Имкониятнинг қадрига етиш — гўзал ҳаёт асоси демак

0
6

Ўзбекистон табиий ёқилғи хом­ашё манбалари бўйича салоҳиятли мамлакатлар сирасига киради. Заминимизда олтин, нефть, кўмир, турли маъданлар ва умуман, Менделеев жадвалидаги барча элементлар мавжуд. Аммо бу бойликлар ҳам абадий эмас.  Шу боис муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга жиддий эътибор қаратилаяпти. Муқобил энергия манбаларини ўзлаштириш эса юртимиз табиий ресурсларини келгуси авлод учун асраб қолган ҳолда, энергетикани барқарор ривожлантириш имконини беради.

Мамлакатимизда илк бор тинч мақсадларда фойдаланиш учун экологик тоза ва узоқ муддат тугамайдиган атом энергетикасини барпо этишга киришилгани ҳам ушбу соҳада янги тараққиёт цикли бошланганидан дарак бермоқда. Давлатимиз раҳбари шу йил 10 июль куни мамлакатимизда мутлақо янги соҳа бўлган атом энергетикасини барпо этиш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда бу соҳага алоҳида эътибор қаратиш замон талаби эканини қайд этди. Атом энергетикасининг афзаллиги, дунёнинг 30дан ортиқ мамлакатида бундан самарали фойдаланилаётгани алоҳида таъкидланди.

Техника фанлари доктори, профессор Ҳаким МУРОДОВ билан “Хиёбон”да долзарб мавзу — энергетика соҳасидаги ютуқлар, мавжуд муаммолар,  олимлик йўлининг машаққати-ю гашти ҳақида суҳбатлашдик. Олимнинг юртимиз энергетика соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси салмоқли — илмий фаолияти ишлаб чиқариш технологик жараёнларида энергия самарадорлигини ошириш муаммоларининг ечимини топишга йўналтирилган. У 1999 йилда мамлакатимизда биринчи бўлиб “Энергетик тизимлар ва мажмуалар” мутахассислиги бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Бугунги кунда “Ўзбекэнерго” акционерлик жамиятининг Илмий-техника маркази директори лавозимида фаолият олиб бормоқда.

— Жамият ривожини энергетика тараққиётисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ўзбекистон энергетика тизимининг бугуни ва ривожланиш истиқболи хусусида тўхталсангиз…

— Ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий қудратида — энергия биринчи ўринда туради. Бугун Ўзбекистондаги мавжуд электр станцияларининг умумий қуввати Марказий Осиёдаги энергия ишлаб чиқариш қувватларининг деярли 50 фоизини ташкил этмоқда. Юртимиз иқтисодиёти ва аҳолисини электр энергияси билан барқарор таъминлаш, республика энергия тизимини тартибга солиш ва мувофиқлаштириш, электр энергетикаси ва кўмир саноатини ривожлантириш, мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш каби масалалар соҳа олдида турган муҳим вазифалар саналади. Шу ўринда электр энергияси ҳамда кўмир ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансларини шакллантиришда қатнашиш, замонавий асбоб-ускуналар ва илғор технологиялар, хусусан, техника билан қайта жиҳозлаш ва янада ривож­лантириш вазифасини амалга оширишни алоҳида таъкидлаш керак. Айни пайтда энергиянинг тикланадиган, шу жумладан, ноанъанавий манбаларини ривожлантириш ва жорий этиш, республика корхоналари ва ташкилотлари билан биргаликда электр энергиясини тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ҳамда исроф бўлишини камайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкил этиш, соҳа кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги давр соҳага ташқи инвестицияларни кенгроқ жалб қилиш асосида ишлаб чиқаришни такомиллаштириш, истеъмолчи ва таъминотчи муносабатларини тартибга солиш, бозор муносабатларини тўлиқ жорий этиш, хусусан, электр энергияси бозорини тўлиқ шакллантиришни талаб қилмоқда.

Айни пайтда электр энергиясини ҳосил қилувчи қувватларни ошириш, магистрал ва тақсимлаш электр узатиш линияларини реконструкция қилиш бўйича “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти томонидан қабул килинган дастурлар асосида бир қанча истиқболли лойиҳалар, чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Халқаро кредит институтларининг инвестициялари тўғридан-тўғри жалб қилинаётир.

— Электр энергиясини ҳосил қилиш ва истеъмолчиларга етказиб бериш анча сермашаққат жараён. Модомики шундай экан, энг аввало, энергия манбаларини тежаш, ундан самарали фойдаланиш йўлларини излаш лозим бўлади, шундай эмасми?

— Мамлакатимизда табиий ресурсларнинг тури кўп, аммо  уларни қазиб олиш ва истеъмолчиларга етказиб бериш катта маблағ ва меҳнатни талаб қилади. Гарчи  шундай бўлса-да, истеъмолчиларга энергия ресурслари анча арзон нархларда етказиб берилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланганидек, юртимизда энергия ва табиий газ ресурслари ривожланган давлатларга нисбатан бир неча баробар арзон, лекин улардан оқилона фойдаланилмаётгани натижасида таннархнинг пасайишига, маҳсулот ҳажми ўсишига эришиш қийин бўлмоқда. Самарадорликни ошириш учун мамлакатимиз энергетика тизимини ислоҳ қилиш, бу борада аниқ стратегия ишлаб чиқиш лозим. Шунингдек, электр энергияси етказиб беришда рақобат муҳитини шакллантириш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш зарур. Бунинг учун хусусий секторни кенг жалб этган ҳолда, ишлаб чиқаришни молиялаштириш бўйича бозор механизмларига ўтиш талаб этилади.

Энергия ресурсларидан аҳоли турмуши, ижтимоий объектлар ва иқтисодиётнинг барча тармоғида самарали фойдаланиш, тежаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Чунки энергия самарадорлигини ошириш, энергетик ресурсларни, биринчи галда, Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга бўлган табиий газни тежаш юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга кенг йўл очади.

Хўш, бу муаммони қандай ҳал қилиш мумкин?

Авваламбор, мутахассислар ва аҳолида энергия ресурсларига нисбатан алоҳида муносабатни, уларни тежаш тушунчасини шакллантириш лозим. Бунда, айниқса, табиий газ ва электр энергиясидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиш муҳим. Чунки мамлакатимизда 85 фоиз электр энергияси табиий газ воситасида ҳосил қилинади.  Электр энергиясини тежаш — табиий газни ҳам тежаш дегани. Тежалган табиий газ кўп миқдорда қўшимча маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятини яратади.

Энергия ресурсларини тежаш бўйича тарбияни оиладан, болалар боғчасидан бошлаб, мактаб ва олий ўқув юртларида давом эттириш лозим. Чунки фарзандларимиз интеллекти тез ўсиб бормоқда, улар ҳар қандай қизиқарли ахборотни жадал ўзлаштириб боради. Шунинг учун нафақат чақириқлар билан энергия тежашга даъват этишимиз, балки оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи орқали энергия турларининг захиралари, уларни ҳосил қилиш мураккабликлари ҳақида маълумотлар бериб бориш зарур.

Бугун республика саноат корхоналарида энергия сарфи жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан юқори. Бу каби камчиликларни бартараф этиш зарурати асосий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Ёки иссиқлик электр станцияларида табиий газни тежаш мақсадида буғ-газ, газ-турбина агрегатларини жорий этиш ва эксплуатация қилиш, турли хил ёқилғиларни қайта ишлаш ва самарали ёқиш бўйича юқори малакали мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, электр энергиясини тақсимлаш ва сотиш бўйича соҳа ходимларини тайёрлаш, корхоналарда кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Муқобил энергия манбаларидан ва ускуналардан фойдаланишни, айниқса, аҳоли орасида кенг тарғиб этиш, уларни жорий этиш ва сервис хизмати кўрсатиш бўйича тадбиркорлик субъектларини янада кўпайтириш жоиз. Чунки бу ҳаракатлар, ўз навбатида, энергиянинг қайта тикланмайдиган, бугунги кунда биз фойдаланишга кўникиб қолган табиий ресурслар, хусусан, табиий газ ва электр энергиясини тежашда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада дунёнинг етакчи, лекин табиий ресурслар тақчил бўлган Япония тажрибасини мисол келтириш мумкин. Масалан, уйларни иситиш тизимларида иссиқлик ташувчи сифатида сув эмас, ишлатиб бўлинган ва регенерацияланган мойлардан фойдаланилади. Чунки мутахассислар яхши билади, сувнинг иссиқлик сиғими мойга нисбатан анча юқори, яъни сувни қизитишга мойга нисбатан икки баробар кўпроқ энергия сарфлаш талаб қилинади. Қолаверса, иситиш тизимининг техник ҳолати ҳам яхши сақланади — зангламайди. Иссиқ сув ҳосил қилишда қуёш панелларидан фойдаланиш ҳам катта миқдордаги табиий газ ва электр энергиясини тежаш имконини беради.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу тармоқларда самарали, энергия тежамкор қувватлар ишга туширилса, энергия сарфини 2-2,5 баробарга камайтириш мумкин. Бунда, айниқса, жаҳон стандартлари асосидаги энергетик менежмент тизимини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Пировардида корхоналарда нафақат технологик кўрсаткичлар яхшиланади, балки энергияни тежаш тизими жорий этилади, ишлаб чиқариш ва маҳсулот сотишнинг барча босқичида фаолият олиб борувчи раҳбарлар, инженер-техник ва ходимларнинг энергия тежаш бўйича малакаси ва масъулияти ортади. Тажриба-синов тариқасида “Бекободцемент” ва “Қизилқумцемент” акциядорлик жамиятларида энергетик менежмент тизимининг жорий этилгани ўзининг ижобий натижасини берганини алоҳида таъкидлаш ўринли.

— Ҳар бир соҳа ривожида етук ва малакали кадрлар алоҳида ўрин тутади. Ёшларнинг энергетика соҳасига қизиқишини янада ошириш, соҳани илмий жиҳатдан ўрганишга иштиёқ пайдо қилиш учун қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

— Дарҳақиқат, соҳа олдида турган вазифаларни бажаришда кадрлар масаласи ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Бу эса энергетика соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ҳам ҳамкорликни кучайтиришни талаб қилади. Айни пайтда энергетик хавфсизлик, энергиянинг қайта тикланадиган турларидан фойдаланиш, юқори кучланиш техникаси, метрология, стандартлаш ва энергетикада бошқарувнинг ахборот-коммуникация технологиялари, энергетик аудит, энергетик машинасозлик ва кабель техникаси тармоғи учун мутахассислар сув билан ҳаводек зарур.

Мамлакатимизда фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштириш бўйича йўлга қўйилган миллий тизим иқтисодиётимизни модернизация қилиш, Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятини янада юксалтириш, жаҳон илм-фани билан ҳамқадам ривожланиш имконини бермоқда. Агар шу кунларда энергетиканинг ривожланиш истиқболлари, соҳанинг кундалик илмий-амалий муаммоларини ҳал қилиш бўйича илғор ечимларни акс эттирадиган “Ўзбекистон энергетика хабарномаси” илмий-амалий журнали ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бундан ташқари мактаблар, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими тизими ўқувчиларининг энергетика соҳасига қизиқишини шакллантириш, олий таълим муассасаларининг 1-курс талабаларига “Мутахассисликка кириш” каби предметларни ўқитиш муҳим вазифа саналади. Қолаверса, ушбу соҳа тарихи ва ютуқларини намойиш этиш ва бир жойга тўплаш мақсадида энергетика музейини ташкил қилиш вақти келди, деб ўйлайман.

Илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги янада кенгаймоқда, интеллектуал мулк муаллифлари моддий-маънавий жиҳатдан рағбатлантириб келинмоқда. Натижада эртанги кунимизнинг янада нурафшон ҳамда ютуқларимиз салмоқли бўлишига хизмат қиладиган илмий ишланмалар яратилаётир.

Ҳаётимизнинг ҳар бир онида фаровонлигимизнинг калити, келажак авлодлар олдидаги қарзларимиздан бири бўлган энергия ресурсларини асраб-авайлаш, тежаш борасидаги ҳаракатларимизни янада кенг миқёсда олиб боришимиз, ҳар бир жабҳада исрофгарчиликка йўл қўймаслик барчамизнинг бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.

— Инсон қаерда фаолият юритишидан қатъи назар унинг ҳаётини қадрдон туйғулар безаб туради. Умрининг асосий қисмини илм-фанга бахш этган қаҳрамонимиз учун ҳеч ҳам эскирмайдиган тушунчалар бугун қай йўсинда бўй кўрсатмоқда?

—  Ҳар бир инсон ҳаёт пиллапоялари сари қадам ташлар экан, йиллар силсиласи унга ҳар лаҳзада сабоқ бериб боради. Бу дарсдан ҳар ким ўзича хулоса чиқаради. Умрим давомида мен англаб етган ҳақиқат — ота-она дуоси буюк кучга эга эканлиги. Инсоннинг таянч нуқтаси оиладан бошланади. Интилган киши ҳеч қачон ортда қолмайди…

Болалигим Сирдарё туманидаги Жуман Маманов номли ширкатлар уюшмаси (собиқ “Правда” жамоа хўжалиги)да ўтган, ўша  ердаги Ҳамид Олимжон номли 7-умумтаълим мактабида таълим олганман. Ҳар гал ўша қадрдон жойларга борсам, беқиёс кенгликлар, самимий инсонлар мени улуғворликка, шу билан бирга, оддийликка, камтарликка ундаётгандек туюлаверади. Эсимизни таниганимиздан бошлаб ота-онамизнинг қанотида меҳнат билан банд бўлганимиздан, келажакда, албатта, билимли бўлиш кераклигини, ана шунда инсон фаровонликка, гўзал ҳаётга эриша олиши мумкинлигини тушуниб етганмиз. Мактабда таълим берган устозларимизнинг унутилмас ўгитлари бизга ҳаётда доимий ҳамроҳ бўлмоқда. Айниқса, отамнинг ХХ асрнинг 40-йилларидаги оғир вазият, турмуш қийинчиликлари, етишмовчилик боис ўқий олмагани ҳақидаги ўкинчлари, шу боис менга ҳали мактабга бормасимданоқ китоб совға қилгани ва ҳамиша яхши ўқишга ундагани, бор-йўғи ўрта мактаб маълумотига эга бўлган онамнинг оиламиздаги ўн бир фарзанднинг ҳеч бирини нонуштасиз мактабга жўнатмаслиги ва эрта тонгдан ўчоқ бошида бизга таом тайёрлаш учун куймаланиши соғлом фарзандлар ўстириш масъулияти-ю фидойиликнинг яққол намунасидир. Бунинг натижасида биз фарзандлар барчамиз олий маълумотли бўлдик. Ҳовлимиз тўридаги пастдеккина тандирда онамнинг ёпган нонлари иси ҳали ҳам димоғимдан кетмайди. Эсимда, отам олиб берган ўйинчоқ самолётни тезда бўлакларга бўлиб кўрганим, велосипедимга ёриткич ўрнатганим — келажак тақдиримни белгилаб берган, янгиликка интилиш, техника соҳасига бўлган қизиқиш балки ўша пайтда ота-онамнинг меҳрига йўғрилган ҳолда жўш урган бўлса ажабмас…

— Сўзларингиздан фарзанд келажагида оиладаги муҳит катта аҳамиятга эга эканлигини сезиш қийин эмас. Бу ўринда, албатта, оталар олдидаги масъулиятни ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайди. Фарзандлари жамиятда ўз ўрнини топиб келаётган ота сифатида тарбия борасида алоҳида эътибор берилиши лозим бўлган жиҳатлар нимада, деб ўйлайсиз?

— Вақт — олий ҳакам. Фақат инсон ундан унумли ва оқилона  фойдаланиши лозим. Ёшлик инсонга бир марта берилади, бу имкониятни бой бермаслик керак. Боланинг болалиги болаларга хос тарзда ўтишини ота-она тўғри йўлга қўйиши лозим. Яқинда бир танишим 5 ёшли ўғлини рус тили, инглиз тили, сузиш сингари яна бир қанча машғулот билан банд қилганини айтиб мақтанди. Уни тинглай туриб, ўйлаб қолдим: шунча машғулот бир бола учун оғирлик қилмасмикан? Мазмундор, тарбиявий аҳамияти катта бўлган — гўзаллик, жисмоний ва маънавий камолот, мардлик, ҳалоллик, ватанпарварлик, меҳр-оқибат, садоқат, мурувват, яхшилик сингари инсоний фазилатлар мадҳ этилган достон, ривоят, эртак ва ҳикоялар тинглаб, болалик тасаввурларини, руҳий-­эстетик оламини эзгу ва боқий тушунчалар билан бойитадиган бу ёшда — онг ва қалб шаклланадиган бир паллада болани мушкул машғулотлар билан чарчатиб, ҳаракатдан бездириб қўйиш ҳам яхши эмас, назаримда. Тил ўрганиш, спорт машғулотларига қатнашнинг ўз вақти, мавриди бор. Ўша пайт келганда ота-она эътиборни янада кучайтириши лозим.

Фарзанд тарбиясида эътибор берилиши зарур бўлган яна бир жиҳат — уларнинг ўзи интилиб эришишлари учун йўналишни тўғри белгилаш, Ватан, ота-она, устозлар, қолаверса, жамият олдидаги масъулиятни ҳис қила олишини шакллантириб бориш лозим. Барча нарсанинг муҳайё этилиши болани дангаса қилиб қўяди, ўз устида ишламайди, қолаверса, мақсадни ҳам аниқ белгилай олмайди. Бола эркин фикрлай олишга ёшлигидан ўрганиши керак. Тўғри йўналишни кўрсатиб маслаҳат бериш, хатоларини вақтида тузатиш ота-онанинг фарзанди олдидаги бурчи ва вазифаси. Бунда, энг аввало, ота-онанинг ўзи фарзандига ўрнак бўлмоғи шарт.

“Milliy tiklanish” мухбири
Дилфуза МАҲКАМОВА суҳбатлашди

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг