Энг улуғ, энг азиз байрам — мустақиллик куни ЎзМТДП ташкилотларида кенг нишонланади

0
4

Халқимизнинг асрий орзу-интилишлари, эзгу мақсадлари рўёбга чиққан буюк тарихий кун — 1991 йилнинг 1 сентябрь санасини юртимизда энг улуғ, энг азиз байрам сифатида доимо катта шоду ҳуррамлик билан нишонлаш анъанага айланган. Миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳа ва тармоқда шиддатли демократик янгиланиш жараёнлари амалга оширилаётган бугунги кунда биз учун бебаҳо неъмат бўлган мустақилликнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб боряпти.  Истиқлол халқимизнинг тинч, осуда ва фаровон ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мус­таҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Ватанимизнинг неча минг йиллик тарихида мутлақо янги саҳифа очган Ўзбекистон Мустақиллигининг йигирма етти йиллигини муносиб кутиб олиш ва нишонлаш мақсадида 2018 йил 28 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда бу йилги байрам тадбирларини “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури билан уйғун ҳолда ўтказиш кўзда тутилган. Шу кунларда жойларда буюк ва бебаҳо неъмат — Мустақиллигимизнинг 27 йиллигини кенг нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилаётир.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” мавзусида давра суҳбати ташкил этди. Унда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши вакиллари, Тошкент шаҳар ва туман кенгашлари раислари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

— Ўтган тарихий давр биз учун ғоят муҳим бир ҳақиқатни такрор ва такрор тасдиқлаб бермоқда, — деди Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига ЎзМТДП сайлаган депутат Турғун Азларов. — Эркин ва фаровон ҳаётимизни, буюк келажагимизни фақат мустақиллик асосида қуришимиз, халқимизни фақат мустақил сиёсат асосида рози қилишимиз мумкин. Мус­тақилликгина бугунги ва келгуси авлодлар учун мисли кўрилмаган имкониятлар эшигини очиб беради. Шу маънода, мамлакатимиз истиқлолини, у билан боғлиқ тарихий сана ва воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини чуқур англаш ва қадрлаш, ҳар томонлама муносиб нишонлаш ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётимизда алоҳида муҳим ўрин тутади. Шундай экан, партиянинг барча даражадаги ташкилотлари, депутатлик корпуси, фаоллари олдида бу жараёнда фаол иштирок этиш, Истиқлолнинг аҳамиятини ёшлар орасида кенг тарғиб қилишда ўрнак бўлиш каби муҳим вазифалар турибди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши Президент қарорига мувофиқ истиқлолнинг йигирма етти йиллигига бағишлаб тегишли ташкилотлар билан биргаликда “Энг улуғ, энг азиз”, “Ранглар жилосида — она диёр”, “Ватан учун яшайлик!” каби анъанавий кўрик-танловлар, турли байрам тадбирлари ва мусобақалар ўтказишни режалаштирган. Давра суҳбатида партия Тошкент шаҳар ва туман кенгашларида байрам муносабати билан амалга ошириладиган тадбирлар мазмун-моҳияти, уларни юксак савияда ўтказиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури тўғрисидаги” фармони келажагимиз эгалари ҳисобланмиш ёшларимиз орасида тадбиркорликни янада ривожлантириш ва уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарди. “Ҳар бир оила — тадбиркор” дас­тури эса мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фаол тадбиркорлик, инновацион ғоя­лар ва бунёдкорлик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш орқали одамларга муносиб  шароитларни яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилашда дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Бой ва қадимий тарихимиздан маълумки, аждодларимиз томонидан маҳаллаларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш энг бебаҳо қадрият сифатида эъзозланиб келинади. Бундай қадриятларимизни изчил давом эттириш орқали мамлакатимиз аҳолиси учун муносиб шароитлар яратиш, уларнинг турмуш маданиятини янада ошириш, энг асосийси, ёшларни хайрли ишларга даъват этиш мақсадида қабул қилинган “Обод маҳалла” дастури халқимиз томонидан муносиб кутиб олинди. Шу кунларда юртимиз бўйлаб кезиб юрган Истиқлолнинг 27 йиллик шукуҳи халқ манфаатларига қаратилган ушбу дастурлар ижросини таъминлашда бунёдкор халқимизга янгича куч-қувват бағишлаётир.

Давра суҳбатида ЎзМТДП Тошкент шаҳар ҳамда туман кенгашларининг байрам муносабати билан ўтказиладиган тадбирларга тайёргарлиги, уни янада кўтаринки руҳда ўтказиш, халқимизга ҳақиқий маънодаги байрам қувончларини улашиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди, вазифалар белгилаб олинди.

Равшан МАҲМУДОВ,
ЎзМТДП Тошкент шаҳар
кенгаши матбуот котиби

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг