Буюк аждодлар мероси авлодлар йўлини ёритувчи мангу чироқдир

0
173

“Бобур Мирзонинг ҳаёти ва фаолиятига оид мавзулар уммондай чексиз. Бу уммонда ўнлаб, юзлаб адабий кемалар сузиши мумкин. “Юлдузли тунлар” ана шу мажозий кемалардан бири тарзида юзага келди. Уни 1972 йилда илк бор ёзиб нашрга топширганимда тоғдай бир юк елкамдан тушгандай бўлган эди. Лекин мустабид тузум тазйиқи остида роман олти йил чоп этилмай ётди. 1979 йилда раҳматли Шароф Рашидовнинг ёрдами билан роман китоб бўлиб чиқди. 1981 йилда унга Давлат мукофоти ҳам берилганлиги мустабид тузум золимларининг қаҳрини келтирган бўлса керак. Улар “пахта иши”, “ўзбек иши” деган даҳшатли туҳматлар даврида Амир Темур ва Бобур Мирзога қарши янги ҳужумлар уюштириб, мени ҳам роман билан бирга лойқа селлар гирдобига тортиб туширишга уриниб кўрдилар”…

Атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси
Пир­имқул Қодиров “Юлдузли тунлар” романи дебочасида битган ушбу кечинмалар бир ҳақиқатдан дарак беради: агар ҳар қандай халқ мустақил бўлмаса, нафақат тараққиётга эришиши оғир машаққатга айланади, балки миллатнинг буюк аждодлари, улуғ ўтмиши билан фахрланишига ҳам жиноятдек муносабатда бўлинади. Ҳали собиқ тузум қиличини қайраб турган паллада буюк бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг мураккаб ва машаққатли ҳаёт йўли тарихан ҳаққоний гавдалантириб берилган “Юлдузли тунлар” романи ва шу асар асосида суратга олинган “Бобур” видео­фильми — зиёлиларимизнинг катта маънавий жасорати эди.

Шу ўринда айтиш жоиз, халқимиз Бобур деганда, дастлаб, Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузовни, Муҳаммадали Абдуқундузов деганда эса Бобурни эслаши, тилга олиши бежиз эмас. Чунки актёр айнан шу буюк сиймо образи билан халқимиз қалбига кириб келган, миллионлар қалбларга ўрнашган.

ЎзМТДП Марказий кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташкил этаётган ижодий учрашув­нинг навбатдаги меҳмони Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, халқаро Бобур мукофоти совриндори Муҳаммад­али Абдуқундузов бўлди.

Учрашувда ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси ва партиянинг Олий Мажлис Қонучилик палатасидаги фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратов партия дастурий мақсад-вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ташкил этилаётган бу каби ижодий учрашувлар навқирон авлоднинг санъат, маданият соҳасига бўлган қизиқишини ошириш, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштиришда санъат ва маданият вакилларининг таклиф, фикр-мулоҳазаларини олишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

— Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар қалбида аждодларга муносиб бўлиш туйғусини кучайтириш, навқирон авлод онгу шуурини миллий маданиятимизга зид бўлган ёт ғоялардан ҳимоя қилишда театр ва кино санъатининг ўрни ва аҳамияти беқиёс, — деди партия етакчиси. — Бугун ҳар жиҳатдан соғлом авлодни тарбиялаш асосий мақсадимиз экан, Президентимиз таъбири билан айт­ганда “Ўз болангни ўзинг асра” деган ундов ҳаётимиздан чуқур ўрин олиши лозим. Шу боис давлатимиз раҳбари ке­йинги пайтларда имзолаган маданият, маърифат соҳасидаги қатор муҳим ҳужжатлар навқирон авлодни юксак салоҳиятли, дунёқараши кенг, иймони бутун, иродаси бақувват қилиб тарбиялашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу каби ижодий учрашувлар мана шу эзгу мақсад рўёбига хизмат қилиши шубҳасиз.

Устоз санъаткор Муҳаммадали Абдуқундузов ўз ижодий фаолияти, ҳаёт йўли, ўйнаган ролларининг аҳамияти ҳақида йиғилганларга сўзлаб берди.

— Фарғона вилояти Ўзбекистон туманининг Яйпан қишлоғида туғилганман, — деди Муҳаммадали Абдуқундузов. — Бобом қишлоғимизнинг номдор чойхоначиси эди. Оилавий чойхонада ишлардик. Мен ҳам катта набира сифатида 5 ёшимдан чойхонанинг енгил ишларига жалб қилинганман. Авваллари чойхоналар қайсидир маънода маърифат мас­кани ҳисобланарди. Шу ерда мутолаалар, муҳокамалар бўларди, машҳур ҳофиз ва аскиячиларнинг чиқишлари намойиш этиларди. Санъатга муҳаббат мана шу ерда пайдо бўлган, десам адашмаган бўламан.

Чойхонамиз Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Огаҳий каби буюк мутафаккир аждодларимиз портретлари билан безатилган эди. Шу портретлар ичида Заҳириддин Муҳаммад Бобур сурати беихтиёр эътиборимни тортарди. Мижозларга чой ташиб, шу суратга узоқ термулиб қолардим. Энди ўйлаб қарасам, орадан ўттиз йил ўтиб, шу буюк сиймо образини яратишни бола қалбим сезган экан…

Муҳаммадали Абдуқундузов мактабни аъло баҳоларга тугатгач, санъат йўлини танлайди, аммо ота-онаси бунга қарши чиқади. Улар фарзандларининг ўқитувчи бўлиб, шу қишлоқ аҳлига нафи тегишини исташарди. Ота-она орзуси Муҳаммадалини ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг география факультетига бошлаб келди. Математикани унчалик хушламайдиган актёр биринчи имтиҳонданоқ ортга қайтади. Кейинги йил актёрлик касбига кучли ҳавас уни ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига етаклади.

— Институтга имтиҳон топширишга келганимда, “шунча одам ичида мени қабул қилишармикан”, деган хадик бўлган, — деб эслайди актёр. — Шунда ҳужжат топширишга мен билан бирга борган холам “сен имтиҳонга оддий, бечораҳол бўлиб кийиниб киргин, домлаларнинг раҳми келиб имтиҳондан ўтказиб юборади”, деди. “Ҳали актёр бўлмасдан туриб, артистлик қиларканман-да”, деб холамнинг йўл-йўриқларига амал қилганман. Яъни кучли артистизм илк уринишдаёқ муваффақият келтирган.

Институтни муваффақиятли тугатган ижодкор бир гуруҳ фидойи ёшлар билан Сурхондарёга — Маннон Уйғур номидаги вилоят мусиқали драма театрига йўлланма олади. Актёр ушбу театр саҳнасида ўн икки йил ҳалол, сидқидилдан ижод қилди. Изланди, турли образлар яратди, спектакллар саҳналаштирди. Шу йиллар давомида ижодкор жаҳон ва ўзбек драматургиясининг энг сара намуналарида ўзига хос, бадиий жиҳатдан етук образлар галереясини яратди. У яратган образлар кучли темпераменти, жўшқинлиги, самимийлиги билан томошабинни мафтун этгани боис ҳозир ҳам сурхондарёликлар уни катта меҳр ва ҳурмат билан эслайди.

— Иститутни тамомлаб, Термизга ишга кетганимда ҳам онам менинг актёрликни танлаганимдан бехабар эди, — дейди актёр. — Театрда қўйилган “Макр ва муҳаббат” спектаклини телевидение орқали кўрган онам менинг ўқитувчи эмас, актёр бўлиб ишлаётганимни билиб, қаттиқ ранжиган. “Вой, шўрим қурсин, болам артист бўлдими” деган экан ўксиниб. Орадан йиллар ўтиб, Бобур образини яратганимда онам мен танлаган касбдан рози бўлиб, оқ фотиҳа берган. Маданият ишлари вазири ўринбосари бўлганимда соддалик билан ҳайрон ҳам қолган: “Ё, тавба, артистдан ҳам “катта одам” чиқаркан-да”…

Актёр машҳур адиб Саид Аҳмад қаламига мансуб “Уфқ” драмасидаги Икромжон образини юксак маҳорат ва истеъдод билан талқин этди. Ушбу спектакл ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида театр репертуарининг файзи бўлиб турди. Асар муаллифи ижодкорнинг маҳоратини эътироф этиб, унга мактуб йўллайди: “Муҳаммадали! Қоғоздаги Икромжонга жон киритиб, унга ҳаёт бағишладингиз, бундай иш фақат забардаст санъаткорнинг қўлидан келади. Раҳмат”.

Икромжон роли учун у 1975 йили “Йилнинг энг яхши эркак роли” номинацияси бўйича бош мукофотга сазовор бўлади.

— 1986 йилда Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга келдим, — давом этди Муҳаммадали Абдуқундузов. — Отахон театрда ишлаш, кучли рақобатга тайёр туриш тинимсиз изланиш, фидойиликни талаб қиларди. Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган артист унвонига эга бўлган санъаткор бўлсам-да, театрда ҳаммасини бошидан бошлашга тўғри келди. Оилавий шароитим ҳам у даражада яхши эмасди. Икки фарзандим, рафиқам билан бир хонали ётоқхонада турсам-да, касбимга бўлган меҳрим ва шу театрда ишлаш иштиёқи менга куч бағишлаб турарди. Ушбу театрда яратган дастлабки образим драматург Владлен Дозорцевнинг “Сўнг­ги қабул” асаридаги Ермаков бўлди. Таниқли кинорежиссёр Латиф Файзиев театрда Иззат Султон каламига мансуб “Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари” спектаклини саҳналаштиришга киришганида Қодирий ва Отабек образини менга топширгани зиммамдаги масъулиятни икки карра оширди. Ишончни оқлаш учун туну-кун изландим, зеро, битта саҳна асарида иккита катта образни яратиш осон эмас. Отабек ва Қодирий образлари мухлислар тилига тушгани ўзимга бўлган ишончимни оширди.

Шоир ва драматург Усмон Азим қаламига мансуб “Кундузсиз кечалар” спектаклида яратилган Чўлпон образи санъаткорнинг сўнгги йилларда яратган энг салмоқли образларидан бири бўлганини мутахассислар ва мухлислар бирдай эътироф этади. Актёр Чўлпоннинг ички дунёсини, унинг орзу-армонлари, дарду аламларини катта маҳорат билан ифодалаб берган.

—  Узоқ йиллардан буён Ўзбек Миллий академик драма театрида мустабид тузум, қаҳатчилик йиллари, халқ тилидан, имони, қадриятлари, эътиқоди ва миллий ўзликни англаш туйғусидан айрилган даврлар ҳақида ҳикоя қилувчи “Кундузсиз кечалар” спектакли намойиш этиб келинади, — деди Муҳаммадали Абдуқундузов. —  Чўлпон образини яратар эканман, ундаги сўроқ саҳналарида ҳар гал хаёл беихтиёр болалагимга олиб кетади. Чунки қатағон оиламизни ҳам четлаб ўтмаган. Эсимда: мактабда ўқиб юрган пайтларим. Дадам пахта заводида ишларди. Терим авжига чиққанда пахта қабул қилиб олиш жараёнида райком ходими бу ишга аралашиб, зуғум ўтказиб турган. Шундай кунларнинг бирида райком ходими дадамни ҳўл пахтани қабул қилиб олишга мажбурлайди. Ҳақиқатгўй дадам бунга рози бўлмайди. Масъул ходимнинг “Сен партия аъзоси бўла туриб, унга қарши чиқяпсанми?”, деган эътирозига жавобан дадам “партия менга ҳўл пахтани қабул қилиб ол демаган”, деб ўз фикрида қатъий туриб олади. Шу воқеа боис бош­ланган можародан сўнг дадам ўша куни юрак инсультини бошдан кечириб, 36 ёшида биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолди. Ҳар гал шу спектакль билан саҳнага чиққанимда халқимиз тарихидаги ўша машъум кунларни ва болаликдаги аччиқ хотираларни ёдга оламан…

“Кундузсиз кечалар” спектакли “Андижон баҳори” ҳамда “Мустақиллик тимсоли” фес­тивалларида бош мукофотга сазовор бўлди. Шунингдек, у ўша йили “Энг яхши эркак образи” номинацияси бўйича ҳам мукофот олди. Актёрнинг Ўзбекистон телевидениесидаги видеофильмларда яратган образлари уни ҳар бир ўзбек хонадонига яқинлаштирди. Айниқса, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи асосида яратилган “Бобур” кўп қисмли видеофильми унга катта шуҳрат келтирди.

— Мени “Бобур” видеофильмига бош ролга таклиф этган режиссёр Мақсуд Юнусов суратга олишнинг илк кунидаги ижромни кўриб, “кийим, салла ярашди, аммо юрак йўқ” деб койиган эди, — дейди актёр.
— Шундан сўнг образимга юрак бағишлашга интилганман. Бу роль ўн кило озишни тақозо қилганида, бир ой давомида суткасига 200 граммдан гуруч тановул қилиб, мақсадимга эришганман. Видеофильм 14 ой мобайнида суратга олинди. Отда ҳаракатланадиган саҳналарда, ҳатто бахтсиз ҳодиса билан тугаши мумкин бўлган ҳолатлар ҳам бўлган. Лекин буюк аждодимизнинг руҳи доим бизга ёр бўлиб турган, десам хато бўлмайди. Бу видеофильмда суратга тушган ижодкорларнинг ҳаммаси бугун халқимиз ва давлатимиз эъзозида. Бунда ҳам ўзига хос маъно бор, назаримда. Видеофильм экран юзини кўргач, халқ уни жуда яхши қабул қилди. Кўплаб қўнғироқлар, қоплаб хатлар — минглаб дил изҳорлари… Айниқса, шу фильмдан кейин янги туғилган чақалоқларга яна тарихий исмлар қўйила бошланиши бу фильмнинг халқ юрагига кириб бора олганидан далолат. Мана 27 йилдирки, Мирзо Бобур тимсоли, руҳи билан биргаман.

Бобур ҳазратлари, “инсон номи ёзилган китобларда, қурилган иморатларда, экилган дарахтлар ва комил фарзандларда абадий қолади” деган эдилар. Бу ҳаётий ҳақиқатни бугун мамлакатимиз ҳаётига қиёсласак, мус­тақил юртимизнинг умри абадий эканига амин бўламиз. Чунки юртимизда кўплаб китоблар ёзиляпти, кўркам обидалар, муҳташам бинолар кўкка бўй чўзяпти, боғу роғлар барпо этилиб, комил фарзандлар тарбия топмоқда. Беш юз йилдан ортиқ вақт ўтибдики, буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг маънавиятга асосланган карвони завол билмасдан олға интилмоқда. Йиллар ўтади, авлодлар алмашади. Катта ҳаёт йўлида буюк аждодимиздан қолган маънавий мерос ҳар биримизга йўлчи юлдуз вазифасини ўтайди…

Учрашувда депутатлар, партия фаоллари ва ёшлар устоз санъаткорга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Самимий суҳбат иштирокчилари учрашув катта маънавий сабоқ вазифасини ўтаганини таъкидлади.

 Шоҳида МИРЗАЕВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг