Эртаклар — яхшиликка етаклар, хўш, мультфильмлар-чи?..

0
130

…Болалигимда мультфильм кўрган куним байрам бўларди. Эсимда, “Зумрад ва Қиммат” мультфильми қачон бериларкан, деб соатлаб кутардим. Онам менинг хархашаларим боис ишдан қолиб бўлса-да, бирга мультфильм томоша қиларди. Сўнг “Зумраддек ақлли қиз бўлсанг, қўғирчоқ, ширинликлар олиб бераман,” дерди. Айнан Зумрадга ўхшашни орзу қилганим учун ҳам онамнинг гап­ларига индамай кўнардим…

Бугунги куннинг фарзанди мультфильмни бизга ўхшаб соатлаб кутиб ўтирмайди. Истаган вақти ота-онасининг компьютеридан ўзи хоҳлаган мультфильмини томоша қилаверади. Мультфильмлар сони кўпайиши билан бир муаммо пайдо бўлди: хўш, бугун болаларга қайси мультқаҳрамонни намуна қилиб кўрсатиш мумкин? Музюрак маликаними ё кун-фуга “хиром айлайдиган” панданими ва ёки тили чучукланиб болаларни ўзига мослаштираётган Сидними? Ёхуд аллақачон нафақат болажонларни, балки катталарни ҳам “аллалай” олган Маша ва Маймоқними?

Доно халқимизда “хўрозқанд чет элники деса, ётиб ялаш керак эмас”, деган гап бор. Глобаллашув аталмиш катта чархпалакнинг тўхтамай айланишида ушбу ибора болалар томоша қиладиган мультфильмларга ҳам дўниб бормоқда. Ёш авлод хориж мультфильмларини “ётиб” томоша қилмоқда.

Албатта, хориж мультипликаторлари бундай маҳсулот ишлаб чиқариш бобида жуда фаол. Уларда бу борада кўп йиллик тажриба бор, катта индустрия шаклланган, аниқ тизим ишлайди. Бироқ ғоя ва мафкура масаласи-чи? Четдан “экспорт” қилинаётган бу мафкуравий қуроллар таг замирида “оммавий маданият”нинг жирканч кўринишлари намоён бўлаётган бўлса-чи?

Аксарият хориж мультфильмларини кузатар эканмиз, бу шубҳаларимиз асосли эканига амин бўламиз.

Эътибор берадиган бўлсак, аксарият хориж мультфильмларида табиийлик йўқолган. Мисол учун, инсон ёки ҳайвон бош қаҳрамон сифатида олинган бўлса, унинг хатти-ҳаракат ва яшаш тарзи аслиятга тўғри келмайди. Бу оламни энди англаётган болада ёлғон тасаввурнинг шаклланишига туртки беради.

Ўзбек адабиётида масал деган жанр бор. Унда жамиятдаги турли иллатлар ҳайвон ва ҳашаротлар тилидан баён этилади. Бу маълум бир ҳудуд, минтақадаги ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг қандай кўринишда эканлигини очиб беришда қўл келади. Бу хусусиятни эртакларда ҳам учратиш мумкин. Фақат уларда масалдан фарқли ўлароқ
воқеа­-­ҳо­дисалар бор ҳолича баён этилади. Бугунги кун мультфильмларида ҳам хар ҳил зараркунанда ҳашаротларнинг қаҳрамонга айланиши (мисол учун, сичқон, қурт-қумурсқа, смурфлар ва ҳоказо) боланинг ривожланиб бораётган онгига зарар етказади. Унинг онгида зараркунанда ҳашаротлар аслида фойдали, яхши экан, қабилидаги фикрнинг пайдо бўлишига олиб келади.

Бундан ташқари, самовий жисм, ҳар хил мурватчаларнинг бош қаҳрамон қилиб олиниши ҳам боланинг реалликдан чекинишига, унинг табиий ҳаётдан узилиб қолишига сабаб бўлади. Яна бир гап. Ёш болалар учун мўлжалланган мультфильмларда севги-муҳаббат кадрларининг кўпайиб бораётгани ҳам ташвишли ҳол.

…Қўшнимнинг куйиниб айтган гаплари ёдимга тушади: болаларим билан мультфильм томоша қилиб ўтирибмиз. Бир пайт мультфильм қаҳрамонлари бўлмиш икки сичқонча бир-биридан бўса олиб қолди. Қизимнинг “ойи, улар нима қилишяпти?” деган саволига нима деб жавоб беришни ҳам билмай қолдим…

Яна “сеҳрли бўса” қурбақанинг шаҳзодага айланиб қолишига ёрдам берувчи унсур қилиб олингани ҳам ақлга сиғмайди. Ҳеч замонда ҳам шундай бўлиши мумкинми?

— Мультипликация бугун жуда катта тезлик билан ривожланиб, кенг қулоч ёзаётган соҳалардан бири, — дейди санъатшунослик фанлари номзоди Ҳамиджон Икромов. — Телетомошабинларнинг айнан анимацион фильмларга бўлган талаби юқори даражада. Уларнинг кенг оммалашишига анимациялардаги кучли динамика сабаб бўлмоқда. Чет эл мультфильмларидаги ранг-баранглилик, ёрқинлик, ҳаракат кетидан ҳаракат, конфликтга бой воқеалар, ёрқин либосли қаҳрамонлар томошабинни ўзига мафтун қилади. Бу каби жиҳатлар аслида кичик ёшдаги томошабинларга мўлжалланган киноларга қўйиладиган талабдир. Шу сабаб бундай мультфильмлар кундан кунга оммалашиб бормоқда. Унинг салбий таъсирлари ҳам шунга яраша бўлмоқда.

Бугун рус аниматорлари ишлаган “Маша ва Маймоқ” мультфильми кириб бормаган хонадон бўлмаса керак. Ҳатто оқила бекаларимиз фарзандларининг жимгина ўтиришлари учун ушбу мультфильм билан улар “оғзини мойлаб қўяётгани” ҳам бор гап. Қувноқ Машахон шўхликлар қилаверади, Маймоқвойнинг ўзига ёки уйига зарар етказаверади. Раҳмдил айиқ эса ҳар сафар уни кечираверади. Айёр Машанинг “шўхлик”лари (буни  безорилик десак, тўғрироқ бўлади) кучайса кучая­дики, камаймайди. Тўғри, бу ўринда қаҳрамон Машани бутунлай ёмонга чиқариб бўлмайди. У ёшгина қизалоқ, қилган хатоларини тузатмоқчи бўлади. Лекин ҳар сафар хатосини тузатиш учун қилинган саъй-ҳаракати Маймоқ учун янада қимматга тушаверади. Мана шу жимитдай қизалоқ ўйлаб топган қувликлар катта айиқнинг силласини қуритишга кифоя қилади. Машанинг китоблардан стул ясаш эпизодини бир эсланг. Маймоқвойнинг спортдаги ғалаба кубогини олиш учун жавонда терилган китоблардан фойдаланади. Бу ўринда Машанинг китобни оёқости қилиши, ундан шунчаки бир буюм сифатида фойдаланишини умуман оқлаб бўлмайди. Чунки бутун дунёда китоб ардоқланади, айниқса, мамлакатимизда китобга бўлган муносабат бутунлай бошқача.

Мультфильмни томоша қила туриб, томошабинда саволлар туғилади: Машахонни тергаб турадиган ота-онаси борми? Нега улар мультфильм давомида умуман кўриниш бермайди? Нега у айиқ билан яшайди?

Шу каби саволлар бола тугул катталарни ҳам ўйга толдиради. Балки буларнинг ҳаммаси ижодкор хаёлоти, фантазиясидир. Аммо бу болаларда ота-онасиз хоҳлаган ишни қилиш мумкин, деган фикрни шакллантирмасмикан? Митти қизалоқнинг айёрлиги афсуски, болаларимиз онгига сингиб бораётир.

…Яқинда опамникига бордим. Беш ёшли жияним гапни гапга қовуштирмай, тўполон қилаверди. Опам танбеҳ берса, лаб буриб худди Маша сингари аразлаб олди. Ёқимсиз машғулотига рухсат теккач, аразини қўйди.

Жиянимдан “нега бундай қилдинг, ойингни ранжитяпсан-ку?”, деб сўрасам, у: “Маша ҳам шунақа қилади-ку. Тўполон қилаверса ҳам барибир Айиқ кечиради. Ойим ҳам доим мени кечириб айтганларимни қилади”, деди.

Ҳайратдан ёқа ушлаб қолдим…

Бу қандай ҳолат бўлдики, фарзандларимиз очиқ-ошкора мультқаҳрамонларга тақлид қилиб, ота-оналарига бўйсунмай қўйди? Беш ёшли қизалоқнинг лаб буриши улғайганида катта можароларга сабаб бўлмайдими? Хўш, Маша қандай қилиб қизларнинг “кумири”га айланмоқда? Ахир ўзимиз қизимизни шўхлик қилганида, аразлаганида малласоч Машахон, дея эркалаб, уларни ушбу қаҳрамонга янада боғлаб қўймаяпмизми?

Фарзандларимизнинг бундай фикр­лаши, очиқ-ошкора миллий менталитетимизга тўғри келмайдиган мультфильмларга тақлид қилаётгани кишини ўйга толдиради. Бу борада психологлар болага ҳар бир нарсани аслидек тушинтиришни, уларни янглиш фаразлар билан чалғитмасликни маслаҳат беради.

— Боланинг нерв толаси жуда нозик, — дейди психолог Севара Турсунова.  — Унинг психологияси ҳам катталарникидан тубдан фарқ қилади. Болага асабий зўриқтирадиган, мия фаолиятига зарар етказадиган, катта куч талаб этадиган кино, мультфильм томоша қилишларига рухсат бермаслик лозим. Сабаби бола жангари, ур-сур, шовқинга бой тасвирларни томоша қила туриб, кўрганларини жажжи миясида анализ-синтез қилади. Бу эса асабий зўриқишга олиб келади. Кечаси уйқунинг бузилиши, тагини ҳўллаб қўйишлик, хотиранинг заифлашуви каби нохуш ҳолатларни келтириб чиқаради. Бунинг олдини олиш учун улар томоша қилаётган кино, мультфильмларга эьтиборли бўлиш керак.

Дўкон пештахталарида ял-ял ёниб турган мультфильм дискини сотиб олаётганда, фарзандимизга “Болажон”, “MY5”, “ZO’R TV” (мазкур хусусий каналларда болалар соатида намойиш қилинадиган мультфильмлар) каналини қўйиб берганимизда уларда акс этган тасвирларга бефарқ бўлмайлик. Ўзбек тилига таржима қилинган “Мадагаскар”, “Ҳайвонлар шаҳри”, “Музлик даври” сингари мультфильмларда тилга олинган қўштирноқ ичидаги қизиқарли суҳбатлар, ҳолатлар ўзбек болалари орасида “мода” бўлишига, сўзлашув иборалари бўлиб қолишига йўл қўймайлик. Келгусида комил инсонни тарбиялайман, деган ният билан фарзанд ўстираётган ҳар бир ота-она бу жиҳатларга, албатта, сергак бўлиши лозим.

Хўш, чет элники бизга тўғри келмас экан, унда нима учун уларни харид қиляпмиз? Ўзимизнинг мультфильмлар миллий урф-одат ва анъаналаримиз, миллий маънавиятимизга тўғри келадими, жаҳон стандартларига жавоб берадими?

Ўзбек аниматорлари ишлаган мультфильмлар ҳамиша барчамиз учун севимли бўлиб келган. Айниқса, 1990 йилдан 2000 йилга қадар яратилган ўзбек мультфильмлари кўпроқ ёдга олинади, чамамда. Ўша пайтлар яратилган ва биз севиб томоша қилганимиз: “Зумрад ва Қиммат”, “Ака-укалар”, “Мешкоб” сингари мультфильмларни ҳамон ўзгача завқ билан эслаймиз. Албатта, улар бизнинг болалик хотираларимизда қолган. Балки шунинг учун жозибали туюлаётгандир?

Бугунги болаларда ҳамма имконият етарли. Мобиль телефон, компьютер ва интернетдан қандай фойдаланишни билган бола учун мультфильм томоша қилиш, унинг телевизорда намойиш вақтини кутиб ўтириш мутлақо қизиқ эмас.

Кино ижодкорларимиз яратаётган миллий мультфильмларда эътироф этадиган жиҳатлар ҳам бисёр. “Қари билганни пари билмас”, “Эгривой ва Тўғривой”, “Семурғ қуши” каби миллий мультфильмларимиз болаларни ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлишга, самимийлик, тўғри сўзликка ўргатиб, интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилаётир.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, сўнг­ги йилларда яратилаётган аксарият мультфильмларимиз учун бир умумий жиҳатни англаш қийин эмас. Биринчи эътибор қаратиш керак бўлган жиҳат — динамиканинг йўқлиги, яъни сохталик билан томошабинни алдаш. Ҳатто кичик ёшдаги болалар ҳам воқеаларга ишонмайди. Алпомиш, Тўмарис сингари миллатимиз қаҳрамонлари акс этган мультфильмларни кўриб, тўғриси, тарих ардоқлаган аждодларимиз ҳақида ҳам шундай мултьфильм яратиладими, дея афсусланасиз.

Эътибор беринг: халқнинг буюк фарзандлари жасорати ҳаракатлар сустлиги билан акс эттирилади. Жўн воқеа, уйғунлиги йўқ сўз ва тасвирлар жажжи томошабинни ҳам зериктиради. “Мен сизга айтсам…” мультфильмида лофчининг қўшниси ва хотинини алдаши, жуда кўп ёлғон гапириши, афанди қўшнисининг 999 тангасини олиб, уни чув тушириши, деҳқончилик орқали рақибини, бўялган қовун билан бойларни алдаши; “Тулки ва бедана” мультфильмида эса бедана тулкини алдаши ҳақидаги ва шуларга ўхшаш ўнлаб мультфильмлар фирибгарлик, бировларни чув тушуриш, ёлғончиликнинг улуғланиши каби ёт ғоялар тарғиботидек гўё.

Улардаги ижобий қаҳрамон салбий образ ёки хасис бойга фириб беради. Бу бола онгига ёмонга фириб бериш — яхшилик экан, деган тушунчанинг шаклланишини таъминлайди. Бу “олғир” жиҳатлари билан миллий маҳсулотларимиз ҳам хорижникидан сира қолишмаяпти.

— Ўзбек анимацияси ривожланиш босқичида, соҳа илдамлаб бормоқда, — дейди аниматор Бекзод Саломов. — Аммо кадрлар тайёрлаш масаласи  ҳамон долзарб бўлиб турибди. Чунки бу кишидан жуда катта меҳнат, изланиш ва албатта, сабрни талаб этади. Битта мультфильм учун ўртача 5-6 ой вақт керак бўлади. Хориж тажрибасини ўрганиш, уни амалиётга татбиқ этиш борасида ҳам талай муаммоларимиз бор. Яхши мультфильм яратишда мавзу танлаш, унинг ғояси жуда муҳим.

Биз катталар ёшлигимиздан кино, мультфильмларда кўрган қаҳрамонларимизга ўхшашни орзу қилганмиз, уларга ҳавас, қай ўринда тақлид ҳам қилганмиз. Аммо бугунги ёшлар қайси миллий кино ва мультфильм қаҳрамонига ҳавас қилишни билмайди. Болалар учун яратилаётган миллий мультфильмларнинг камлиги, борларининг ҳам савияси ҳаминқадар эканлиги ҳам айни ҳақиқат. Шундай бўлганидан сўнг мультфильм кўргиси келган болада нима айб? У мана бу ўзимизнинг миллий мультфильм экан, бу эса чет элнинг бузғунчи ғояларига йўғрилган фильми экан, деб ўтирадими? Йўқ, афсуски бола бундай қилмайди. Уни қайси бири жалб қилса, шуни томоша қилади-қўяди.

Президентимиз томонидан шу йил 7 август куни қабул қилинган “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор бу борадаги долзарб муаммолар ечимида катта аҳамиятга эга бўлиши билан бирга, ўзбек киноси, болалар мультипликацион фильмларининг мавқеини ошириш йўлида улкан қадам бўлди. Қарорда юксак савияли фильмлар суратга олиш кўламини кенгайтириш, уларни жаҳон бозорига чиқариш ва фестивалларда намойиш этиш, миллий кинематографиянинг энг сара асарларини тиклаш, замонавий форматга ўтказиш каби вазифалар белгиландики, бу “мудраб ётган” ўзбек киносига туртки бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

— Бугун жаҳонда кечаётган глобаллашув жараёни, мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилашнинг устувор вазифалари барча соҳа ва тармоқлар қатори кино санъати фаолиятини ҳам такомиллаштиришни талаб этмоқда, — дейди мультипликатор-режиссёр Асад Зиёхўжаев. — Миллий кинематография­ни янада ривожлантириш борасида қабул қилинган
Президент қарори бу йўлда қилинажак ишларнинг аниқ стратегиясини белгилаб берди. Аслида мазкур қарорда белгиланган вазифалар ва уларнинг аҳамияти ҳақида узоқ сўзлаш мумкин. Бунда биргина жиҳат — болалар учун мультипликацион фильмлар, юмористик киножурналлар суратга олиш масаласига урғу берилгани алоҳида эътиборга молик. Кейинги йилдан бошлаб мамлакатимизда йилига ўн бешта, 2022 йилдан бошлаб 50 мультипликацион фильм суратга олиниши белгилангани бу борадаги бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилади. Қолаверса, юртимиздаги ёш, истеъдодли ва истиқболли ижодкорлар малакасини ошириш мақсадида уларнинг хориждаги тегишли етакчи таълим муассасаларида мунтазам равишда таҳсил олишлари учун зарур шароитлар яратиб берилиши келажакда иқтидорли мутахассислар сони ва салмоғи ошишига хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарорига мултипликация соҳаси учун ҳам эътибор, ҳам рағбат, ҳам масъулият, деб қараш даркор. Бу масъулиятни сидқидилдан адо этиш учун тинимсиз изланиш, замон талабларини теран ҳис этган ҳолда янги, янада юксак савияли мултьфильмлар яратиш талаб этилади. Ана шундагина, маълум маънода, бизга қолдирилган меросни давом эттирган, келажак авлод олдидаги бурчимизни бажарган бўламиз.

Нигора НИШОНБОЕВА,
“Milliy tiklanish”мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг