Иқтисодиётнинг муҳим тармоғи — ЎзМТДП эътиборида

0
71

Юртимиз бой маданий-маънавий мероси, ўтмиш ва замон уйғунлашган шаҳарлари, юксак тафаккур ва турмуш тарзини ўзида акс эттирувчи урф-одату анъаналари, гўзал табиати, сўлим масканлари билан дунё сайёҳларини ўзига тортмоқда. Натижада Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар кўлами йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Бўстонлиқ туман кенгаши ҳам тарихий, маданий ва маънавий меросимизни асраб-авайлаш, ўрганиш, тарғиб этиш, уларни келажак авлодга бекаму кўст етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Зотан, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, ундан фойдаланиш борасида амалга оширилган ишлар нафақат тарихни ўрганиш, тарғиб қилиш, балки ҳудудда туризмни ривожлантиришга хизмат қилади. Бу борада ташкил этилаётган форум ва маънавий-маърифий тадбирларда соҳа истиқболлари, ёшлар туризми, мазкур йўналишдаги тадбиркорлик фаолияти учун кенг шарт-шароитлар яратиш масалалари ёшлар ва мутахассислар иштирокида муҳокама қилинмоқда.

Ҳудудда туризм соҳасини иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан жадал ривожлантириш, унинг туризм салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, туризм тармоғини бошқаришни тубдан такомиллаштириш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Заминимиз ўзининг бой тарихи, қадимий осори-атиқалари, ўтмиш ёдгорликлари, бетакрор табиати билан соҳа ривожида муҳим ўрин тутади. Шу боис Бўстонлиқ туманида туризм­ни ривожлантириш бўйича тегиш­ли ташкилот ва муассасалар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда тарихий обидаларни тиклаш ва қайта таъмирлаш, буюк аждодларнинг қадамжоларини обод этиш бўйи­ча таклифлар ишлаб чиқиш, миллий тарихимизни таълим муассасаларида ўқитиш юзасидан олиб борилаётган ишларни тизимли ўрганиш, бу борада ўқув дастурлари асосида амалга оширилаётган ишлар партия ташкилотларининг диққат марказида. Партия туман кенгаши “Ёшлар қаноти” фаоллари туманимизда ички туризмни ривожлантириш мақсадида ҳудудда бунёд этилган иншоотлар, тарихий қадамжо ҳамда обидаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига ёшларни кенг жалб этмоқда.

Хусусан, партия фаоллари, депутатлар ва ёшлар ҳар йили Бўстонлиқ туманида жойлашган тарихий обидалар, хусусан, Шайх Умар Валий Боғистоний  зиёратгоҳида бўлиб, ушбу тарихий обидани ҳашар йўли билан ободонлаштиришга кўмаклашиб келади. Қадамжони таъмирлаш, кенг ва обод зиёратгоҳга айлантириш, зиёратчиларга зарур шароитлар яратиш, ноёб манзарали дарахт ва гулларга бурканган маънавий-маърифий масканлардан бирига айлантириш доимий диққат эътиборимизда.

Шайх Умар Валий Боғистоний 1230 йилда таваллуд топган ва 90 йил умргузаронлик қилган. У ўз даврининг йирик авлиёси ҳисобланиб, мусулмон оламида таниқли алломалардан бўлган.

Мустақилликдан сўнг бу муқаддас қадамжо қайта тикланиб, ободонлаштирилди. Бу ерга келувчи хорижлик сайёҳлар ва юртдошларимиз сони йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Туманда туризм индустриясини анъанавий маданий-тарихий сайёҳлик билан бирга, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, ишбилармонлик туризми, спорт ва даволаниш-соғломлаштириш каби янги салоҳиятли турлар ҳисобига ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Соҳада кўрсатилаётган хизмат турларини кўпайтириш ва сифатини замон талабларига мослаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётир. Туризм масканларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замон талаблари даражасида юқори сифатли хизмат кўрсатиш шароитлари яратилаяпти.

ЎзМТДП туман кенгаши ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи жорий йилнинг тўртинчи чорагида туманда туризм, айниқса, ички туризм салоҳиятини ривожлантириш масаласини халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессиясига олиб чиқишни режалаштирган. Бу партия сайловолди Платформасидаги сайёҳлик инфратузилмасининг янада ривожланиши, сайёҳлар учун мўлжалланган объектларнинг ҳар томонлама мақбул бўлишини таъминлаш, хорижлик меҳмонлар учун мамлакатимизнинг халқаро нуфузини, мафтункорлигини оширишда асосий омил бўлган туристик фаолият манзилларида хизматлар сифатини яхшилаш каби мақсадлар ижросига хизмат қилади.

Соҳада бундай амалий ишларнинг олиб борилиши Бўстонлиқ туманига келувчи сайёҳлар оқимининг ортиши, шунингдек, аҳоли бандлиги таъминланишига ҳисса бўлиб қўшилади.

Жаҳонгир НУРМЕТОВ,
ЎзМТДП Бўстонлиқ
туман кенгаши раиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг