Импорт маҳсулотларни камайтириш: маҳаллий тадбиркорлар олдидаги муҳим вазифадир

0
1

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамда “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси ҳамкорлигида “Миллий маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнида маҳаллий хом ашё ресурсларидан самарали фойдаланишнинг долзарб масалалари: “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси корхоналари мисолида” мавзусида кўргазмали семинар ташкил этилди.

Унда ЎзМТДП Марказий кенгаши, партия фракцияси, Ўзбекистон Респуб­ликаси Бош прокуратураси, Савдо-саноат палатаси, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳокимликлари, вазирлик ва хўжалик бирлашмаларининг масъул ходимлари, мамлакатимиздаги эркин иқтисодий ва кичик зоналар раҳбар ходимлари, тадбиркорлик субъектлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Семинарда Ўзбекистон ‘’Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Пардаев, “Ўзэлтехсаноат” АК бошқарув раиси вазифасини бажарувчи Алишер Абдуллаев ва бошқалар мамлакатимизда миллий маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш ва экспорт миқдорини янада ошириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида тўхталиб ўтди. Хусусан, электроника, кабель ва маиший жиҳозлар ишлаб чиқариш экспортини ривожлантириш ҳамда импорт миқдорини камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

“Ўзэлтехсаноат” акционерлик компанияси, “Артел”, “Андижон кабель”, “Ўзкабель”, “Ўзэлектроаппарат” корхоналарининг масъул ходимлари соҳадаги мавжуд муаммолар, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасидаги фикр-мулоҳаза ва таклифларини тақдимотлар воситасида кўрсатиб бердилар.

Тадбирда “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси таркибига кирувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган импорт маҳсулотлари ва уларни юртимизда маҳаллийлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастури таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, мамлакатимизда электротехника саноати хом ашё базаси етарли даражада шаклланмаган. Шу сабаб ички бозор имкониятлари ушбу тармоқнинг хом ашё ва бутловчи қисмларга бўлган талабини тўлиқ таъминлай олмайди. Бу, ўз нав­батида, республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган аксарият турдаги хом ашё ва бутловчи қисмларни импорт қилишга сабаб бўлмоқда. Хусусан, 2017 йилда соҳа корхоналари томонидан умумий қиймати 244,7 миллион АҚШ доллари, жорий йилнинг январ-май ойларида эса 103,7 миллион долларлик хом ашё хориждан олиб келинган.

Шунга қарамасдан, компания ўз таркибидаги корхоналар ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда импортни оптималлаштиришга доир қатор чора-тадбирларни доимий равишда амалга ошириб келмокда. Импорт ҳажмини қисқартириш йўлида кабеллар учун зарур бўлган полиэтилен хом ашёсини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар етказиб бераётганини таъкидлаш лозим. Хусусан, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ билан ҳамкорликда олиб борилган изланишлар натижасида кабеллар учун полиэтилен хом ашёсини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Семинарда маърузачилар импорт билан шуғулланувчи ташкилотлар, импорт қилинадиган хом ашё ва бутловчи қисмлар ҳамда маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг маълумотлар базасини яратиш ва ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш, тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш каби масалаларда қатор изланишлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидладилар. Маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ҳисобидан импорт ҳажми ва турларини мақбуллаштириш бўйича қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг аҳамиятига алоҳида урғу қаратилди. Бу борада жорий йилнинг 29 июнида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

Тадбир давомида “Ўзэлтехсаноат” АК таркибига кирувчи корхоналар томонидан кабель-сим, маиший ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ҳамда бугунги кунда импорт қилинаётган бутловчи қисмларнинг тақдимоти ташкил этилди. Унда мазкур бутловчи қисмларни маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқариш борасида маълумотлар берилди ҳамда тўғридан-тўғри шартнома тузиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Азамат ПАРДАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари
қўмитаси раиси ўринбосари, ЎзМТДП фракция аъзоси:

— Бугунги семинар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат
Мирзиёевнинг жорий йил 29 май куни мамлакатимизда экспорт ҳажмини ошириш, импортни оптималлаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси доирасида ташкил этилди. Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда импортни оптималлаштириш ишлари талаб даражасида эмаслигини танқидий таҳлил қилган эди. Жумладан, жорий йилнинг 4 ойи мобайнида республикамиз бўйича товарлар импорти 4,86 миллиард долларни ташкил этиб, 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 миллиард доллар ёки 30 фоизга ошган. Бунга асосий сабаб импорт таркибини ўрганиш ва уни оптималлаштириш бўйича ишлар етарли даражада йўлга қўйилмаганлигидир. Бугун мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни, яъни импорт ҳажмини камайтиришга хизмат қилувчи хом ашё ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчиларга солиқ ва божхона соҳасида қатор имтиёзлар берилган. Импортни қисқартириш ва мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш учун тадбиркорлик субъектларига, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга кўмак бериш, уларнинг кичик саноат зоналарида эркин фаолият олиб бориш­ларига имкон яратиш — ҳозирги иқтисодий ислоҳотларимизнинг асосий вазифаларидан биридир. Бугунги кўргазмали семинардан кўзланган мақсад-муддао ҳам шу.

Нурбек ЙЎЛДОШЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг