган тўлов миқдорини Давлат дастурида белгиланган меъёрларга мувофиқлаштириш, хусусан, кам таъминланган оила фарзандлари учун белгиланган имтиёзларни амалда қўллаш лозимлиги қайд этилди.

Билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклиф-тавсиялар асосида сессия қарори қабул қилинди. Қарорда 9-болалар мусиқа ва санъат мактабидаги ўқув-тарбия жараёнини тубдан қайта кўриб чиқиш ва яхшилаш, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда янги ўқув дастурлари ва ўқитиш методикаларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш белгиланди. Мукаммал ўқув-педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш тизимини жорий этиш, болалар мусиқа ва санъат мактабининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда фойдаланиш самарадорлигини ошириш, уларни янги авлод замонавий ўқув ускуналари ва анжомлари, шу жумладан, мультимедия шаклидаги ўқув адабиёти ва методик қўлланмалар, маҳаллий ва хорижий композиторлар ижодига доир нота тўпламлари, сифатли кўргазмали материаллар билан таъминлаш масалалари ўз аксини топди.

Бундан ташқари Ўзбекистон давлат консерваторияси, Глиэр номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейининг бой имкониятидан фойдаланган ҳолда болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиларининг малакасини ошириш тизимини йўлга қўйиш, болалар мусиқа ва санъат мактабида таҳсил бераётган номутахассис кадрларни мутахассислик бўйича ўқитиш тизимини ишлаб чиқиш, ўрта махсус маълумотли кадрларни олий таълимнинг сиртқи бўлимида ўқитиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш белгиланди.

Шавкат САЙФУЛЛАЕВ,
ЎзМТДП Зафаробод
туман кенгаши раиси:

— Бугунги кунда депутатларимизнинг фуқаролар мурожаати, қонунлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси юзасидан амалга ошираётган ишлари натижасида ўнлаб муаммолар жойида ҳал этиляпти, доимий комиссиялар йиғилиши ва Кенгаш сессияси кун тартибига муайян таклиф ва ташаббус­лар киритилаётир.

Партия дастурий вазифалари асосида сессия муҳокамасига олиб чиқилган мазкур масала ҳам мусиқа ва санъат мактабидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ёш авлод таълим-тарбияси учун ҳар томонлама қулай шарт-шароит яратишда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу ташаббус-масала юзасидан қабул қилинган қарор ижроси таъминланиши туманимиз ёшларининг  истеъдод ва маҳоратини янада ошириш, юртимиз санъати ривожига муносиб ҳисса қўшадиган инсонларни камол топтиришга хизмат қилади.

            Зафар АҲМАДОВ,
ЎзМТДП Зафаробод туман кенгаши
етакчи мутахассиси,
Ойдин АЛИМАРДОНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг