ЎзМТДП “баркамол авлод” марказлари фаолиятини ўрганди: халқ таълими вазирлиги бу борада чора-тадбирлар белгилади

0
7

Бугунги глобаллашув ва ахборот асрида фарзандларимизни чегара билмас турли ёт ғоя ва оқимлар таъсиридан асраб-авайлаш, уларни фойдали машғулотларга жалб этиш, бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш ўта долзарб вазифа саналади. Келажак эгаларини ёшлигиданоқ ўзи қизиққан фан ва машғулотларга жалб этиш, бунинг учун қулай шарт-шароит яратиб бериш ўғил-қизларимизни муайян соҳага йўналтириш, етук мутахассис бўлиб етишиш, маънавиятини бойитиш, онгу тафаккурида бўшлиқ пайдо бўлмаслигига хизмат қилади. Бунда, айниқса, мактабдан ташқари таълим муассасалари муҳим ўрин тутади.

Мактабдан ташқари таълим муассасалари мактаб таълимидан очиқлиги, ижтимоий йўналтирилганлиги, мобиллиги,  унда бола ўзини тез намоён эта олиши, ижодий қобилиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаши билан ажралиб туради.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ЎзМТДП сайлов­олди Платформаси ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, ёшларга сифатли таълим бериш асосида уларни интеллектуал ва жисмонан баркамол ривожлантиришга қаратилган муҳим йўналишлардан келиб чиқиб, мактабдан ташқари таълим муассасаларида таълим сифатини таҳлил қилиш мақсадида юртимиздаги “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолиятини ўрганди. Ўрганишлар давомида ушбу  марказларга ўқувчиларни қамраб олиш ҳолати, тўгараклар фаолияти самарадорлиги, жамоатчиликнинг бу борадаги фикри, марказларнинг педагог кадрлар билан таъминланганлик даражаси, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, моддий-техник базаси ҳамда “Баркамол авлод” болалар марказлари ўқувчиларининг ҳудудлар, республика ва халқаро кўргазмалардаги иштироки каби масалаларга эътибор қаратилди. Бироқ ўрганиш натижалари мактабдан ташқари таълим узлуксиз таълим тизимининг муҳим босқичи бўлишига қарамасдан мазкур соҳада давлатнинг қатъий талаблари ҳали муқим шаклланмагани, турли муаммо ва камчиликлар мавжудлигини  кўрсатди.

— Ўсиб келаётган ёш авлодни маънан ва жисмонан баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг истеъдоди, иқтидорини юзага чиқариш ва қўллаб-қувватлаш ҳар бир ота-она, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, ва умуман, барчамизнинг зиммамиздаги устувор вазифадир, — дей­ди ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова. — Бу эса ўғил-қизларимизни мактабдан ташқари таълим муассасаларига кенг қамраб олиш, спорт, санъат ва бошқа фойдали машғулотларга жалб этишни тақозо этади. Мамлакатимизда бугун 211 та “Баркамол авлод” болалар маркази, 312 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 229 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, Ўзбекистон ёшлар иттифоқига қарашли 190 та  ёшлар маркази фаолияти йўлга қўйилган. Мактабдан ташқари таълим муассасалари ўтган асрнинг 90-йилларигача саноқли бўлган бўлса, бугунга келиб бу тизимда минг­га яқин таълим-тарбия муассасаси фаолият кўрсатаётганини кузатиш мумкин. Шу билан бирга мактабдан ташқари таълим ривожига нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бироқ партиямизнинг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатларининг мазкур йўналишдаги ўрганишлари натижасида маълум бўлдики, мактабдан ташқари таълим тизимига умумтаълим мактабларидаги жами 5  миллион 248 ярим мингга яқин ўқувчининг атиги 9,88 фоизи жалб қилинган. Яъни, болалар мусиқа ва санъат мактабларига 87 минг 107 нафар (1,65 фоиз), “Баркамол авлод” болалар марказларига 130 минг 304 нафар (2,48 фоиз), болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига 301 минг 635 нафар (5,74 фоиз) ўқувчи қамраб олинган холос. Қолаверса, муассасаларда ўқувчилар қамрови камлигидан ташқари қатор муаммо ва камчиликлар борлиги, имкониятлардан етарлича фойдаланилмаётгани аниқланди.

Партия вакилларининг ўрганишлари давомида “Баркамол авлод” болалар марказларининг аксарияти, яъни 192 таси мослаштирилмаган биноларда фаолият юритаётгани маълум бўлди. Бу эса ўқувчиларни мазкур марказларга жалб этишга монелик қиладиган асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Айрим туманларда “Баркамол авлод” марказлари учун ажратилган бинода умуман бошқа ташкилотлар жойлашиб олгани таассуфланарлидир.

Мактабдан ташқари таълим муассасаларининг умумтаълим мактабларига нисбатан қандай масофада жойлашганини ҳам қайта кўриб чиқиш лозим. Чунки “Баркамол авлод” болалар марказларининг ҳудудлар бўйича жойлашуви ўрганилганда, таълим муассасасига энг яқини 2,5 километр, энг узоғи эса 200 километр масофада жойлашгани кузатилди. Масалан, Навоий вилояти Томди туманидаги “Баркамол авлод” болалар маркази умумтаълим мактаб­ларидан 190 км узоқда жойлашган. Лекин шунга қарамасдан ушбу марказга 180 нафар ўқувчи қатнамоқда. Бу эса ўқувчиларнинг интилишлари юқори эканлигини, уларни рағбатлантириш ва эҳтиёжларини қондириш зарурлигини кўрсатади.

Бугунги кунда ҳар бир “Баркамол авлод” болалар марказида ўрта ҳисобда 10 тадан 30 тагача турда тўгараклар фаолият олиб бормоқда. Янги тўгарак­ларни ташкил этишда жамоатчиликнинг фикри ва таклифини инобатга олиш, ўқувчиларнинг қизиқиш ва интилиш­ларидан келиб чиққан ҳолда ёндашиш лозим. Кўп ҳолларда спорт йўналишида тавсия этилган шахмат, шашка, стол тенниси, бадиий гимнастика тўгарак­ларининг фаолияти “Баркамол авлод” болалар маркази эътиборидан четда қолган. Ваҳоланки, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқотлар, сўровлар ушбу йўналишдаги тўгарак­ларга эҳтиёж юқори эканлигини кўрсатди. Спорт йўналишидаги мавжуд тўгарак­ларнинг ҳаммаси ҳам талаб даражасида фаолият кўрсатмаяпти, шароит ва имконият етарли эмас. Масалан, ўрганишлар давомида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида фаолият юритаётган ягона спорт тўгарагида спорт инвентарлари етишмайди: ўқувчилар сув ва қум билан тўлдирилган ҳар хил оғирликдаги қўлбола, турли пластик идиш­лардан ясалган “спорт инвентарлари”дан фойдаланмоқда.

“Баркамол авлод” марказларининг педагог кадрлар билан таъминланганлик даражаси ҳамда уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш борасидаги ишлар таҳлили бу борада ҳам қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди.

— ЎзМТДП вакилларининг ўрганишлари мобайнида педагог кадрларнинг ихтисослиги ҳар доим ҳам улар таълим бераётган соҳа талабига мос эмаслиги, кадрлар қўнимсизлиги тўгаракка қатнайдиган ўқувчилар сонининг кескин камайиб кетишига, тўгаракнинг ёпилишига сабаб бўлаётгани аниқланди, — дейди ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси девони бош мутахассиси Аҳлиддин Жумаев. — Шу боис мактабдан ташқари таълим тизими асосан ўрта махсус маълумотга эга кадрлар ҳисобига ташкил этилмоқда. Тўгарак раҳбарлари билан ўтказилган мулоқотлар давомида уларнинг соҳага доир билимлари етарли эмаслиги, ушбу йўналиш бўйича нодавлат таълим муассасаларида ойлик курсларда малака оширганлиги маълум бўлди. Мавжуд ҳолат таълим мазмунини замон талаби нуқтаи назаридан фан соҳасининг етук мутахассислари иштирокида такомиллаштириш лозимлигини кўрсатмоқда. Тошкент вилоятида педагог­ларнинг ҳар уч йилда бир марта вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида ташкил қилинадиган қайта тайёрлов курсларида малака ошириши белгиланган. Бироқ тизимдаги педагогларнинг 80 фоизи уч йилга етмасдан бошқа ишга ўтиб кетган. “Баркамол авлод” болалар марказларининг директорлари, директор ўринбосарлари ҳамда тўгарак раҳбарларигина малака ошириш ҳуқуқидан фойдаланмоқда, холос. Марказлардаги услубчи, мониторинг мутахассиси, иш юритувчи, кадрлар билан ишловчи мутахассис, ахборот-ресурс маркази мутахассиси, оммавий тадбирлар ташкилотчиси каби мутахассислар учун малака ошириш амалиёти йўлга қўйилмаган. Бу эса тизимда мутахассисларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги “Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида олий таълим муассасалари таркибида ташкил этилган махсус сиртқи бўлимларнинг бакалавриат таълим йўналишларига қабул ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ҳамда камида уч йил педагог амалий иш стажига эга бўлган, мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасалари эҳтиёжлари асосида тасарруфида ушбу таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан бериладиган тавсияномага эга педагог кадрлар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган. Аммо партия вакилларининг ўрганишлари давомида аксарият “Баркамол авлод” болалар маркази мутасаддилари ушбу имтиёздан бехабарлиги, айрим ҳолатларда бу имтиёздан саноқли кадрлар фойдалангани маълум бўлди. Бу эса тизимда маълумот алмашинуви, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини кадрларга етказиш борасидаги чора-тадбирларни кучайтиришни талаб этади.

Ўрганишлар натижасида аниқланган бу каби камчиликларни бартараф этиш масаласи халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ташаббуси билан бир қатор маҳаллий Кенгашлар сессияси муҳокамасига киритилди. Шунингдек, ўтказилган таҳлил натижалари ҳамда мазкур соҳани такомиллаштиришга оид таклифлар Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура ҳамда Халқ таълими вазирлигига тақдим қилинди.

— Яқинда Халқ таълими вазирлиги ЎзМТДП тақдим этган маълумот ва таклифлар асосида амалга оширилган ишлар юзасидан жавоб хати қайтарди, — дейди ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси девони бош мутахассиси Шаҳноза Султонова. — Унда маълум қилинишича, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган 76 нафар раҳбар ва ходимга тегишли интизомий чоралар кўрилган. “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича республика форумини ўтказиш белгиланган. Бундан кўринадики, ЎзМТДП ташкилотлари ва депутатларининг ўрганишлари фарзандларимиз баркамоллигига хизмат қиладиган мактабдан ташқари таълим тизимини такомиллаштириш, муаммо ва камчиликларини бартараф этишга туртки берди, дейиш мумкин.

ЎзМТДП ўрганишлар таҳлилидан келиб чиқиб, “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолияти сифати устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, педагог кадрларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, кадрлар тайёрлашга давлат буюртмаси тизимини шакл­лантириш, таълим йўналишларини қайта кўриб чиқиш, мамлакатимиздаги йирик давлат ва хусусий корхоналар базасида мактабдан ташқари таълим беришга ихтисослашган болалар технопарклари тармоғини шакллантириш, тизимга нодавлат таълим муассасаларини кенг жалб қилиш, уларнинг бу борадаги ташаб­бусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат грантларини жорий этиш каби қатор таклифларни илгари суради. Ушбу таклифларнинг амалиётга татбиқ этилиши мактабдан ташқари таълим тизими ривожига ҳисса қўшади. Бу, ўз навбатида, ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланган ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш, маданият муассасалари, “Баркамол авлод” болалар марказлари, мусиқа ва санъат мактаб­лари фаолиятини ривожлантириш учун бюджетдан маблағ ажратишни кўпайтиришга кўмаклашиш сингари дастурий вазифалари ижросини таъминлашга хизмат қилади.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири  

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг