52 мурожаатга ечим топилди

0
4

Халқ вакилининг фидойилиги, ўз вазифасини сидқидилдан бажариши аҳоли фаровонлиги ва унинг манфаатларини таъминлашга хизмат қилади. Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган депутат Абдусалом Ҳимматов бугунги янги даврга мос фаолият кўрсатиб, сайловчилар ишончини оқлаш учун астойдил ҳаракат қилаётган халқ вакилларидан бири. Буни унинг сайловчилар билан доимий алоқада бўлиб, муаммоларни ҳал этишдаги фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. 

— Биз депутатлар олдидаги муҳим вазифалардан бири мутасаддилар масъуллигини ошириш, муаммоларга уларнинг эътиборини қаратиш ҳисобланади, — дейди А.Ҳимматов. — Президентимизнинг “депутатга беписандлик — халққа беписандлик, деб баҳоланиши шарт. Халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради”, деган фикрлари бугунги фаолиятимизга асос бўлиши керак. Жорий йилнинг ўтган даврида юборилган 14 депутатлик сўровининг барчаси ижобий ечимини топгани, оғзаки мурожаатларимизнинг аксарияти жойида ҳал этилаётгани ишимизнинг янада унумли бўлишини таъминламоқда. Бундан, албатта, халқ рози, одамлар мамнун.

Депутатнинг ташаббускорлиги, кўпгина масалаларнинг ижобий ҳал бўлишига ёрдам бераётгани Шаҳрисабз туманидаги “Қутчи” қишлоқ фуқаролари йиғинига қарашли Ҳазора, Хитой қишлоғи аҳолисининг А.Ҳимматовга мурожаат қилишига туртки берди. Уларнинг айтишича, ҳудудда ичимлик суви муаммолигича қолаётгани аҳолига қийинчилик туғдирмоқда. Депутат мавжуд ҳолатни обдон ўрганиб, вилоят ҳокимлигига 4 маротаба депутатлик сўрови киритди. ЎзМТДП депутати олға суриб, ечимига интилаётган мазкур масала вилоят мутасаддилари эътиборини ҳам тортмай қолмади. Жорий йилнинг январь ойи охирларида Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида кўпгина муаммолар қатори “Қутчи” қишлоқ фуқаролар йиғини аҳлини ўйлантираётган бу муаммо ҳам ўртага ташланиб, ўша заҳоти ўз ечимини топди. Давлат бюджетидан салкам 1 миллиард 700 миллион сўм ажратилиб, сув қувурлари ётқизиш ишлари бошлаб юборилди.

— Умумий узунлиги қарийб 10 километр масофадан ошадиган қазув ишлари ҳадемай ўз ниҳоясига етиш арафасида, — дейди Абдусалом Ҳимматов. — Насиб этса, яқинда қувур ётқизилиб, аҳоли учун тоза ичимлик суви етказиб берилади, Қутчи ва Хитой қишлоқлари аҳолисининг бир неча йиллик орзуси ушалади.

Депутат фаолиятидан бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Жорий йил бошидан шу кунгача фуқаролардан келиб тушган 21 ёзма ва 31 оғзаки мурожаатнинг деярли барчаси ечим топиб, аҳоли манфаатлари таъминланди. 1987 йилда туғилган фуқаро Жасур Соҳибовнинг II гуруҳ ногиронлиги бўйича нафақага чиқарилгани, 11 фуқаронинг Шаҳрисабз туманидаги турли ташкилот ва муассасаларга ишга жойлаштирилгани, 12 йигит-қизга тадбиркорлик учун имтиёзли кредит ва томорқа ер ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилгани ҳамда беморлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга берилаётган моддий кўмак ва ғамхўрликлар бунинг ёрқин тасдиғидир.

Бугун “Обод қишлоқ” дастури доирасида кўпгина ҳудудларнинг обод ва кўркам қиёфа касб этаётгани одамларнинг ҳаётдан ва бугунги ислоҳотлардан мамнунлигини оширмоқда. “Қутчи” ҚФЙ ҳудудида ҳам мазкур дастур доирасида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бошланиш арафасида. Абдусалом Ҳимматовнинг фуқаролар йиғини ҳудудида 2 сув насоси қуриш бўйича туман ҳокимлигига киритган депутатлик сўрови мазкур дастур доирасида ўз амалий натижасини берадиган бўлди. Энди қутчиликлар тоза ичимлик суви билан бирга томорқа ва дала майдонларини суғоришда ҳам ҳеч қандай муаммога дуч келмайди.

“Чоршанби-Қамар-Оммағон” автомобиль йўлининг 14-30-километри автомашиналар учун қийинчилик туғдираётган эди. Депутатнинг 16 километр масофадаги ушбу йўлни таъмирлаш ва унга асфальт ётқизиш бўйича вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасига киритган депутатлик сўрови масъуллар томонидан алоҳида эътиборга олиниб, 2018 йилги манзилли дастурга киритилди, таъмир ишлари бошланиш арафасида.

Ёшлар бандлигини таъминлаш масаласи бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Шу боис депутат Абдусалом Ҳимматовнинг аҳоли билан мулоқот ва “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида амалга ошираётган ишлари — жойларда иш билан таъминланмаган, айниқса, уюшмаган ёшларга касб-ҳунар ўргатиш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга кўмаклашаётгани ўз натижасини бераётир.

— Ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан, — дейди Абдусалом Ҳимматов. — Шундан келиб чиқиб, жойларда қонунчилик ижросини кучайтириш олдимизга қўйилган вазифаларни тўлиқ бажаришнинг кафолатидир. Бу ёшлар тарбияси ва улар бандлигини таъминлашда яхши самара бермоқда.

Акбарали ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзМТДП Қашқадарё вилоят кенгаши
бош мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг