Партия ҳудудий ташкилотлари фаолияти танқидий таҳлил қилинмоқда

0
21

Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгашларининг кенгайтирилган йиғилишлари бўлиб ўтмоқда. Ярим йиллик сарҳисоб йиғилишларида партия ташкилотлари ва гуруҳлари фаолияти танқидий таҳлил этилаётир.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилоят кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши танқидий-таҳлилий руҳда ўтди. Унда партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги ЎзМТДП гуруҳларининг шу йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти сарҳисоби ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор  вазифалари муҳокама қилинди.

Кенгайтирилган йиғилишда ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов иштирок этди:

— Ўтган бир йил давомида партия ташкилотлари ва гуруҳлари фаолияти жонланди, қуруқ гаплардан, мантиқсиз тадбирлардан воз кечдик, партиямизда мутлақо янгича тизим шаклланди. Партиямиз томонидан ҳукуматга 6 масала бўйича таклифлар киритилди. Шулар орасида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, туризмни янада ривожлантириш, жаннатмакон юртимизга сайёҳларни кўпроқ жалб этиш масаласи партия сайловолди Платформасида белгиланган асосий вазифаларимиздан бири ҳисоб­ланади. Лекин бу борада ҳали вилоятда олиб борилаётган ишларни қониқарли деб бўлмайди. Бухоронинг бой тарихий меросидан унумли фойдаланиш, меъморий обидалар ва зиёратгоҳлар атрофини янада ободонлаштириш ишларига муносиб ҳисса қўшиш, тарғиб-ташвиқ этиш зарур. Бунинг учун вилоятдаги партия ташкилотлари ва гуруҳлари ташаббускор бўлиши лозим.

Ҳисобот даврида партия гуруҳлари аъзолари қонунлар ва ҳукумат қарорлари ижроси юзасидан тегишли мутасаддиларга 67, фуқароларнинг мурожаатлари асосида 133 депутатлик сўрови юборган. Бундан ташқари, партия гуруҳлари ташаббуси билан 38 нафар мансабдор шахснинг ҳисоботи тинг­ланиб, доимий комиссиялар йиғилишларида 24 таклиф муҳокама этилган. Албатта, бу рақамлар барча депутатлар фаолиятининг кўрсаткичи бўлолмайди. Депутатлик ваколатидан унумли фойдаланмаган, партия билан алоқани узган, партия ва депутатлик ишига совуққонлик билан қараётган вакиллар ҳам йўқ эмас. Шу боис халқ депутатлари Қоровулбозор туман Кенгаши депутатлари Азим Ортиқов ва Абдумажит Ҳамидов депутатликдан муддатидан олдин чақириб олинди. Бундан кутилган асосий мақсад — депутатларимиз фаоллиги ва ташаббускорлигини оширишдан иборат, — деди ЎзМТДП раҳбари.

Партия етакчиси ЎзМТДП Пешку, Ромитан, Қоракўл, Олот, Ғиждувон туман кенгашлари фаолиятини танқид қилди. Аҳоли ва депутатлар билан тизимли ишлашни ташкил этиш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, депутатлик сўровларига айрим ижро ҳокимияти вакиллари жавоб бермаганлиги, бундай ҳолатда халқ вакиллари ўз ваколатларидан самарали фойдаланишида қатъиятли бўлиши зарурлиги қайд этилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Истат Камолова танқидий руҳда кечган йиғилишда билдирилган ҳар томонлама асосли фикрлардан хулоса чиқариб, амалий ишларни янада жонлантириш ва жадаллаштириш зарурлигига эътибор қаратди. Ғиждувон туманидаги “Қўрғон” маҳалласида жойлашган Тоқи Қаймоқфурушон ҳамда турли хасталикларга даво бўлувчи тарихий Тош ҳаммом мажмуаларини қайта таъмирлаш ва реконструкция қилиш таклифини илгари сурди. Унинг фикрича, ушбу мажмуаларнинг қайта ишга туширилиши туризм ривожига ҳам салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.

Шунингдек, йиғилишда сўз олган халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Акмал Зияев партия гуруҳининг ўтган 6 ой давомидаги фаолиятига тўхталар экан, айрим депутатлар ўз ваколатидан тўлиқ фойдаланмаётгани, халқнинг ишонган вакили деган номга муносиб иш кўрсатмаётгани, бунинг оқибатида партия гуруҳи томонидан Кенгаш сессиясига бирорта ташаббус-масала киритилмаганлиги  ва, албатта, танқиддан тўғри хулоса чиқарган ҳолда йил якунига қадар фаолиятда туб ўзгаришлар қилиб, ижобий натижаларга эришилишини айтиб ўтди. Хусусан, партия гуруҳи Кенгашнинг навбатдаги сессиясига  2017 йил 19 майдаги “2017-2019 йилларда Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳри туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ижроси юзасидан масала киритиш режалаштираётганлигини билдирди.

Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди. ЎзМТДП вилоят кенгаши раисининг ташкилий-партиявий ва кадрлар масалалари бўйича ўринбосари Мадамин Аслонов кенгаш раиси лавозими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Якунда партия вилоят кенгашининг жорий йил иккинчи ярим йилликдаги фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб олинди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 * * *

Президентимиз Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари билан бўлган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ҳамда парламентга йўллаган Мурожаатномасида бугун сиёсий партиялар олдига қўйилаётган талаблар, уларнинг амалга ошираётган ишлари ҳамда партия фракцияси билан маҳаллий Кенгашлардаги депутатларнинг фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, қатор таклифларни билдирган эди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида ўтган даврдаги фаолиятга айни шу жиҳатлардан келиб чиқиб, баҳо берилди.

ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши, партия шаҳар ва туман кенгашлари, Жўқорғи Кенгесдаги ЎзМТДП фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги ЎзМТДП гуруҳлари амалга ошириши лозим бўлган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

— Ўтган 6 ой давомида партия фаолиятида асосан амалий ишлар, лойиҳаларни йўлга қўйишга эътибор берилди, –– деди ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Тожибой Романов. — Хусусан, “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида ўтган даврда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 38 ўқув курси ташкил қилиниб, уларда 280га яқин ёшга қўшимча бепул таълим бериб келинмоқда.  Эндиликда фаолиятимизда Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ”, “Ёшлар — келажагимиз”, “Ҳар бир оила — тадбиркор” давлат дастурларининг ижросини таъминлашга кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Бу борада бир қатор вазифаларни белгилаб олдик. Ҳисобот даврида электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Жўқорғи Кенгес ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга ЎзМТДПдан сайланган депутатлар 293 депутатлик сўровини амалга оширди. Партия гуруҳлари ташаббуси билан 40 мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланиб, маҳаллий Кенгашлар сессияларига 14 ташаббус-масала олиб чиқилди, уларнинг аксарияти ижобий ечим топди.

Йиғилишда қайд этилганидек, Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилотлари ва гуруҳларида муваффақиятли амалга оширилган ишлардан яна бири “Уйма-уй” лойиҳасидир. Унинг доирасида ўтган 6 ой ичида жами 680дан зиёд хонадонга кирилди. Демак, бу камида 2 мингдан зиёд кишининг ҳолидан хабар олинди, дарду ташвишлари тингланди, деганидир. Бунинг натижасида 131 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, бир қанча ёшлар ва хотин-қизларга имтиёзли кредит берилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Шу билан бирга, ўз фаолиятида сусткашликка йўл қўйган, давлат ва жамият ҳаётига оид масалаларни ҳал қилишдаги иштироки сезилмаётган партия гуруҳлари танқид остига олинди. Хусусан, халқ депутатлари Нукус шаҳар, Элликқалъа, Тахтакўпир, Қўнғирот, Хўжайли, Беруний, Кегейли ва Нукус туман Кенгашларидаги
ЎзМТДП гуруҳлари ўтган даврда сессияга ҳамда доимий комиссиялар йиғилишларига бирорта ҳам масала киритмаган. Беруний, Қораўзак ва Нукус туман Кенгашларидаги вакилларимиз мансабдор шахсларнинг ҳисоботини эшитиш ташаббуси билан чиқмаган. Хўш, буни қандай изоҳлаш мумкин? Юқорида номи саналган 8 шаҳар ва туман Кенгашларидаги партия гуруҳларимизда жами 38 депутат фаолият юритмоқда. Таъкидлаш жоиз, уларда бажариладиган ишлар, белгиланган вазифалар жадваллари мавжуд. Бу ерда масала ана шу вазифаларнинг қоғозда қолиб кетаётганидир.

— Партия гуруҳлари фаоллиги ЎзМТДП дастурий мақсадларини самарали амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоялаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси ўринбосари, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Жолдасбай Абдижамилов. — Зеро, бугунги сайловчини қуруқ ваъдалар, ҳисоботлар билан ишонтириб бўлмайди. Дунёқараши, тафаккури тобора юксалиб бораётган аҳоли халқ вакилларидан аниқ ишлар, ташаббуслар кутади. Бу эса депутатлик мақомига сазовор ҳар қандай киши зиммасига улкан масъулият юклаши, шубҳасиз. Модомики шундай экан, маҳаллий вакиллик органларидаги партия гуруҳларимиз, депутатларимиз ваколатларидан самарали фойдаланишлари, ўз фаолиятини янги босқичга кўтаришлари лозим бўлади. Бу борада барча кўрсаткичлар бўйича ўрнак бўлаётган партия гуруҳлари тажрибасини оммалаштириш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиб, келгусида сайловчилар ва электорат билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усул ва механизмларини татбиқ қилиш, ўз депутатлик ваколатларидан самарали фойдаланган ҳолда ташаббускорликни янада ошириш амалий натижаларга йўл очади.

Шунингдек, йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди.
ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раисининг Оила ва аёллар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига Қорақалпоқ давлат университети доценти, филология фанлари номзоди Инжайим Сейтназарова тайинланди.

Кенгайтирилган йиғилиш якунида партия Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг 2018 йил иккинчи ярмида амалга оширадиган устувор вазифалари бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди ва муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

* * *

ЎзМТДП Андижон вилоят кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида партия вилоят кенгаши раиси Ҳамиджон Омонов партия ташкилотларининг 2018 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти якунлари ва иккинчи ярим йилликдаги фаолиятининг асосий йўналишлари тўғрисида ахборот берди.

ЎзМТДП Марказий кенгаши раисининг ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова вилоятдаги партия ташкилотлари ҳамда гуруҳлари фаолияти борасида ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди.

Таъкидланганидек, ЎзМТДП сайловолди Платформасида туризм иқтисодиётнинг янада ривожланиш жараёнини тезлаштирувчи омил сифатида иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ечимида муҳим ўрин тутиши, қўшимча иш ўринлари яратилиши, иқтисодий фаол аҳолининг бандлигини ошириш, миллат фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши алоҳида белгиланган. Андижон вилоятида ҳам миллатимиз тарихини ўзида мужассам этган музейлар, тарихий обида ва ёдгорликлар, шунингдек, баҳаво ва хушманзара дам олиш масканлари, муқаддас зиёратгоҳлардан иборат сайёҳлик объектлари талайгина. Ҳисобот даврида партия ташкилотлари ва гуруҳлари ташаббуси билан 20дан зиёд объект бўйича туристик йўналишлар ишлаб чиқилди, маданий мерос объектларининг умумий рўйхати тузилиб, “Андижоннинг туристик салоҳияти” номли китоб чоп этилди. Мазкур асар нафақат ҳудудни ўрганиш, балки фуқаролик жамиятининг маънавий асосларини шакллантиришда аҳоли, айниқса, ёшлар орасида муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

— Партия Андижон вилоят кенгаши, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари шу йилнинг ярим йиллигида аҳоли ва электорат манфаатларини таъминлашга хизмат қиладиган самарали ишларни амалга оширди, — дейди вилоят кенгаши матбуот котиби Беҳзод Юсупов. — Жумладан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессиялари кун тартибига ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожига хизмат қиладиган 12 та масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилингани аҳолининг партия ва депутатларга нисбатан ишончини янада оширмоқда. Халқимиз бугунги янги даврда депутатларнинг масъуллиги ва иштироки кучайиб бораётганидан мамнун.

Халқ депутатлари Андижон вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари жойларда қонунлар ва ҳукумат қарорлари ижроси устидан депутатлик назоратини амалга ошириш борасида 224 депутатлик сўрови юборган. Шунингдек, мансабдор шахсларнинг жойларда ижтимоий-иқтисодий масалаларнинг ҳал этилиши, давлат дастурларининг амалга оширилиши тўғрисидаги ахборотларини эшитиш ташаббусини илгари суриб, 49 мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланган, доимий комиссиялар йиғилишларида 39 таклиф муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинган.

“Уйма-уй” лойиҳаси доирасида аҳоли, айниқса, ёшлар мурожаатларини ўрганиш юзасидан тизимли ишлар ташкил этилган бўлиб, партия шаҳар ва туман кенгашлари томонидан депутатлар билан ҳамкорликда 721 хонадонга борилган. Бу жараёнга жами 2 мингга яқин ёшлар қамраб олинди. Уларнинг 119 мурожаати тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ижобий ҳал этилгани эътиборга молик.

Бундан ташқари,  “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида партия вилоят кенгаши ҳамда халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати Қаҳрамон Отахонов ташаббуси билан “Гранд фарм” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида махсус ўқув курслари ташкил этилди. Айни пайтда бу ерда 232 ўқувчи таҳсил олаётир. Мазкур ўқув курсларида маҳаллий кадрлар билан бир қаторда Россия, Украина давлатларидан ташриф буюрган малакали мутахассислар ҳам таълим бермоқда. Битирувчиларга нафақат бепул таълим берилади, балки уларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам кўзда тутилмоқда.

Якунда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

* * *

 Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилоят кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида 2018 йил биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар, партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари олдидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

— Давлатимиз раҳбарининг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузасида белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш юзасидан партиянинг чора-тадбирлар дастури қабул қилинганига бир йил бўлди, — деди партия вилоят кенгаши раиси Ражаббой Рўзметов. — Шу асосда мамлакатимизда маънавий ислоҳотларни амалга ошириш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, миллий иқтисодиётда туризмнинг салмоғини кўпайтириш, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, вакиллик органларига партиямиздан сайланган депутатлар ҳамда партия ташкилотларининг фаоллигини кучайтиришга қаратилган партиявий ташаббуслар амалга оширилди. Хусусан, шу йилнинг ўтган даврида ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши томонидан партия ғояси ва мафкурасини кенг жамоатчиликка етказиш, партия имиджини ошириш, мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириш, қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш мақсадида 300дан ортиқ давра суҳбатлари, тарғибот ишлари ўтказилди. Бироқ айрим партия туман кенгашлари бу масалаларга етарли даражада эътибор қаратмади.

— Айни пайтда маҳаллий вакиллик органларида ЎзМТДПдан сайланган 83 депутат фаолият кўрсатаётир — деди ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси котиби Ҳусниддин Ражабов. — Ҳисобот даврида улар томонидан сессиялар кун тартибига партия сайловолди Платформасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга доир 11 масала киритилиб, тегиш­ли қарорлар қабул қилинган. Аммо халқ депутатлари Урганч шаҳар, Гурлан, Қўшкўпир ва Ҳазорасп туман Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан сусткашликка йўл қўйилиб, жорий йил биринчи ярим йиллигида бирорта масала сессияга олиб чиқилмаган.

ЎзМТДП фаолиятида муҳим йўналишларидан бири бўлган хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда касб-ҳунарга йўналтиришга кўмаклашиш борасида Хоразм вилоят, туман ва шаҳар партия ташкилотлари “Аёллар қаноти” томонидан қатор ишлар амалга оширилди. “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасидаги 24 ўқув курсида 113 хотин-қиз касб-ҳунар ва тил ўрганяпти. Бу, ўз навбатида, хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, аёллар орасида сиёсий етакчилар тайёрлаш, уларнинг билимларини ошириш, миллий ҳунармандчиликка жалб этиш, иқтидорларини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан партия фаоллари, депутатлар ҳамда ёшлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

* * *

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилоят кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида партия вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Ғайратжон Тўйчибоев, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзоси Баҳодир Болтабоевнинг партия ташкилотлари ва гуруҳларининг 2018 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти якунлари ва иккинчи ярим йилликдаги фаолиятининг асосий йўналишлари тўғрисидаги ахбороти тингланди.

— Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси юртимизда сиёсий партиялар учун яратилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда ўз фаолиятини янгича асосда ташкил этмоқда, — деди Ғайратжон Тўйчибоев. — Партия вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ва депутатлар томонидан вилоятдаги маданий мерос объектлари ҳолати ўрганилди. Натижада 273 моддий маданий мерос объекти ҳақида ҳудудлар кесимида фото материаллар ҳамда улар ҳолатига доир маълумотлар жамланиб, ЎзМТДП Марказий кенгашига тақдим этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни ижроси бўйича халқ депутатлари Уйчи, Учқўрғон, Поп, Косонсой, Наманган туман Кенгашлари сессиялари кун тартибига масалалар киритилди.

— ЎзМТДПнинг дастурий мақсад-вазифаларини самарали амалга ошириш, электорат манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда партиямиздан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган депутатларнинг фаолияти алоҳида аҳамиятга эга, — деди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи
аъзоси Баҳодир Болтабоев. — Шу маънода 2018 йил биринчи ярим йиллигида маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ташаббуси билан Кенгаш сессиялари кун тартибига 32 масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. 37 мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланди. Доимий комиссиялар йиғилишларида 29 масала муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзМТДП гуруҳлари томонидан Наманган вилоятидаги мавжуд “Баркамол авлод” болалар марказлари, Ўзбекистон Республикаси “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонунининг вилоятдаги ижроси, Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоят ҳудудидаги ахборот-кутубхона марказлари фаолияти ўрганилди. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси асосида Поп туманидаги Чодак қиш­лоғида сайёҳлик инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда ички туризмни ривожлантириш юзасидан олиб борилаётган ишлар ўрганиб чиқилиб, бу борада тегишли маҳаллий Кенгашнинг қарори қабул қилинди.

2018 йил — “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш” йили Давлат дастури ижросини таъминлашда партиянинг фаол иштироки ва муносиб ҳиссасини таъминлаш мақсадида шаҳар ва туманларда ҳисобот даврида 18 маротаба сайёр қабул ташкил этилди. Унда аҳолидан турли масала ва муаммолар юзасидан 120га яқин оғзаки ва ёзма мурожаат келиб тушди. Шундан 29 таси жойида ижобий ҳал этилиб, 40 фуқарога тегишли тавсия ва тушунчалар берилди.

Кенгайтирилган йиғилишда иштирок этган ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Тўхтабоев, партия Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси девони бўлим бошлиғи Дониёр Тошбоев ва бошқалар партия фаоллари ва депутатлар олдида турган вазифалар, депутатлик сўровлари натижадорлигини янада ошириш, шунингдек, Марказий кенгаш томонидан тузилган ишчи гуруҳнинг партия шаҳар ва туман кенгашлари фаолиятини ўрганиш натижалари  юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

* * *

ЎзМТДП Жиззах вилоят кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ярим йиллик фаолият натижалари юзасидан ЎзМТДП Жиззах вилоят кенгаши раиси Сарвар Назарқосимов ахборот берди.

— Бугунги ўзгариш ва янгиланишлар даври партия ходимлари ва депутатлар масъуллигини янада оширишни тақозо этади,  — деди вилоят кенгаши раиси. — Айни кунда вилоятимизда ЎзМТДПдан маҳаллий вакиллик органларига сайланган 71 депутат фаолият кўрсатмоқда. Улар қонун ва ҳукумат қарорлари ижроси ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари асосида мутасадди раҳбарларга депутатлик сўрови юбориш, сессия ва доимий комиссияларга  масала киритиш борасида самарали фаолият юритиб келаётир. Жумладан, ҳисобот даврида улар 201 депутатлик сўровини амалга ошириб, шундан 181 тасини (90 фоизи) ижобий ҳал этишга эришган. Қолган 20 (10 фоиз) депутатлик сўровини ҳал қилиш бўйича ҳам чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Йиғилишда таъкидланганидек, “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида ўтган 6 ой давомида вилоят бўйича жами 429 хонадонга кирилиб, 300дан зиёд ёшлар билан суҳбат ўтказилди. 109 нафар йигит-қиз ишга жойлаштирилди, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган ёшларга 289 миллион сўм имтиёзли кредит олишига амалий ёрдам кўрсатилди, 147 нафар ишсиз ёшлар бўш иш ўринларига тавсия этилди, 203 мурожаат депутатлар назоратига олинди. Бу борада сусткашликка йўл қўйган партия туман ташкилотлари танқид остига олиниб, фаолиятни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда Президентимиз қарорлари асосида вилоятда сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар  таҳлил қилиниб, йўл қўйилган камчиликлар очиқ айтилди. Партия вилоят кенгаши томонидан ЎзМТДП дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, вилоят Маданият бошқармаси ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинган эди. Шу асосда Жиззах вилоятида музейлар ва фуқароларнинг хонадонларида сақланаётган 80дан ортиқ қадимий гиламларнинг ҳолати ўрганилиб, XIX-XX асрга оид кўплаб ноёб гиламлар мавжудлиги аниқланди. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилгач, мазкур масала кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлди. Лекин вилоят Маданият бошқармаси ходимлари партия билан ҳамкорликда иш олиб боришда “ўзларини четга олди”. Маданият бошқармаси билан партия вилоят кенгаши ўртасида чора-тадбирлар дастури мавжуд бўлишига қарамай, соҳага доир ўрганишларда ҳамкорлик етарли даражада эмаслигини қандай изоҳлаш мумкин?!

Шунингдек, йиғилишда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажармаётган туман кенгашлари ва партия гуруҳлари танқид остига олинди. Халқ депутатлари Ғаллаорол, Шароф Рашидов туман Кенгашлари депутатлари томонидан Кенгаш сессиялари кун тартибига бирорта ҳам масала киритилмаган. Ўз ваколатидан тўлақонли фойдаланолмаётган, сусткашликка йўл қўйган, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишда ўзларининг таъсирини кўрсата олмаётган халқ депутатлари Зомин туман Кенгаши депутати З.Алимов, Пахтакор туман Кенгаши депутатлари А.Андаев, М.Алқаров, Фориш туман Кенгаши депутати О.Ғаффоров, Янгиобод туман Кенгаши депутати Б.Жабборов фаолияти қониқарсизлиги қайд этилиб, уларга тегишли чора кўриш зарурлиги айтилди.

Йиғилишда ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова иштирок этиб, партия ташкилотлари ва гуруҳлари фаолияти юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтган йиғилишда муҳокама этилган  масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Муслима РЎЗИЕВА,
 ЎзМТДП Бухоро вилоят кенгаши
матбуот котиби,
Умида УЗОҚОВА,
Азамат САФАР,
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
Шоди ОТАМУРОД,
“Milliy tiklanish” мухбирлари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг