Сессияга киритилган масалалар: ижобий ҳал қилинмоқда

0
7

Юртимизнинг қадим ва бой тарихи, нодир маданий мероси улкан туризм индустрияси асоси сифатида  мамлакатимизни жаҳон туризм марказларидан бирига айлантириш имконини беради. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси мамлакатимизнинг халқаро ижобий имижини шакллантиришда туризм­ни самарали восита деб билади ва уни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади, — дейди  ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси девони бўлим бошлиғи Илҳом Расулов.  — Партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларимиз партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб бормоқда. Улар республикамиздаги туризм манзиллари, аэропортлар, меҳмонхоналар фаолияти, уларнинг сервис ва сифат даражасини ўрганиб чиқди.

Бунда турли муаммолар, жумладан  вилоятлардаги айрим меҳмонхоналарда хизмат кўрсатиш даражаси талабга жавоб бермаслиги, малакали мутахассислар етишмаслиги аниқланди. Демак барча ҳудудда туризмга алоқадор ташкилотлар соҳа учун кадрлар тайёрлайдиган олий ўқув юртлари билан алоқани янада мустаҳкамлаши зарур бўлади. 2018 йилнинг 6 ойи давомида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги ЎзМТДП гуруҳлари ташаббуси билан Кенгашлар сессияларига туризм ҳамда сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш бў­йича жами 20 ташаббус-масала киритилди. Сессия қарорлари қабул қилиниб, тегишли мутасаддилар зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам туризм салоҳиятини янада ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудуднинг сайёҳлик имконияти кенглиги, мозий ва келажакдан сўзловчи иншоотлар кўрки қорақалпоқ халқининг меҳрига йўғрилиб, меҳмонларга ўзгача сурур бахш этади. Шу боис гўшани кўришга қизиқувчилар, уларнинг урф-одатларини чуқур ўрганиш ва тадқиқ этувчилар сони кундан-кунга ортиб бораётгани бежиз эмас.

Мазкур ҳудудда туризмни ривожлантиришга қаратилган бир нечта масала партия гуруҳларимиз ташаббуси билан Кенгашлар сессияси муҳокамасига киритилди. Жумладан, халқ депутатлари Амударё туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи ташаббуси билан сессияда туманда туризм ва миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ва туризмни ривожлантириш масалалари бў­йича ўринбосарининг ҳисоботи эшитилди. Муҳокама якунлари юзасидан қарор қабул қилиниб, вазифалар белгиланди.

Ўтган даврда мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида муайян ишлар амалга оширилди. Республика миқёсида тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, тумандаги Чилпиқ тарихий ёдгорлиги ҳудудини ободонлаштириш, дренаж ишларини олиб бориш, санитар-гигиеник шохобча қуриш, атрофида пиёдалар йўлакчасини ташкил қилиш белгиланган. Ушбу тарихий ёдгорликни туман туризм марказига айлантириш мақсадида атрофида тунги ёритиш чироқлари ўрнатиб, сайёҳлар дам олиши учун “қора уй” (ўтов)лар ҳамда овқатланиш маскани, ҳовузлар ташкил қилиш ташаббуси билан чиқилди. Хусусан, туманда дам олиш маскани ташкил қилиш бўйича “Баҳодиров Бекзоджон” оилавий корхонаси томонидан таклиф келиб тушган, ҳозирда ушбу корхонага дам олиш маскани ташкил қилиш учун “Тўлқин” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан ер майдони ажратилиб, қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, аҳоли хонадонларини меҳмон уйларига айлантириш бўйича хонадонлар хатловдан ўтказилиб, бешта хонадон меҳмон уйлари сифатида тайёр ҳолга келтирилди.

“Ўзбекистон бўйлаб сайёҳат қил” дастури доирасида туман аҳолисининг бошқа туман ва шаҳарлар, тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар, музейларга ташрифини ташкил этиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тасдиқланган “Йўл харитаси” асосида саёҳатлар уюштирилмоқда. Жумладан, ҳозирги кунгача тумандаги идора ва ташкилотлар, маҳаллалар ҳамда мактаб ўқувчиларидан иборат жами 18 мингга яқин фуқаролар Нукус шаҳридаги И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейига ҳамда қадимий Хива, Бухоро, Самарқанд шаҳарларига саёҳат қилдилар. Оролбўйининг туризм ва экотуризм салоҳияти ҳақида ўзбек, рус ва инглиз тилларида каталог, китоб ва флайерлар тайёрланган.

Ҳудудда сайёҳлар оқимини кенгайтириш мақсадида замонавий меҳмонхона ва ахборот маркази қурилиши ҳам режалаштирилган. Бу борада “МПМК-304” масъулияти чекланган жамияти томонидан лойиҳа тайёрланган.

Маълумки, ҳунармандчилик халқимизнинг бой тарихи ва маданиятидан дарак берувчи халқ амалий санъат тури саналади. Унда муайян халқнинг тарихи, маданияти акс этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “Ҳунарманд уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтамоқда.

— Туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар ҳудудда ҳунармандчиликни ривож­лантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда, — дейди халқ депутатлари Амударё туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи раҳбари Ширин Янгибоева. — Тумандаги 24 ҳунарманд билан суҳбатлашилгач, улар “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлди. “Микрокредитбанк” АТБ бугунга қадар 18 ҳунармандга жами 555 миллион сўмлик, манзилли дастурга кирган фуқароларнинг 5 нафарига 174 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратди.

Халқ депутатлари Қонликўл туман Кенгаши сессиясига киритилган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги “Ички туризмни янада ривож­лантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш тўғрисида”ги ташаббус-масала юзасидан қабул қилинган қарор доирасида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Туманда этномаданий мерос­нинг сақланиши, миллий ҳунармандчилик ва маданий меросни тарғиб қилиш, ички туризм соҳасидаги имкониятларини юзага чиқариш мақсадида “Etno Karavan Saray” фестивали ташкил этилди. Миллатлараро дўстликни ифода этувчи маданий марказ — замонавий ва миллий “Arba” этномаданий маркази очилди. Туманда музей ҳам ташкил этилди. Ундан жами 800 га яқин экспонатлар, электротехник қурилмалар, турли йилларда фойдаланилган почта ускуналари ўрин олган. Бу ерга ташриф буюрган меҳмонлар музейдан туриб яқинларига “Қонликўл” маркали конвертларда хат йўллаш имконияти яратилган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, туризм истиқболли соҳа сифатида юртимиз тарихи ва маданиятини кенг тарғиб қилиб, дунё нигоҳи ва эътиборини ўзига жалб этаверади. Бу йўлда эса олдимизда турган масъулиятни ҳис этишимиз муҳим аҳамиятга эга. ЎзМТДП ҳам мана шу вазифаларни амалга ошириш йўлида кўмакдош.

Дилфуза МАҲКАМОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг