Ёшлар муаммоларини ҳал қилишда изчил ҳамкорлик зарур: айни шу мақсадда ЎзМТДП билан вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик битими имзоланди

0
14

Ёшлар — мамлакат келажагининг асосий пойдевори, бошланган эзгу ислоҳотларнинг давомчилари. Шу боис уларни ҳар томонлама соғлом ва етук қилиб тарбиялаш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, қулай шарт-шароитлар яратиш, ёш авлодни турли оқимлар ва ёт ғоялар таъсиридан асраш устувор вазифадир.

Шу йилнинг 4 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар билан тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ёшлар сиёсати борасида амалга оширилаётган ишлар ва олдимизда турган муҳим вазифаларга эътибор қаратди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ташаббуси билан Ўзбекис­тон Мусулмонлар идораси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамкорлигида давлатимиз раҳбарининг мазкур видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан давра суҳбати ташкил этилди.

“Ёшларни маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларни турли оқимлар ва ёт ғоялар таъсиридан асраш устувор вазифалардан биридир” мавзусидаги ушбу тадбирни партия Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов олиб борди.

— Давлатимиз раҳбарининг  ёшларга оид сиёсати замирида келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларни ҳар томонлама баркамол, юрт тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига оладиган қилиб тарбиялаш мақсади мужассам, — деди партия етакчиси. — Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки мамлакатимиз аҳолисининг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Улар тақдири, эртасига ҳар биримиз масъ­улмиз. Шу йилнинг 4 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналиш­ларидан бирига айланганини, аммо ёшлар билан ишлашда ҳамон камчиликлар мавжудлигини алоҳида таъкидлади.

Шу йилнинг ўтган даврида содир этилган 17,5 минг жиноятнинг қарийб 31 фоизи ёшлар ҳисобига тўғри келаётгани, бу ҳолат айниқса, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида юқорилигича қолаётгани қайд этилди. Содир этилган жиноятнинг асосий қисми эса ўқимайдиган ва ишламайдиган ёшлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Ёшлар ўртасидаги муаммолар, жумладан, жиноятчиликнинг илдизи аксар ҳолларда ишсизликка бориб тақалаётгани сир эмас. Жойлардаги ўрганишларимиз давомида ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида жиддий муаммолар мавжудлигига гувоҳ бўляпмиз. Умуман, ёшлар орасидаги мавжуд муаммоларни янада чуқур ўрганиш, уларни ҳал этиш, давлатимизнинг бу борадаги сиёсатига кўмакдош бўлиш олдимизда турган муҳим вазифадир. Шундан келиб чиққан ҳолда ҳудудий партия ташкилотлари, депутатлар ҳамда “Ёшлар қаноти” етакчиларининг уюшмаган ёшлар билан ишлаш борасидаги фаолиятини янада самарали ташкил этиш зарур.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур бугун юртимизда олиб борилаётган диний-маърифий илоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида тўхталди:

— Ёшлар учун жуда кенг шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Бундан фақат унумли фойдаланиш, ўқиб-изланиш зарур. Мактаб таълимига эътиборни кучайтириш лозим. Чунки мактабдаги таълим-тарбия инсон умрининг охиригача асосий пойдевор бўлади. Бизнинг ёшлигимизда бугунгидай имкониятлар йўқ эди. Аммо устозларимизнинг дарсларини қизиқиб тинглашга, кўпроқ билим олишга интилар эдик. Ўзимга келсак, ёшлигимдан Навоий асарларини севиб ўқиганман. Отам ўзи савод чиқаришга-да имкони бўлмагани сабаб ҳар доим бизни мутолаага ундарди, ўқишимизни ҳамиша назорат қиларди.

Мустақилликни қўлга киритганимиздан сўнг миллий, диний қадрият ва анъаналаримиз қайта тикланди, ривожланишга юз тутдик. Миллий ва диний қадриятлар умумлаштирилган ҳолда ривожлантирилса, миллат юксалади. Шу маънода буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий-диний меросини ўрганиш ва тадқиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо бу борада ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар талай.

Бунда Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётгани айни муддао бўлди. Ушбу марказ исломий таълимда, аждодларимиз меросини тадқиқ  ва тарғиб этишда муҳим ўрин тутади. Аждодларимиздан мерос қолган тиббиёт, астрономия, география, тарбия ва бошқа масалаларга оид кўплаб бой манбалар мавжудки, уларни тадқиқ этиш ва келажак авлодларга етказиш — бугунги куннинг  муҳим вазифасидир. Шунингдек, ёшларни ёт ғоялардан асраш, уларнинг мафкуравий иммунитетини шакллантириш, маънавияти, маърифатини юксалтиришда муҳим ўрин тутади, — деди нотиқ.

Давра суҳбатида ёшларга оид сиёсатга кўмакдош бўлишда партия “Ёшлар қаноти”нинг фаолиятини тубдан кучайтириш, ёшлар ичига янада чуқурроқ кириб бориш лозимлиги таъкидланди. Хусусан, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, банк кредитларини олишда кўмаклашиш зарурлиги қайд этилди. Маълумки, Ёшлар куни арафасида “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури тасдиқланди ва Ёшлар иттифоқи ҳузурида “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси ҳамда унинг туман, шаҳар филиаллари ташкил қилинди. Бу тузилма маблағларидан ёшларнинг бизнес лойиҳалари учун йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит берилади. Ушбу дастур доирасидаги саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этиш партия “Ёшлар қаноти”, шунингдек, барча даражадаги депутатлар зиммасидаги муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилди. Президентимиз маърузасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, партия “Ёшлар қаноти”га барча ҳудудларда ёшлар билан маънавий-маърифий йўналишдаги ишларни янада жонлантириш, уларни музей, театр ва бошқа маданий-маънавий масканлар, спорт мусобақалари, илм-фан, спорт ва амалий санъат тўгаракларига фаол жалб этиш орқали бўш вақтини мазмунли ўтказишини ташкил этиш вазифалари юклатилди.

Давра суҳбатида вояга етмаган қизлар ўртасида эрта турмуш ва ёш оилаларда учраётган ажримларнинг ҳолати, бу борадаги муаммолар ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Дилором Тошмуҳамедова видеоселектор йиғилишида Президентимиз алоҳида эътибор қаратган мазкур масала юзасидан олиб борилаётган амалий саъй-ҳаракатлар хусусида тўхталди.

Таъкидланганидек, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оила билан боғлиқ барча муаммони ўрганиш, уларни бартараф этишга кўмаклашади, оила институтига дахлдор ташкилотларни бирлаштирган ҳолда, ҳамкорликда иш олиб боради. Айни пайтда оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган концепция ишлаб чиқилган бўлиб, унда оила билан боғлиқ барча масалалар илмий асосда ўрганилган ва ўз аксини топган.

Ушбу марказ ташкил топганидан буён ўтган қисқа давр ичида жойларда оилалар вакиллари, турмуш қуриш ёшидаги йигит-қизлар ўртасида бир неча марта сўровнома ўтказилган. Жумладан, Сирдарё вилоятида оилавий ажримлар борасидаги ўрганишлар жараёнида турли сабаб билан ажрашган ёшларга маълум маънода кўмак берилганида оилаларни сақлаб қолиш мумкинлиги аён бўлди. Шунингдек, эрта турмуш қуриш ва ажримларда фақат ота-оналарни айбдор қилиш ҳоллари кузатилмоқда. Бу каби салбий ҳолатлар, умуман, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази олдига қўйилган мақсад-вазифаларни биргина ташкилот ёки идора воситасида амалга ошириб бўлмайди. Бунинг учун изчил ҳамкорлик зарур. Шундагина юртимизда мустаҳкам оилалар сонини кўпайтириш, эрта турмуш ва қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг  олдини олишга эришиш мумкин.

Айни шу мақсадда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик Битими имзоланди. Ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Партия ва “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, уларнинг ҳудудий ташкилотлари ушбу ҳамкорлик доирасида оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш, соғлом оила қуриш ҳамда жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни дунёга келтириш, ёшларни ҳаётга тайёрлаш, ёш оилаларга ғамхўрлик қилиш, шунингдек, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлашда фаол иштирок этишига келишиб олинди.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг