Амалий натижаларга эришиш асосий вазифамизга айланмоғи лозим

0
13

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев­нинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан учрашувдаги маърузасида сиёсий партиялар ва уларнинг депутатлик бирлашмалари фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, олдимизда турган муҳим вазифалар хусусида сўз борган эди. Ўтган бир йил давомида мазкур танқидий таҳлилдан келиб чиқиб, партиямиз фаолиятида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Ҳар бир партия ташкилоти, депутатлик корпуси вакиллари ўз фаолиятини танқидий-таҳлилий қайта кўриб чиқиб, янги мезонлар асосида йўлга қўйди.

Фаолиятимиз давомида партия сайловолди Платформасида белгиланган дастурий мақсад-вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда маънавий соҳадаги ислоҳотларни амалга ошириш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, миллий иқтисодиётда туризмнинг ўрнини ошириш масалаларида партия муайян ташаббуслар билан чиқмоқда.

Президентимиз маърузасида ҳар бир сиёсий партия ўзининг дастурий йўналишларидан келиб чиқиб, парламент ва депутатлик назоратини амалга оширувчи давлат органларини белгилаб олиши юзасидан кўрсатмалар берилган эди. Шундан келиб чиқиб, партиямиз Маданият вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорлик меморандумини имзолади, аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Ҳамкорларимиз кўмагида “Маданият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳамда “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни янги таҳрирда тайёрланмоқда.

Мамлакатимиздаги мавжуд маданий мерос объектларини асраб қолиш ва тарихий ёдгорликларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ва консервациялаш, уларнинг чегаралари ва муҳофаза ҳудудларини белгилаш, кадастр рўйхатидан ўтказиш каби вазифалар партиямиз олдида турган муҳим вазифалардандир. Шуни инобатга олиб, партиямиз Маданият вазирлиги билан бирга ҳудудлардаги маданий мерос объектлари ҳолатини ўрганди. Натижада 5 минг 500 дан ортиқ моддий маданий мерос объекти ҳақида ҳудудлар кесимида фото материаллар ҳамда улар ҳолатига доир маълумотлар йиғилиб, Вазирлар Маҳкамаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Маданият вазирлигига тақдим қилинди.Партия ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлиги доирасида туризм соҳаси учун кадрларни тайёрловчи олий ва ўрта махсус таълим муассалари ўқув жараёни ҳамда ўқув дастурлари билан танишиш, уларни такомиллаштириш мақсадида таълим муассасаларида очиқ мулоқот ҳамда ўрганишлар ўтказилди.

Партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳам қонун ташаб­бускорлиги ва ижодкорлиги жараёнида фаоллик кўрсатди. Жумладан, партия сайловолди Платформаси ижроси ва электорат манфаатлари ҳимоясига хизмат қилувчи учта қонун лойиҳаси — юртимизда энергетик ичимликларни ишлаб чиқариш, истеъмол қилиш ва сотишни чеклаш бўйича “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”, “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари партия фракцияси аъзоларининг қонунчилик ташаббуси асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди. Фракциямиз жами 9 қонун лойиҳасида ташаббускор бўлди.

Парламент қабул қилган қонунлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, муҳим ижтимоий, социал-иқтисодий аҳамиятга эга қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ҳудудларда фуқаролар, партия гуруҳлари аъзолари билан кенг муҳокама қилиш, қонун лойиҳаларини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф-тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида партиямизда “марказ — вилоят — туман” тартибида ишлайдиган янги тизим жорий этилди. Унга асосан 4 қонун лойиҳаси бўйича жами 210 таклиф ишлаб чиқилиб, тақдим этилди.

Фракциямиз аъзолари халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишларини ўрганиш, муаммоларини ҳал этишга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Улар ишчи гуруҳ билан биргаликда 64 туман ва шаҳарда бўлиб, таълим, тиббиёт, маданият, спорт, уй-жой ва коммунал соҳа каби қатор тармоқлардаги мавжуд ҳолатни яқиндан ўргандилар. Ўрганишлар натижасида 316 давлат органи, 418 тадбиркорлик субъекти, 473 ижтимоий соҳа объекти, 367 маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда 3 минг 642 хонадон, жами 5 минг 280 объектдаги бугунги реал ижтимоий-иқтисодий ҳолат билан яқиндан танишилиб, таҳлил қилинди. Биргина соғлиқни сақлаш соҳасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг малакали тиббиёт хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида 1 минг 847 масала аниқланиб, шундан 638 таси жойида ҳал этилди.

Фракция аъзоларининг жойлардаги ўрганишлари, сайловчилар ва фуқаролардан келаётган мурожаатлар асосида тегишли ташкилотларга 27 депутатлик сўрови юборилиб, 21 масала ижобий ҳал этилди.

Партиямизнинг дастурий мақсад-вазифаларини самарали амалга ошириш, электорат манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ЎзМТДП­дан сайланган депутатлар фаолияти алоҳида ўрин тутади. Айни пайтда маҳаллий вакиллик органларидаги 1 минг 132 депутат ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини олиб бориш, жойларда қонунлар, Президент қарорлари ижроси устидан самарали депутатлик назоратини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Жумладан, 2018 йилнинг биринчи ярмида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари ташаббуси билан сессиялар кун тартибига электорат манфаатларини ҳимоя қилишга доир 135 масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. 345 мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланди. Доимий комиссиялар йиғилишларида 315 масала муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди. Фуқаролар мурожаатлари асосида 2 минг 318 депутатлик сўрови амалга оширилиб, шу асосда кўплаб масалалар ўз ечимини топди.

Таъкидлаш жоиз, депутатга ва депутатлик сўровларига беписандлик билан ёндашилган айрим ҳолатлар танқидий таҳлил қилиниб, партия нашри, расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқларда материаллар чоп этилди. Халқ депутатлари Наманган, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзоларининг депутатлик сўровига жавоб бермаган ижро ҳокимияти органлари мансабдор шахслари фаолияти танқид остига олинганидан сўнг депутатлик сўровларига жавоб олинди, партия электоратини ўйлантираётган масалалар ҳал этилди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили парламент палаталари ва сиёсий партиялар вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида сиёсий партияларнинг ёшлар билан ишлаш борасидаги фаолиятини ҳам танқидий таҳлил қилган эди. Бундан ташқари, яқинда бўлиб ўтган ёшлар масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ёшлар билан тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароит яратиш ва бандлигини таъминлаш каби муҳим вазифалар хусусида сўз бориб, бунда сиёсий партиялар ва депутатларнинг иштироки, ташаб­буслари етарли эмаслиги айтилди.

Сўнгги бир йил давомида партиямиз бу борада ҳам муайян ташаббусларни амалга оширди. Зеро, ЎзМТДП аъзоларининг 110 минги, қарийб 54 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлар эканлиги, яъни партия сафида ёшлар кўпчиликни ташкил этиши ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишни тақозо этади. Фаолиятимиз давомида партия “Ёшлар қаноти” томонидан қатор самарали ва ҳаётий лойиҳа ҳамда ташаббуслар амалиётга татбиқ этилди. Масалан, “Хизмат — беминнат”, “Навоий ворислари”, “Депутат билан юзма-юз”, “Уйма-уй” каби лойиҳалар асосида минглаб ёшларнинг турли касб-ҳунар ва билим эгаллашига, истеъдоди ва иқтидорини кашф қилишга, шунингдек, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишга эришилди. Биргина уюшмаган ёшлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш, “устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантириш мақсадида “Хизмат — беминнат” кўнгиллилар лойиҳаси доирасида ўтган давр мобайнида республика бўйича 524 ўқув курси ташкил қилинган. Унда жами 450 дан зиёд кўнгиллилар 1 минг 200 га яқин уюшмаган ва 852 нафар фанлардан ўзлаштириши паст бўлган йигит-қизга, кам таъминланган 797 оила фарзандлари — 2 минг 812 нафар ёшларга қўшимча бепул таълим бериб келмоқда.

Партия расмий веб-сайтида ёшлар билан интерактив алоқа тизимини жорий этиш мақсадида “Ёшлар қаноти” фаолиятига бағиш­ланган www.yoshlarmt.uz субсайти яратилди.

Партиянинг “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида ҳудудларда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати билан яқиндан танишиш, мавжуд муаммоларини тизимли таҳлил этиш, айниқса, ёшларни қийнаётган масалаларни ўрганиш ҳамда амалий ёрдам беришга эътибор қаратилди. Мазкур лойиҳа доирасида бевосита 11 минг 450 хонадонда бўлинди, 31 минг 640 нафар ёшларнинг муаммолари аниқланди. Бу жараёнда 1 минг 200га яқин йигит-қизлар ишга жойлаштирилди, 150 дан зиёд ёшларга 1,4 миллиард сўм имтиёзли кредит олинишига эришилди.

Бир сўз билан айтганда, бугунги шиддат билан ривожланиб, ўзгариб бораётган замон барча йўналишдаги ишларимизни янада жонлантиришни, замон билан ҳамнафас бўлишни, зиммамиздаги вазифаларни масъулият билан сидқилдан адо этишни талаб қилмоқда. Шундай экан, эришилган натижалар билан кифояланиб қолмасдан, сайловчилар ишончини оқлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, белгилаб олган вазифаларимизни амалга оширишда барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини янада кучайтиришимиз лозим бўлади. Ана шундагина амалий ишларимиз салмоғи ортиб, бугун олиб борилаётган ислоҳотларга ҳақиқий кўмакдош ва елкадош бўлиш мумкин.

Сарвар ОТАМУРАТОВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг