Мукаммал қонунлар мунозаралар асосида яратилади

0
6

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан янги қонун лойиҳалари муҳокамаси юзасидан мунозара ташкил этилди. Унда сиёсий партиялар фракциялари, Экоҳаракат депутатлик гуруҳи аъзолари, Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссиялари, парламент қуйи палатаси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи вакиллари, экспертлар, мутахассислар ҳамда журналистлар иштирок этди.

Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Акмал Саидов бошқарган тадбирда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан тайёрланган “Ёшлар ва болалар нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги ҳамда “Аёллар ва эркаклар ҳуқуқ ва имкониятлари тенглигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳалари муҳокама этилди.

Бугун мамлакатимизда 9 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 642 таси (7 фоизи) бевосита ёшлар ва болалар манфаатларини ифодалайди, холос. Аҳолининг  қарийб 60 фоизини 30 ёшгача фуқаролар ташкил этиши ҳисобга олинса, бу нодавлат нотижорат ташкилотлари мамлакат ёшларини тўлиқ қамраб ололмаслиги намоён бўлади. Айни шу маънода ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фаолиятининг кафолатини янада мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Ёшлар ва болалар нодав­лат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳим аҳамиятга эга.

Мунозара иштирокчилари мазкур қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама этди. Қонун лойиҳасининг долзарблиги, уни қабул қилишдан кутилаётган натижалар, молиявий маблағларни талаб қилиши, ёшлар ва болалар масалаларида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ижтимоий шерикликни ривожлантиришга кўрсатадиган таъсири юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг ажралмас қисми сифатида ушбу йўналишдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини самарали амалга ошириши учун давлат мулкидан беғараз фойдаланиш, моддий жиҳатдан барқарорлигини таъминлашда субсидиялар ажратиш, молиялаштириш асосларини янада такомиллаштириш ҳамда уларда волонтёрлик фаолиятини олиб боришнинг ҳуқуқий асос­ларини мустаҳкамлаш долзарб аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди.

— Ушбу қонун лойиҳаси ёшлар сиёсатига доир фаолиятнинг узвий давомидир, — деди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Жаҳонгир Ширинов. — Шу боис мазкур қонун ло­йиҳаси ғоясини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Шу йилнинг 27 июлида Президентимиз жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш, бунда тушунтириш ишларини олиб бориш зарурлигини таъкидлаган эди. Бу нафақат ҳуқуқни ҳимоя қилувчи соҳа ва давлат органлари, балки нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам зиммасидаги муҳим вазифадир. Шу ўринда савол туғилади: ёшларга оид нодавлат нотижорат ташкилотларининг бугунги фаолияти қониқарли даражадами? Албатта, етарли даражада эмас. Аввало, уларнинг сони мамлакатимиздаги ёшларни тўла қамраб ололмайди. Қолаверса, мавжуд 600 дан ортиқ ёшларга оид нодавлат нотижорат ташкилотларининг барчаси ҳам ўз фаолиятини талаб даражасида йўлга қўймаган. Бунинг учун, аввало, давлат уларни қўллаб-қувватлаши зарур. Шу нуқтаи назардан ҳам мазкур қонун лойиҳаси жуда муҳим. Аммо уни айни ҳолатдаги таҳрирда муҳокамага қўйиб бўлмайди. Ҳам ҳуқуқий, ҳам сиёсий нуқтаи назардан айрим камчиликлари мавжуд.

Фракция аъзолари ушбу турдаги ННТлар мақомини аниқлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидладилар. Яъни ёшлар ва болалар нодавлат нотижорат ташкилотлари деганда аъзолари ва ёши чекланган ташкилотлар тушуниладими ёки у умуман болалар ва ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган, ёши чекланмаган аъзолардан иборат бўлиши керакми? Қонун лойиҳасида, аввало, мана шу нарсани аниқлаштириб олиш керак.

Баҳс-мунозараларда ўз позициясини билдирган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари  ёшлар ва болаларнинг ижтимоий ҳаётда шаклланиши, ривожланиши ва ўзини намоён этишида ННТлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, рағбатлантириш механизмларини шакллантиришни муҳим аҳамиятга молик масала, деб ҳисоблашини маълум қилди. Фракция, биринчи навбатда, ёшлар парламенти механизмини, ёшлар муаммоларини ўрганиш ва улар ҳақида ваколатли давлат органларини ўз вақтида хабардор қилиш ҳамда Олий Мажлис, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари фаолиятига ёшлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қонунчилик нуқтаи назаридан тартибга солишга кўмаклашиш учун ташкил қилинадиган ННТ шаклларини жорий этишга эътибор қаратди. Шунингдек, қонун лойиҳасининг айрим нормаларидаги ғализликларни тартибга солиш зарурлигини таъкидладилар. Жумладан, бу турдаги ташкилотларга субсидия ажратиш масаласи назарда тутилмоқда. Аммо бу қатор қонун ва қонуности ҳужжатларида белгиланган.

Фракция аъзоларининг фикрича, ёшлар ва болаларга оид ННТларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг республика ҳамда ҳудудий дастурларини амалга ошириш масалаларини ҳуқуқий тартибга солиш ҳам муҳим омил ҳисобланади. Лойиҳани айни шу нуқтаи назардан такомиллаштириш, ундан сўнг қуйи палата муҳокамасига киритиш зарурлиги айтилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси  фракцияси “Ёшлар ва болалар нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйишни таклиф этди. Боиси ёшлар ва болалар манфаатларига доир барча масалани қамраб оладиган тегишли давлат дастурларини амалга оширишда ёшлар ва болалар нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли жуда муҳим. Ўзбекистон ХДП дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, партия фракцияси қонун лойиҳасида болалар, жумладан ногирон болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўрни аниқ белгилаб қўйилиши мақсадга мувофиқ, деган фикрни илгари сурди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг сайловолди дастурида аёллар ва ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек, аҳоли турли қатламлари манфаатларини рўёбга чиқарадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланганидан келиб чиқиб, фракция мазкур қонун лойиҳасидаги асосий ғояларни қўллаб-қувватлаган ҳолда уни янада такомиллаштириш зарурлигини илгари сурдилар. Хусусан, механизмлари аниқ белгиланмагани, бу таҳрирдаги қонун билан кейинчалик кўп қийинчиликларга дуч келиш эҳтимоли борлиги таъкидланди. Ёшлар нодав­лат нотижорат ташкилотлари мақоми аниқ очиб берилмаган. Лойиҳада ёшлар парламентига тўхталинган, аммо механизмлар аниқ кўрсатилмаган. У Олий Мажлис билан келишган ҳолда фаолият юритиши белгиланмоқда. Аммо бунинг сабаби нимада? У алоҳида ННТ бўлса, ўз Низоми бўлади… Фракция аъзолари бу каби камчиликларни бартараф этиш учун лойиҳани қайта кўриб чиқиш керак, деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга, “Ёшлар ва болалар нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг 16-моддасида Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди маб­лағларининг 30 фоизидан кам бўлмаган қисми ёшлар ва болалар нодавлат нотижорат ташкилотларига ажратилиши белгиланаётгани, бироқ бу маблағларни ажратиш грант, ижтимоий буюртма ва субсидия шаклида амалга оширилиши, улар танлов асосида ажратилиши ҳисобга олинмагани, танлов талаблари белгиланмаганини қайд этди. Фракция ёшлар ва болалар нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалаларини тартибга солиш, уларнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари лойиҳада янада мукаммал акс эттирилиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзолари ҳам қонун ло­йиҳасининг ғоясини қўллаган ҳолда ундаги камчиликларга тўхталиб ўтди. Уларнинг фикрича, лойиҳада кўзда тутилаётган ёшлар парламентини ташкил этиш масаласи муҳим. Аммо ёшлар парламенти фаолиятини тартибга солиш масаласи атиги 3 моддада берилиши мақсадга мувофиқ эмас. Ёшлар парламентига оид алоҳида қонун ишлаб чиқиш зарур.

Мунозараларда парламент қуйи палатасидаги Ёшлар масалалари комиссияси вакиллари ёшлар манфаатларини ҳимоя қиладиган ННТлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур лойиҳани Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг муҳим ғояларидан бири сифатида қайд этиб, уни қайта кўриб чиқиб такомиллаштириш зарурлигини таъкидладилар. Уларнинг фикрича, ёшлар парламенти борасида халқаро тажрибани ўрганиш, парламент билан ишлайдиган тузилма сифатидаги ўрнини белгилаб бериш керак.

Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари ҳам мазкур қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар. Уни такомиллаштириш жараёнида ҳамкорликда ишлаш ва таклифлар беришини таъкидладилар.

Мазкур қонун лойиҳаси бўйича мунозара ва муҳокамалардан келиб чиқиб, уни янада такомиллаштириш мақсадида, аввало, миллий тажрибани, қолаверса, хорижий давлатлар ва халқаро тажрибани ўрганиш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари комиссияси ҳам ўзларининг муқобил вариантини ишлаб чиқиши мумкинлиги, шунда энг яхши лойиҳани муҳокамага киритиш имконияти юзага келиши айтилди.

Тадбирда “Аёллар ва эркаклар ҳуқуқ ва имкониятлари тенглигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам фракция­лараро қизғин муҳокамага сабаб бўлди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституцияси, Оила, Меҳнат кодекслари ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари юртимизда аёл ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини кафолатлайди. Аммо аёл ва эркакларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятлари тенглигини кафолатлайдиган ягона қонун мавжуд эмас. Шу боис лойиҳа муаллифлари томонидан таклиф этилаётган мазкур қонун лойиҳасида бу борадаги кўрсаткичлар статистикасини юритиш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг гендер экспертизаси ва бошқа қоидалар ўз аксини топмоқда.

ЎзМТДП фракцияси аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб “Аёллар ва эркаклар ҳуқуқ ва имкониятлари тенглигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ғояси ниҳоятда муҳимлигини таъкидладилар.

— Мазкур қонун лойиҳасида соҳага оид тушунчалар мазмуни очиб берилаётганлиги, аёллар ва эркаклар ҳуқуқ ва имкониятлари тенглиги кафолатланаётганлиги, жамоат ташкилотлари ва давлат органларининг бу борадаги ўрни ва ваколати белгилаб берилаётганлиги муҳим аҳамиятга эга, — деди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Зумрад Бекатова. — Аммо  лойиҳа камчиликлардан ҳам холи эмас. Масалан, лойиҳада Ўзбекис­тон Хотин-қизлар қўмитасининг роли ва ваколатлари ўз аксини топмаган. Маълумки, Хотин-қизлар қўмитаси нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиш билан бирга, уларнинг раислари ҳукумат аъзоси, ҳоким ўринбосари ҳисобланади. Хотин-қизларга оид кўплаб масалалар ушбу ташкилот зиммасига юклатилган. Шу боис лойиҳада унинг ролига оид меъёрлар ўз аксини топиши керак. Шунингдек, қонун лойиҳасини миллий қадриятларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Баҳс-мунозара давомида бошқа партиялар фракциялари аъзолари томонидан ҳам қонун лойиҳасининг ғояларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ундаги камчиликлар  кўрсатиб ўтилди. Шундан келиб чиқиб қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан зарур таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Муҳтарама РАМАЗОНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг