Ўзбекистонда маданий мерос объектларининг муҳофазаси янада кучайтирилади

0
12

Ватанимиз истиқлолининг дастлабки йиллариданоқ маданий меросимизни ишончли муҳофаза қилиш ва уни келажак авлодга асл ҳолича етказиш борасида муҳим қадамлар қўйилди. Энг муҳими, ЮНЕСКОнинг соҳага оид 4 Конвенцияси ратификация қилинди, соҳани тартибга солишга қаратилган 5 қонун ва 20 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Маданий меросни муҳофаза қилиш давлат раҳбари, ҳукумат ва парламент даражасидаги доимий кун тартибидаги масалага айланди.

Бу борада Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва унинг барча даражадаги ташкилот ва депутатлари партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, муайян ташаббусларни амалга оширмоқда. Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ташаббуси билан амалдаги қирқдан ортиқ қонунларга ўзгартиш ва қўшимча киритишга қаратилган қонун лойиҳаси 2017 йилда қуйи палата муҳокамасига  киритилган эди. Ушбу қонун шу йилнинг 18 апрелида қабул қилиниб, маданий мерос объектларининг муҳофаза ҳудудларида қурилиш ишлари чекланди.

Ўзбекистон 1995 йил 22 декабрда Жаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилган. Конвенция доирасида Хива шаҳридаги Ичан қалъа, “Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси” объекти, Бухоро ва Шаҳрисабз тарихий марказлари ҳамда Чотқол биосфераси (табиий мерос) Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Мамлакатимиз ривожланишининг бугунги босқичида маданий меросни муҳофаза қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида энг устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам маданий меросимизни асраб-авайлаш ва ундан оқилона фойдаланиш масаласида бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар натижасида мазкур Конвенцияга риоя қилиш, Жаҳон мероси қўмитаси тавсияларини бажариш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилаётир. Давлатимиз раҳбарининг қарорлари билан Бухоро тарихий маркази ва Хива шаҳридаги Ичан қалъа алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудуд сифатида эътироф этилди ва ушбу ҳудудларда амалга ошириладиган ҳар қандай қурилиш ишларининг лойиҳаларини Жаҳон мероси қўмитаси билан аввалдан келишиб олиш белгиланди.

Ўзбекистон ташаббуси билан биринчи марта Ҳазрати Хизр мажмуасидаги янги объектнинг қурилиш лойиҳаси Жаҳон мероси қўмитаси билан аввалдан келишилди ва халқаро экспертлар жалб этилган ҳолда Бухоро тарихий маркази ва Хива шаҳридаги Ичан қалъанинг сақланиш ҳолати мониторинг қилинди.

Афсуски, Шаҳрисабз тарихий марказида кенг кўламда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб боришда Конвенция ва уни амалга ошириш бўйича амалий қўлланма қоидаларига риоя қилинмаганлиги ва уларнинг лойиҳалари ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси қўмитаси билан аввалдан келишилмаганлиги натижасида тарихий марказнинг бебаҳо қийматига жиддий салбий таъсир этган эди. Ваҳоланки, Ўзбекистоннинг жанубий қисмида, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Шаҳрисабзнинг тарихий марказига 2 минг йил аввал асос солинган бўлиб, у XIV-XV асрларда Кешнинг сиёсий ва маданий маркази сифатида дунё тараққиётида алоҳида ўринга эга бўлган. Шаҳрисабзда шаҳарнинг бир неча минг йиллик ривожланиш тарихидан, жумладан, XV-XVI асрларда Амир Темур ва темурийлар давридаги тараққиёт ҳамда тамаддундан сўзловчи ноёб осори-атиқалар, қадимий даҳалар ва ёдгорликлар жойлашган.

Ўзбекистон ҳудудида Конвенция қоидаларига оғишмай риоя қилиш, мамлакатимиздаги Жаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар ва ҳудудларни муҳофаза қилиш, уларнинг ноёблиги, жаҳон маданияти ва тарихига қўшган беқиёс ҳиссасини сақлаб қолиш мақсадида 2018 йил 9 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистон Республикасидаги ҳудудларни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ, Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистон Республикасидаги ҳудудларни муҳофаза қилишни такомиллаштириш ва ЮНЕСКО ҳузуридаги Жаҳон мероси қўмитасининг тавсияларини мамлакатимизда амалга ошириш бўйича 26 та банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланди. Унда маданий мерос объектларини, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган маданий мерос муҳофазасини кучайтириш мақсадида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, Шаҳрисабз тарихий марказида, Хива шаҳридаги Ичан қалъа ва Бухоро тарихий марказида амалга ошириладиган ишлар, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга оид амалий чоралар белгиланди. Шунингдек, Конвенция ҳамда маданий меросга тааллуқли Ўзбекистон Республикаси қўшилган бошқа халқаро шартномаларни миллий қонун ҳужжатларига тўлиқ имплементация қилиш юзасидан таклифлар тайёрлаш белгиланди.

Шунингдек, “Йўл харитаси”ни амалга ошириш, Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистон Республикасидаги ҳудудларни муҳофаза қилишни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш бўйича Республика идоралараро ишчи гуруҳи тузилди. Ушбу гуруҳга “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларни халқаро экспертларни жалб этган ҳолда ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш, миллий қонун ҳужжатлари, шаҳарсозлик норма ва қоидалари, тарихий шаҳарларнинг бош режаларини танқидий таҳлил қилиш, Ўзбекистон маданий мероси, шу жумладан Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар (объектлар)нинг ишончли муҳофаза қилинишини ташкил этиш, бу борада жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шу жумладан, жамоатчилик кенгашлари фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш вазифаси юклатилди.

Бундан ташқари, Жаҳон мероси рўйхатига киритилган мамлакатимиздаги барча ҳудудлар (объектлар) алоҳида муҳофаза қилинадиган ҳудудлар сифатида эътироф этилиши ҳамда уларда режалаштирилган барча қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси қўмитаси ва Маданият вазирлиги билан белгиланган тартибда аввалдан келишилган ҳолда амалга оширилиши шартлиги белгиланди. Шунингдек, ушбу ҳудудларнинг 2018-2022 йилларга мўлжалланган Бошқарув режалари лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда уни ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси қўмитаси билан белгиланган тартибда келишган ҳолда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш каби улкан, айни пайтда стратегик вазифалар кўрсатилди.

Жаҳон мероси рўйхатига киритилган тегиш­ли ҳудудлар (объектлар)ни муҳофаза қилиш бўйича Халқаро маслаҳат кенгашини ташкил этиш, маданий мерос соҳасидаги халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, ЮНЕСКО ҳузуридаги Жаҳон мероси қўмитасига аъзо давлатлар, жаҳон меросини муҳофаза қилиш борасида катта тажрибага эга бўлган хорижий давлатларнинг вакиллари билан Ўзбекистон вакилларини доимий амалий мулоқот олиб боришига қаратилган “Дўстлар клуби” фаолиятини йўлга қўйиш каби халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган.

Айни пайтда Шаҳрисабз тарихий марказидаги тарихий ҳолатга мос келмаган аттракцион ва болалар ўйин қурилмаларини бошқа жойга кўчириш, устун шаклидаги сунъий ёритиш мосламаларини олиб ташлаш, уларни ер сатҳи бўйлаб жойлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ушбу қарор Ўзбекистон ҳудудида Конвенция қоидаларига оғишмай риоя қилиш, мамлакатимиздаги Жаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар ва ҳудудларни муҳофаза қилиш, уларнинг асл ҳолатини тўлиқ сақлаб қолиш ва келажак авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этади. Бу, ўз навбатида, ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланган маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга ўз ҳолича етказишга кўмаклашиш сингари дастурий вазифалари ижросига хизмат қилади.

 Нодир МУХТОРОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг