“Grant Thornton International” Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнини юқори баҳолади

0
2

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусий мулкнинг устуворлигини янада кучайтириш, бизнес ташаббуслар, стартапларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс институционал ва таркибий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қабул қилинаётган чоралар самарадорлиги ва натижадорлиги етакчи халқаро молиявий ташкилотлар ва рейтинг агентликларининг ижобий баҳоларида холисона акс эттирилмоқда. Хусусан, Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш – 2018” ҳисоботида Ўзбекистон тадбиркорлик учун янада қулай шароитлар яратиш бўйича ислоҳотчи давлатлар қаторида жаҳонда биринчи ўнталикка кирди.

“Grant Thornton” компаниясининг Халқаро аудиторлик ташкилоти ташаббуси билан яқинда Тошкентда ўтказилган халқаро анжуман ҳам мамлакатимизда яратилган имкониятлар кўламини хорижий инвесторлар ва сайёҳларга намойиш этиш мақсадида ташкил этилди. Унда Буюк Британия, Швеция, Туркия, Бирлашган Араб Амирлиги, Македония, Литва, Латвия каби йигирмадан ортиқ давлатдан соҳа мутахассислари иштирок этди.

Аввало айтиш жоиз, аудиторлик, бухгалтерия ва консалтинг мустақил фирмаларини бирлаштирган ва бу борада уларга маслаҳат, кўмак берувчи “Grant Thornton International” халқаро ташкилотининг бош офиси Лондонда жойлашган. Ҳозирда 50 минг кишини иш билан банд қилган ушбу ташкилот дунёнинг 135 дан ортиқ давлатида фаолият юритади. Ушбу компаниянинг Ўзбекистон бозорига кириб келганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ, лекин “Grant Thornton” бугун мамлакатимизда молия соҳасида энг муваффақиятли фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро ташкилотлардан бирига айланди. Бир ҳафта давом этган ушбу халқаро анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда иқтисодиёт, молия, банк, инвестиция ва туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди, тадбир доирасида Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларимизда бўлиб, у ердаги янгиланишлар, ўзгариш­лар билан яқиндан танишди. Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнини, айниқса, одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш борасидаги ишларни юқори баҳолади. Мутахассислар юртимизда молия муассасалари ҳисоботларини ўрганиш, таҳлил қилиш борасида халқаро аудиторлик фирмаларига ҳам кенг имкониятлар яратилганини ва алоқалар тобора ривожланиб бораётганини эътироф этди. Яна бир эътиборли жиҳати, мутахассислар халқаро анжуман жарёнида ҳамда тарихий шаҳарларга саёҳат давомида нуфузли молия ташкилотларининг газета ва журналларида, Интернет саҳифаларида ушбу анжуман ва Ўзбекистондан олган бой таассуротлари ҳақида тезкор хабарлар, материллар эълон қилиб турди. Шунингдек, улар ўзбек халқининг бой миллий урф-одатлари, тарихий обидалари, зиёратгоҳлари билан танишиш жараёнида яна бир бор лол қолганини айтиб, бу бой мерос бутун дунё сайёҳлари эътиборини тортишига ишонч билдирди.

Мутахассислар ушбу йирик тадбир замонавий ва халқаро амалиётлар уйғунлигида мамлакатимизда бизнесни ривожлантириш борасида янги таклифларни ишлаб чиқиш, ишбилармонликни тараққий эттиришга хизмат қиладиган чора-тадбирларни режалаштиришга катта имконият яратади, дея баҳолади.

Жамшид КАРИМОВ,
 “Grant Thornton” компаниясининг
Халқаро аудиторлик ташкилоти бош директори,
халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашига
ЎзМТДПдан сайланган депутат

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг