Миллий тикланиш

Матн ҳажми
  • Increase font size
  • Default font size
  • Decrease font size
Home Сиёсат Концепция Очиқ мулоқот, аччиқ ҳақиқат

Очиқ мулоқот, аччиқ ҳақиқат

E-mail Print PDF

фаолиятимизни тубдан ўзгартириш зарурлигини кўрсатди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 12 июлда бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида парламент, сиёсий партиялар ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятидаги камчиликлар танқидий таҳлил қилинди. Сенатор ва депутатлар, сиёсий партиялар ўз олдида турган долзарб вазифаларни амалга ошириш, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнига кўмакдош бўлишда сусткашликка йўл қўяётгани аниқ далиллар асосида рўй-рост айтилди. Шу билан бирга, парламент фаолиятида таъсирчан ва самарали тизим яратиш, сиёсий партияларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш, депутатлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида қатор ҳаётий вазифалар белгилаб берилди. Айни пайтда мазкур дастуриламал маъруза парламент аъзолари, депутатлар ва сиёсий партиялар фаоллари орасида қизғин ўрганилиб, амалий таклифлар ўртага ташланмоқда, келгусидаги муҳим вазифа ва йўналишлар белгилаб олинмоқда, камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётир.

Албатта, Президентимиз маърузасида илгари сурилган ғоя ва таклифлар, танқидий таҳлиллар, белгиланган вазифалар ушбу тизимдаги ҳар бир вакилнинг зиммасига катта масъулият юклайди. Мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, фаолият самарадорлигини ошириш учун нима қилмоқ керак, деган саволга аниқ, ҳаётий жавоб топишга ундайди.

Сарвар ОТАМУРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари:

— Теран таҳлил, аниқ мисолларга асосланган маърузада бизнинг фаолиятимизга ҳам холис баҳо берилди. Бугун олдимизда қанчалик мураккаб ва масъулиятли вазифалар турганини ҳар бир партия, ҳар бир фракция аъзоси, депутатларимиз муфассал англаб етди, десам, асло янглишмайман. Видеоселектор йиғилишидан сўнг жуда кўп телефон қўнғироқлари бўлди. Сиёсий партиямиз ташкил этилганига, мана, тўққиз йил тўлди. Очиғи, биз ҳозиргача ўзимизнинг қатъий позициямизга эга эмасмиз. Партиямиз Ҳаракатлар стратегиясида қўйилган вазифалардан ортда юрибди. Ҳалигача ўзимизнинг дас­турларимизга ўзгартириш киритмадик.

“Миллий тикланиш” демократик партиясининг асосий вазифаларидан бири, бу — ёшларимизни “оммавий маданият” таъсиридан асраш, ҳимоялаш ҳисобланади. Бироқ бу борада, шунингдек, миллий маданиятимиз, маърифатимизни тарғиб этишда, таассуфки, кўзга кўринадиган иш қилдик, деб айтолмайман. Президентимиз уюшмаган ёшлар билан кўпроқ ишлашимиз кераклигини тўғри таъкидлаб ўтди. Дарҳақиқат, уюшган ёшлар ўз фаолиятини самарали олиб бораяпти. Лекин уюшмаган ёшлар-чи? Ким уларга эътибор қаратади? Очиғини айтсак, хижолатдамиз. Мана, бугун имомларимиз уйма-уй юриб, уюшмаган, диний оқимларга адашиб кириб қолган ёшлар билан учрашиб, суҳбатлар ўтказмоқда. Ушбу жараёнда ички ишлар тизими ҳам жуда яхши фаолият юритаяпти. Биз бу борада ҳам орқада қолдик. Уюшмаган ёшларни ўз мафкурамиз, ғоямизга, энг аввало, биз оғдиришимиз керак.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда ат-Термизийнинг устози — ал-Бухорийга муносабатини шундай изоҳлаб бердиларки, бу ҳеч қайсимизни бефарқ қолдирмади. Миллий ўзлигимизни янада чуқурроқ англашда буюк аждодларимиз меросини ўрганиш нақадар муҳимлигини ёш авлод қалбига сингдириш партиямиз мақсад ва вазифаларига жуда мос. Бунинг замирида, авваламбор, жаҳолатга қарши маърифат, деган ғоя ётибди. Шу жиҳатдан тарғибот ишларимизда мазкур масалага алоҳида эътибор қаратишимиз мақсадга мувофиқдир.

Дилфуза ЖАЛИЛОВА,

ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Президентимиз Шавкат
Мирзиёев раислигида ўтказилган Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантиришнинг долзарб масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ЎзМТДП ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмаларининг бу жараёндаги иштироки ва ўрни талаб даражасида эмаслиги алоҳида қайд этилди.

Давлат раҳбари билдирган асосли танқидий фикрларни таҳлил қилиш асносида бу борадаги ишларимизни ҳақиқатдан ҳам юқори босқичга кўтаришимиз, янги ташаббуслар билан чиқишимиз, мавжуд ваколат ва имкониятларимиздан самарали фойдаланишимиз зарурлигини англадик.

Партиямиз сайловолди Платформасида устувор вазифа сифатида белгиланган сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт ва меҳмонхона хизматлари, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, туристик фаолият манзилларида, халқаро аэропортларда, вокзалларда кўрсатилаётган сервис ва хизматлар сифатини яхшилаш борасидаги ишларимиз қониқарли даражада эмас. Бугунги давр ҳар биримиздан фақат турли мажлислару учрашувлар ёки матбуотда таклифлар айтиш билан чекланиб қолмай, мавжуд долзарб муаммоларни дадиллик билан кўтариб чиқиш, кенг муҳокама этиш ва уни тезкорлик билан ҳал қилишга кўмаклашишни тақозо этмоқда.

Мамлакатимизда улкан сайёҳлик салоҳияти — бой моддий-маданий мерос объектлари, муқаддас қадамжолар, бир-биридан сўлим гўшалар мавжуд. Шу боис ишга солинмаган мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, туризм соҳасидаги энг долзарб муаммоларни ҳал этиш, мамлакат сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш олдимизда турган муҳим вазифадир.

Туризмни ривожлантиришда ишни, энг аввало, аэропортларда сайёҳлар учун қулай шароит яратишдан бошлаш лозим. Чунки мамлакатга илк бор келаётган инсоннинг бу юрт ҳақидаги дастлабки таассуроти айнан шу ерда шаклланади. Турнақатор навбатлар, узоқ давом этадиган паспорт ва божхона назорати, юкларни олиш каби ишларни соддалаштириш, бу борада замонавий ахборот-коммуникация имкониятларидан самарали фойдаланиш вақти аллақачон келди.

Бундан ташқари, соҳадаги кадрлар масаласи ҳам энг оғриқли муаммоларимиздан биридир. Юртимизда туризм соҳаси учун қатор муассасаларда кадрлар тайёрланаётган бўлса-да, уларнинг сифати борасида ижобий фикр билдириш мушкул. Юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳларга Ўзбекистоннинг ўтмиши ҳамда ҳозирги куни тўғрисида малакали ахборот етказиш кўникмасига эга кадрлар — гид-экскурсовод, туристик ва меҳмонхона муассасалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг миллий тизимини шакллантириш лозим.

Туризм — иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларидан бири сифатида иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ечимида муҳим ўрин тутади. Хусусан, қўшимча иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтиришда мазкур соҳанинг ўрни беқиёс. Шу боис соҳага доир қонунчиликни янада такомиллаштириш, Президентимизнинг 2016 йил 6 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини қатъий назоратга олиш, бу борадаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалий таклифлар билан чиқишда депутатлар, шу жумладан, ЎзМТДП фракцияси аъзолари фаол иштирок этиши лозим.

Айни пайтда ЎзМТДП ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари Президентимизнинг танқидий фикрларидан тўғри хулоса чиқариб, туризмни янада ривожлантириш, соҳадаги муаммоларни ҳал этишга доир амалий таклифлар ҳамда чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқмоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, аҳолини иш билан таъминлаш, юртимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш ҳамда партия дастурий мақсад-вазифалари рўёбига хизмат қилади.

Ҳусниддин РАЖАБОВ,

ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси котиби:

— Давлатимиз раҳбари иштирокида бўлиб ўтган видео­мулоқотда парламент ва сиёсий партиялар фаолиятидаги камчиликлар танқидий таҳлил қилингани ўз ишимизни бугунги давр талаби даражасида ташкил эта олмаётганимизни кўрсатди. Ҳақиқатан ҳам олдимизда турган, ўзимиз масъул бўлган муҳим вазифалар ўзибўларчилик ҳолига ташлаб қўйилди. Фаолиятимиздаги масъулиятсизлик, қатъиятсизлик, ташаббус юқоридан бўлишини кутиб ўтириш ҳоллари партиямиз ғоя ва мақсад-вазифалари фақат қоғозда қолиб кетишига сабаб бўлди. Дастуриламал маърузани тинглаб, ишимизни ҳаётий, мутлақо янгича асосда қайта ташкил қилиш лозимлигини чуқур англаб етдик.

Партиямиз олдида турган вазифалар, сайловолди Платформаси ижросини таъминлаш ишлари, албатта, малакали кадрлар масаласига бориб тақалади. Ўз ишига масъулиятли, сиёсий-ҳуқуқий билими юксак, салоҳиятли кадрлар дастурий вазифаларимизни ҳаётга татбиқ этишга, сиёсий жараёнларда ташаббус кўрсатишга қодир бўлади. Президентимиз видеоселектор йиғилишида сиёсий партиялар тизимида кадрлар захирасини шакллантириш ва уларнинг малакасини ошириш, партиялар сафини билимли, ташкилотчи ва ватанпарвар ёш кадрлар билан тўлдириш масаласига алоҳида
эътибор қаратиб, “сиёсий партиялар ходимлари партия ишида тобланиши, шундан сўнг давлат органлари ва ҳокимликлар тизимидаги турли лавозимларга, жумладан, депутатлик лавозимларига асосий захира бўлишлари даркор”, деб таъкидлади. Дарҳақиқат, сиёсий партиялар кадрлари давлат органлари тизимидаги масъулиятли лавозимларга асосий захира бўлиши учун, аввало, улар шу ерда тажриба орттириши зарур. Аниқроғи, биринчи навбатда партиялар ўз кадрларини бугунги талаб даражасида шакллантириб олиши лозим.

Шу боис фракциямиз аъзолари томонидан йиғилишда сиёсий партиялар қошида ўқув марказлари ҳамда тадқиқот маркази ташкил этиш бўйича таклиф билдирилди. Дарҳақиқат, бундай ўқув марказлари партия ходимлари малакасини ошириш, уларнинг сиёсий жараёнлардаги билим ва кўникмаларини бойитишда муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, депутатлар, сиёсатчилар, ҳуқуқшунос олимлар ва экспертлардан иборат тадқиқот маркази ташкил қилиниши партия ғоя ва мақсадларининг ҳаётга тўла татбиқ этилишини таъминлайди. Яъни бунда партия илгари сураётган ҳар бир ғояни қандай амалга ошириш мумкинлиги, унинг чоралари, механизмини ўзида акс эттирган концепция — дастур ишлаб чиқилади. Дастурда мақсад-ғояларни амалга ошириш йўл-йўриқлари билан бирга, унинг молиявий асослари ҳам кўрсатиб ўтилади. Дастурий мақсад-вазифаларнинг жойлардаги ижроси тадқиқот маркази томонидан мунтазам мониторинг қилиб борилади.  Демак, ҳар бир сиёсий партиянинг ўз тадқиқот маркази бўлиши унинг сайловолди Платформаси ижроси тўла таъминланишига хизмат қилади.

Айни пайтда ЎзМТДП тизимида ана шундай ташкилий тузилмаларни жорий этиш юзасидан партиянинг мавжуд имкониятлари ўрганиляпти, ўқув ҳамда тадқиқот марказлари фаолиятини мазмунан бойитиш, такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиляпти, экспертларнинг хулосалари олинмоқда.

“Milliy tiklanish” мухбирлари

Муҳтарама КОМИЛОВА,

Аҳмад ЮСУПОВ ёзиб олди

 

Қадрият!!!

Sample image

Ватан туйғуси хар нарсадан устун.

Биласизми?

Одатда асалари уясида 60 000 дан 120 000 тагача ари бўлади.

***

Ўргимчак тўрини бири иккинчисини такрорламайди