Халқаро мақом санъати анжумани: унга айни пайтда қизғин тайёргарлик кўрилмоқда

0
8

Ўзбек миллий мақом санъатининг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёш авлод қалбида миллий мумтоз санъатимизга хурмат ва эътибор туйғуларини камол топтириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтириш мақсадида Президентимизнинг қарорига асосан Шаҳрисабз шаҳрида шу йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Халқаро мақом санъати анжуманини  ўтказиш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбек миллий мақом санъати маркази ҳамкорлигида ушбу бетакрор санъат байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича амалга оширилган ишларга бағиш­ланган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди. Унда таъкидланишича, анжуманга тайёргарлик кўриш ва уни юксак савияда ўтказишга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Айни пайтда ана шу режага асосан иш олиб борилмоқда. Очилиш маросимида  Бухоро, Хоразм ва Тошкент-Фарғона мақом йўналишлари бўйича вилоятлар мақом ансамблларининг  мусиқий чиқишлари назарда тутилган. Шу билан бирга Шаҳрисабз ёш мақомчилари ижроси ҳамда Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли томонидан “Бузрук”, “Рост”, “Наво”, “Дугоҳ”, “Сегоҳ”, “Ироқ” мақом намуналаридан композиция тайёрланмоқда.

Анжуман доирасида “Мақом санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида ўтказиладиган илмий-амалий конференцияга тайёргарлик кўриш, жумладан, конференцияда хорижий давлатлардан иштирок этадиган мусиқашунос ва мақомшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар ва фахрий меҳмонлар рўйхатини шакллантириш, уларни тақдирлаш сценарийси ишлаб чиқиш белгиланган.

— Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган мазкур халқаро анжуманга тайёргарлик ишлари қизғин паллага кирди, — деди Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев. — Анжуманга 59 давлатдан 316 нафар иштирокчи келиши назарда тутилмоқда. Республикамиздан танловда иштирок этадиган номзодларни танлаш учун “Туркистон” саройида бўлиб ўтган саралаш босқичида 42 жамоа ҳамда 14 нафар яккахон ижрочи, Ўзбекистон давлат консерваториясида бўлиб ўтган яна бир саралаш босқичида эса 7 та жамоа, 5 нафар яккахон ижрочи ҳамда 6 созанда танлаб олинди. Мақом санъатининг тарихи ва бугунги ютуқларини ўзида мужассамлаштирган “Мақом нима?” номли китоб ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашрга тайёрланмоқда.

Чора-тадбирлар режасига мувофиқ миллийликни ўзида акс эттирувчи либослар, актёрлар чиқишлари, Оқсарой ҳудудидаги майдонларни ҳудудлар кесимида тақсимлаш, вилоятларга хос миллий урф-одат, анъана ва қадриятлар акс этган сценарий ва дастурлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, мусиқий кетма-кетлик ва видеороликларни белгиланган муддатларда тайёрлаш устида қизғин иш олиб борилмоқда.

Ишонамизки, бу йил илк маротаба ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжумани санъатсевар халқларни мақом йўллари ва мумтоз намуналаридан кенг баҳраманд этиш, уларни миллий мусиқамизнинг бетакрор садоларига ошно этишда муҳим воқеа бўлади.

Дилфуза МАМАНАЗАРОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг