Она тилига беписандлик миллатга хиёнат эмасми?!

0
9

Она тилимизни қадрлаш, асраб-авайлаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Зеро, тилимизни асраш ва ривожлантириш — миллатнинг юксалиши демак. Ушбу масала Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг муҳим дастурий мақсад-вазифаларидандир. Партия сайловолди Платформасида давлат тилини янада бойитиш ва такомиллаштириш, тил маданиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш ҳамда оммавий муомалада ўзбек адабий тили меъёр ва қоидалари бузилишининг олдини олишга қаратилган аниқ мақсадли ишларни амалга ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

“Давлат тили ҳақида”ги, “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Навоий вилоятидаги ижроси юзасидан жамоат жойлари, бино ва иншоотлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига жойлаштирилган айрим реклама воситаларини ўрганиш жараёнида ҳали ҳамон кўплаб имло хатолари учраётганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Натижада ана шу хатолардан миллий қадриятлар ва маънавиятимизга зид маънодаги сўзлар келиб чиқади. Бу салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи ташаббуси билан 2016 йилда сессияга масала киритилган ва қарор қабул қилинган эди. Аммо бугунги кунга қадар вилоятда унинг ижроси етарли даражада таъминланмаяпти.

Танишларимдан бири айтиб қолди: “Ўғлим синф ишида “харид” сўзини “ҳарид” тарзида ёзган экан, устозидан танбеҳ эшитиб, паст баҳо олибди. Мен ҳам уни хато ёзганликда айбладим. Лекин фарзандим Навоий шаҳри 10-даҳа ҳудудидаги деҳқон бозорида “Haridingiz uchun rahmat”, деб ёзилган баннерни кўрсатганида ўғлимни нима чалғитганини англагандай бўлдим…”.

Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда жуда кўплаб жамоат жойлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталарида эътиборсизлик билан (саводсизларча!) ёзилган турли-туман сўзларга дуч келамиз. Энг ачинарлиси, энди савод чиқараётган фарзандларимиз ўша ёзувларни кўриб, тўғри қабул қилишади ва дарс жараёнларида ҳам шундай ёзишга одатланиб боради.

Бозорга тушганимда гувоҳ бўлдимки, бозор ҳудудидаги аксарият пешлавҳа, реклама ва баннерлардаги сўзларда имло хатолар мавжуд. Жумладан: “guruch” сўзи “gurunch”, “xarid” сўзи “harid”, “daha” сўзи “daxa”, “mahsulot” сўзи “maxsulot”, “Karmana mehr” – “Karmana mexir”, “shoxobcha” сўзи “shahobcha”, “diyor” – “dior” деб ёзилган.

Бундай хатоларни санаб адоғига етмайсан…

Наҳотки, “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилинганига 28 йил, “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганига эса 24 йил тўлган бўлса-да, ҳанузгача ўзбек адабий тили имло қоидаларига амал қилмаслик ва турли хатоликларга дуч келаверамиз?! Бу тилга беписандлик эмасми?

Бундай ҳолатни фақатгина 10-даҳадаги деҳқон бозорида эмас, балки вилоятнинг барча бозорларида учратиш одатий ҳолга айланиб қолган. Шунингдек, кўплаб дўконлар, пайнет шохобчаларида, айрим реклама баннерлари ўзбек ва инглиз тилларида, лотин ва кирилл алифболарида аралаш сўзлар билан ёзилган ёзувларни кўриб ажабланасиз.

Бугун барча корхона, ташкилот ва муассасаларда раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси ёхуд шу масала бўйича масъул ходимлар фаолият олиб боради. Хўш, улар қаёққа қарашмоқда?! Ўша шиор ёки кўргазмали воситалар тайёрланаётганида улар бир марта бўлса-да, кўз ташлаб қўйяптимикан? Агар улар масъулиятни ҳис қилганида, бу ёзувлар фарзандларимиз саводига ҳам салбий таъсир кўрсатишини ўйлаб кўришганида, балки бу хатоликлар юзага келмасмиди?!

Ҳозирда янги фаолият бошлаётган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида “МЫ ОТКРЫЛИСЬ” ёки “Аёллар ва эркаклар тикувхонаси” деган ёзувларга кунда-кунора кўзимиз тушади. Улардан маъно-мантиқни эса минг урининг, излаб тополмайсиз…

Мутахассисларнинг таъкидлашича, болалар ёзганини эмас, кўрганини кўпроқ эслаб қолар экан. Шундай экан, ҳар бир сўзнинг тўғри ёзилишига алоҳида  эътибор қаратиш, ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларига амал қилиш лозим.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, барча шиорлар, баннер ва пешлавҳалардаги хатоликлар кўп ҳолларда бир хил. Бундан кўринадики, ушбу ёзувларни буюртмачиларга етказиб бераётган полиграфия корхоналари фаолиятини қайтадан кўриб чиқиш ва бу хил хатоликлар юзага келса, уларга нисбатан қатъий чоралар кўриш лозим. Шунингдек, уларда давлат тилини яхши биладиган, саводли ходимни ишга олиш ёхуд буюртмаларни улар ўқиб чиқиб, хатосини тузатганидан кейингина кўпайтиришга рухсат бериш кераклигини белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Абдували БЎРИЕВ,
ЎзМТДП Навоий вилоят кенгаши
матбуот котиби

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг