Одамлар, авайланг бир-бирингизни! Мамлакатимиздаги жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекиш тақиқланди

0
8

Сўнгги пайтларда кашандаликнинг янгича, гўёки замонавий кўриниши — чилим ва электрон сигареталар чекиш урфга кирмоқда. Ҳам ёшлар, ҳам катталар орасида кенг тарқалиб бораётган бу ташвишли муаммо нафақат чекувчиларнинг ўзига, балки атрофидаги одамлар соғлиғига ҳам салбий таъсир кўрсатиши билан аянчлидир.

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташаббуси билан “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Парламент қуйи палатасида қизғин муҳокамалардан сўнг қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланган мазкур қонун 2018 йил 2 июль куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди. ЎзМТДП фракцияси аъзоси Зумрад БЕКАТОВА билан суҳбатимиз ушбу қонун мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида кечди.

— Аввало, чилим ва электрон сигареталарнинг инсон саломатлигига салбий таъсири, зарари хусусида тўхталиб ўтсангиз.

— Фракциямизнинг бир гуруҳ аъзолари чилим ва электрон сигареталарни истеъмол қилиш ҳолатини, унинг инсон саломатлигига зарарли оқибатларини ўрганганда, катта ёшдаги аҳоли орасида сигарета, сигара, трубка, чилим чекувчилар 2002-2006 йилларда аниқланмагани, 2014 йилда эса бу ҳолатлар 18-64 ёшдаги эркаклар орасида 26,8 фоизни, аёллар орасида 1,4 фоизни ташкил қилганлиги маълум бўлди. Агар электрон сигарета ва чилим ўсмирлар орасида тарқалаётганини ҳисобга олсак, бу кўрсаткич янада юқори бўлиши табиий.

Баъзи инсонлар чилим ва электрон сигареталар инсон саломатлигига тамаки маҳсулотларига нисбатан кам таъсир этади, деб ўйлайди. Афсуски, бу турдаги воситаларнинг саломатликка салбий таъсири тамаки маҳсулотиникидан юқори. Бу борада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари “Битта нафас олганда организмга кирадиган чилим тутуни битта сигарет чекишда олинадиган тутун билан тенг ҳажмда бўлиб, чилимни бир ўтириб чекиш, бирваракайига 25-30 оддий сигаретани чеккан билан баробар. Чилим сигаретадан зарарли”, деган хулосага келишган.

Тадқиқотлар ушбу восита ва маҳсулотлар саломатлик учун ўта зарарли эканлигини кўрсатади. Электрон сигарета чекиш давомида пайдо бўладиган буғли-тутунли аралашма кучли канцероген таъсирга эга, жигар, буйрак, нафас олиш органлари ва иммун тизимига жиддий путур етказади, тери касалликларини келтириб чиқаради. Чилимда фойдаланиладиган никотинсиз аралашмалар инсон саломатлиги учун барча ёнувчи моддалар каби хавфли ва зарарлидир. Чилим чекиш жараёнида ис газидан ташқари катта миқдорда оғир металл ва турли кимёвий бирлашмаларнинг организмга тушиши онкологик, юрак қон-томир, ўпка ва нафас йўллари касалликларига, асаб ва овқат ҳазм қилиш тизими фаолияти бузилишига, жинсий ва репродуктив қобилият сусайишига олиб келиши кузатилган. Тиш милклари патологиясини ва бошқа касалликларни келтириб чиқаради. Ҳомиладорлик вақтида чилим ва электрон сигареталарни қабул қилиш ҳомиланинг вақтидан олдин, кам вазн билан туғилишига сабаб бўлади. Балоғат ёшида бундай маҳсулотларни истеъмол қилиш эса бепуштликка олиб келиши мумкин. Чунки чилим чекиш давомида инсон тамаки маҳсулотларидан-да кўпроқ тутун ютиши натижасида организмга жуда катта миқдорда зарарли моддалар тушади. Шу билан бирга, чилим ва электрон сигареталарни гуруҳ бўлиб чекиш гигиена талабларига мос эмаслиги сабаб турли юқумли касалликларнинг юқиш хавфи ортади.

Энг ёмони, чилим чекишда тамаки маҳсулоти ёки чекиладиган қоришма (тутатқи қиём, тутатқи тош)дан ташқари кам миқдорда бўлса-да, гиёҳвандлик (наша) ва соғлиқ учун зарарли бўлган бошқа моддаларни истеъмол қилиш ҳоллари ҳам мавжуд.

— Ушбу қонунни ишлаб чиқишнинг зарурати нимада?

— Ҳозирги вақтда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ва тарқатишни чеклаш “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек, алоҳида меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Тамаки маҳсулотлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган “Тамаки маҳсулотлари бўйича гигиена талаблари”га риоя этилган стандарт ва технологиялар асосида тайёрланади. Бироқ чилим ва электрон сигарета чекиш кашандаликнинг янги кўриниши сифатида кейинги пайтларда кўпаяётганлиги сабаб бу соҳадаги муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқий асос ва механизмлар мавжуд эмас эди. Чилим ва электрон сигарета чекишда фойдаланиладиган маҳсулотлар турлича бўлиб, унинг сифати ва таркибига бўлган талаблар ҳам қонунчиликда кўзда тутилмаган. Бу эса чекишнинг ушбу турлари оммалашишига олиб келиши мумкин.

— Қонунда назарда тутилган меъёрлар ҳақида батафсил тўхталсангиз…

— Қонунда “чилим”, “электрон сигарета”, “тутатқи қиём”, “тутатқи тош” каби асосий тушунчаларнинг мазмуни очиб берилган. Чилим ва электрон сигареталар рекламасини чеклаш, тарғиботини тақиқлашга оид меъёрлар ўз аксини топган. Бу борадаги чора-тадбирларни амалга оширишга масъул шахслар, уларнинг мажбуриятлари белгиланди. Жумладан, жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш бўйича профилактика чора-тадбирларини амалга оширишда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, корхоналар (муассасалар), ташкилотлар, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг иштироки белгилаб қўйилди.

Жамоат жойларида бу турдаги маҳсулотларни чекиш, шунингдек, фойдаланиш учун тақдим этиш тақиқланди. Хусусан, қонуннинг 6-моддасида белгиланганидек, кинотеатр, театр, цирк, концерт, кўрик ва кўргазма заллари, музей, компьютер заллари, ахборот-кутубхона муассасалари, поезд, дарё кемалари, автобуслар, такси, йўналишли таксилар ҳамда шаҳар электр транспортида, ҳаво кемаларида чилим ва электрон сигареталарни чекишга йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, ер ости ўтиш жойлари, транспорт бекатлари ва автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари, аэропорт, темир йўл, автомобиль вокзаллари ва сув транспорти бекатларининг биноларида, тиббиёт ва таълим муассасаларида, спорт иншоотларида, стационар савдо объектлари, умумий овқатланиш корхоналарида ҳам (чилим ва электрон сигареталар чекиш учун махсус ажратилган хоналар бундан мустасно) тақиқланади.

— Қонун талаб ва меъёрлари бузилган ёхуд уларга амал қилинмаган ҳолатда қандай чоралар қўлланилади, жавобгарлик масалалари ҳам кўзда тутилганми?

— Албатта, жавобгарлик масалалари ҳам белгилан­япти. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган бўлиб, унга кўра “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни чеклаш тўғрисида”ги қонунда белгиланган талабларни бузганлик учун ҳуқуқбузарлик турига қараб энг кам иш ҳақининг 1 баробаридан 15 баробаригача жарима белгилаш назарда тутилган.

— Ушбу қонунда кўзда тутилган масалалар инсоният саломатлиги, тақдири учун муҳим. Шундай экан, бу борада халқаро тажриба хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Мазкур қонунни ишлаб чиқиш жараёнида хорижий давлатлар тажрибаси, халқаро ҳужжатлар чуқур ўрганилди. Никотинга қарамлик масаласи кескин турган қатор хорижий давлатларда тамакисиз аралашмаларни чекиш ҳам одатдаги тамакини истеъмол қилиш каби хавфли деган хулоса мавжуд. Шу муносабат билан элликдан зиёд давлатда тамакидан холи муҳит тўғрисида қонунлар қабул қилинган, амалиётда бу қонунларнинг меҳмонхона сектори ва бизнес соҳасига салбий таъсири кузатилмаган. Жумладан, жамоат жойларида чилим чекиш Германия, Италия, Австрия, Беларусь, Франция, Швеция, Украина, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Қувайт ва бошқа давлатларда тақиқланган. Бу мамлакатларда ушбу ҳуқуқбузарлик учун жарима санкциялари белгиланган. Айрим давлатлар қонунчилигида ҳуқуқбузарларни ахлоқ тузатиш ишларига ҳам йўналтириш кўзда тутилган.

— “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни чеклаш тўғрисида”ги қонун ўз моҳияти ва аҳамияти билан ЎзМТДП дастурий вазифаларига ҳамоҳанг…

— Дарҳақиқат, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаш, улар ўртасида салбий ҳолатларга барҳам бериш, айниқса, уюшмаган ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, аҳоли саломатлигини таъминлаш тарафдори. Жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришни илгари суради. Мазкур қонун ҳам жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекиш кенг тарқалишининг олдини олиш баробарида ёшларни бу каби иллатлардан асраб-
авайлашда муҳим ўрин тутади. Шунинг­дек, чекмайдиган фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, аҳоли саломатлигини сақлаш, чилим ва электрон сигареталар чекилиши натижасида келиб чиқадиган хасталиклар, шу жумладан, юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга хизмат қилади. Шундай экан, партия дастурий вазифаларига муштарак, фракциядош­ларимиз ташаббуси асосидаги ушбу қонун мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, у кучга киргач, ижросини таъминлашда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари биргаликда фаол иштирок этишимиз зарур.

 “Milliy tiklanish” мухбири
Муҳтарама КОМИЛОВА суҳбатлашди

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг